Ўтган мавсум биринчи даврада “Обод”ни бошқарган Бобур Зуҳриддинов клубни тарк этди
Янги мавсумга тайёргарлик кўраётган “Обод” жамоасининг мураббийлар штабида бир қатор ўзгаришлар рўй берди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хусусан, “Обод”нинг олий лигага чиқишида катта ҳисса қўшган ёш мутахассис, ушбу мавсумнинг иккинчи қисмида ўринбосар таркибини бошқарган Бобур Зуҳриддинов клубни тарк этди. Зуҳриддиновнинг ўзи “пойтахт клубларидан таклиф бўлаётганини айтиб, истеъфога чиқишини” билдирди. Жамоа раҳбарияти иқтидорли мураббийга омад тилаган ҳолда дўстона хайрлашди. Бўшаб қолган ўринга бошқа мураббийлар билан музокаралар бошлаб юборилди.
Аввал хабар берганимиздек, асосий жамоага Рауф Инилеев бош мураббий этиб тайинланган эди. Ўтган мавсумнинг иккинчи қисмида “Обод”ни бошқарган Жаъфар Ирисметов энди Рауф Талгатовичга ёрдам беради. Қолаверса, тажрибали Анвар Ғофуров ўйновчи мураббий сифатида Инилеев ва Ирисметовга кўмаклашади. Дарвозабонлар мураббийи Игорь Михайлов.
Тайёргарлик режа асосида давом этмоқда. Кеча ва бугун икки маҳалдан машғулот ўтказган жамоамиз эртага бир маҳал шуғулланади. 28 декабрь куни жамоа аъзолари икки таркибга бўлинган ҳолда ўзаро учрашувда майдонга тушади. Мазкур баҳс “Обод” стадионида бўлиб ўтади. Шундан сўнг жамоа аъзолари янги йил таътилига чиқади.
Фикрлар