Ўтган ёзнинг топ-20 трансферлари: кимда омадли, кимда омадсиз старт? (рейтинг)
Ўтган мавсум бутун дунё футболи вирус, пандемия, карантин сабабли ҳар йилгидан-да бошқача ўтди. Узоқ муддатли танаффус ва ёзда яна ўйинларнинг қолган жойидан давом эттирилиши оқибатида янги мавсум анча кеч бошланди ва бу, табиийки, футболчиларнинг жисмоний ҳолатига таъсир қилди. Шундай бўлса-да, мавсум оралиғидаги трансфер бозори ҳар йилгидек қизғин ўтди ҳамда бир қанча топ трансферлар амалга оширилгани билан ҳам ёдда қолди. Бизнингча, айнан ҳозир уларнинг қай даражада омадли ёки омадсиз чиққанлиги ҳақида сўз юритишнинг айни пайти, сабаби мавсумнинг ярми якунланди ва уларда ўзларини кўрсатишга етарлича вақт бўлди. Демак, топ-20 ёзги трансферларни сиз билан бирга таҳлил қиламиз. Ўйлаймизки бу сизга қизиқ бўлади.
#20: Нелсон Семеду. “Барселона”дан “Вулверхэмптон”га (27,5 миллион фунт)
“Вулвс” раҳбарияти “Барселона”даги молиявий инқирозлар пайтидан унумли фойдаланган ҳолда шу ёзда португалиялик кўп қиррали ўнг қанот ҳимоячисини ўз сафига қўшиб олди. Футболчи аллақачон “бўрилар”нинг асосий таркибидан жой олиб улгурган бўлса-да, мухлисларнинг ундан кўнгли тўлганича йўқ. Сабаби, у ҳали биронта ҳам голда иштирок этмади ва ўзидан кутилган натижани берганича йўқ. Шубҳасиз, Семеду мавсум оралиғида “Тоттенхэм”га утган Мэтт Доэртининг “бўрилар” сафидаги ўрнини боса олмаяпти, буни статистика ҳам кўрсатиб турибди.
#19: Олли Уоткинс. “Брентфорд”дан “Астон Вилла”га (28 миллион фунт)
Уоткинс “Астон Вилла”нинг трансфер рекордини янгилаб берганда кўпчилик бунга ғалати трансфер сифатида баҳо берганди, бироқ Олли аллақачон бу суммани оқлашни бошлаб юборган. Футболчи барча мусобақаларда виллаликлар сафида 8 та тўп киритишга муваффақ бўлди, буларнинг орасида “Ливерпуль” билан ўйиндаги(7:2) нозик хет-трик ҳамда “Арсенал” билан ўйиндаги(3:0) чиройли дубл ҳам бор. Шу сабабли, ушбу трансферни бемалол ўзини оқлаяпти, дейишимиз мумкин. Уоткинс эса ушбу ажойиб ўйинлари туфайли Англия терма жамоасига жалб қилиниши тахмин қилинмоқда.
#18: Франсиску Тринкау. “Брага”дан “Барселона”га (28,3 миллион фунт)
Каталонияликлар Тринкао билан июльгача бўлган шартномага имзо чекди, бироқ ҳали-ҳануз у билан узоқ муддатли шартнома тузиш борасида ўйлаб кўргани йўқ. “Барселона” уни режалар ўхшамай қолган тақдирда захира сифатида ишга солмоқчи кўринади. У бу мавсумда жами 20 та ўйинда иштирок этди, бироқ голларда иштирок этмади. Ундан 3 ёш кичик Педри эса жамоанинг натижаларига ундан кўра кўпроқ таъсир қила олмоқда. Балки шу сабабдандир, “Блаугранас” раҳбарияти у билан шартнома имзолаш борасида иккиланаётгани. Унда Куманнинг ишончига кириш учун роппа-роса 6 ой муддат бор. Шу вақт ичида у ўзини кўрсата олиши керак.
#17: Хаким Зиеш. “Аякс”дан “Челси”га (33,5 миллион фунт)
Зиеш трансферига “аристократлар” ҳаммасидан эрта киришган. Ўтган йил январь ойидаёқ футболчининг навбатдаги мавсумни “Челси”да давом эттириши аниқ бўлиб улгурган эди. Бироқ машғулотларда олинган жароҳат туфайли мавсум у учун анча кеч старт олди. Шундай бўлса-да, у ўзининг кутишга арзирли футболчи эканини стартдаёқ исботлаб қўйди: дастлабки 2 баҳсда 2 гол ва ассист. Лекин, ажойиб плэймейкер айни юқори спорт формасига чиқиб бораёган бир пайтда яна жароҳат олди ва ҳозирча тузалгани йўқ. Шу сабаб, у ҳозирча ўзига бўлган ишончни тўлиқ оқламади. Унинг қайтишини кутамиз.
#16: Донни ван де Бек. “Аякс”дан МЮга (35 миллион фунт)
“Аякс”нинг яна бир юлдузи бутун ёз давомида “Реал” билан жиддий алоқаларда бўлиб турганига қарамай, пандемия туфайли бюджетида катта қисқариш қилган “Бланкос” уни сотиб олмасликка қарор қилди ва голландиялик истеъдод МЮга ўтди. “Юнайтед” сафида дебют учрашувидаёқ гол урганига қарамай, Сульшер унга унчалик кўп имконият бермаяпти. Шу сабабли футболчи захира ўриндиғига михланиб қолган. Норвегиялик мутахассис марказда, асосан, Бруну Фернандеш, Скотт Мактоминей, Поль Погба ва Фредга ишонмоқда. Доннини захира вариант сифатида кўрмоқда. Умуман олиб қараганда, “Аякс”да асосий таркибнинг доимий ўйинчиси ва юлдузи бўлган футболчи учун бу омадли трансфер бўлди, дея олмаймиз.
#15: Фабио Сильва. “Порту”дан “Вулверхэмптон”га (35 миллион фунт)
“Бўрилар” португалиялик футболчиларни олиб келиш бўйича бутун Европага танилгани ҳаммамизга маълум. Бироқ улар бу сафар ўзларининг рекорд суммадаги трансферларини амалга оширишда катта хатога йўл қўйишди, дея оламиз. Сабаби, “Порту” сафида атиги битта гол ура олган футболчи учун 35 миллион фунт-стерлинг сарфлаш кўплаб мутахассислар томонидан нотўғри иш, дея баҳоланмоқда. Ҳозирча, у “Вулверхэмптон” сафида битта гол уришга эришди, уни ҳам бўлса пенальтидан. Нуну Эшпириту Санту уни Хименез учун муносиб ўринбосар сифатида кўрган эди. Бироқ, бу тахмин ҳозирча ўзини оқлагани йўқ. Балки, унинг ўйини иккинчи даврада очилиб кетар, воқеалар ривожини кузатамиз.
#14: Ашраф Хакими. “Реал”дан “Интер”га (36 миллион фунт)
Зинедин Зидан 2 мавсум давомида “Боруссия” Дортмунд сафида фантастик ўйин кўрсатган Хакимига нима сабаб ўз таркибида жой йўқ эганлигини ҳалигача тушунтириб бермади. Охир-оқибатда “Интер”га сотиб юборилган Ашраф бу ерда ҳам ўзини кўрсатишда давом этмоқда. 22 ёшида “Сан-Сиро”да тобора очилиб бораётган истеъдод “Неррадзурилар” сафида жами 5 та гол ва 5 та ассист амалга оширди. Бу ерда аллақачон, асосий, таркиб ўйинчисига айланди. Шунингдек, ўзига билдирилган ишончни мутлақо оқлади. Шу туфайли, бу трансферни омадли, дея оламиз.
#13: Уэсли Фофана. “Сент-Этьен”дан “Лестер”га (36,5 миллион фунт)
“Сент-Этьен” учун рекорд трансфер сифатида қайд этилган Уэсли Фофана АПЛга келгунига қадар Лига 1 да атиги 20 та ўйинда майдонга тушган эди ва шунинг ўзиёқ уни “тулкилар” мураббийи эътиборига тушиши учун етди. “Лестер” мудофаа чизиғининг асосий қуроли бўлмиш Чағлар Сеюнжу жароҳат олган пайтда унинг ўрнига муносиб номзод эканлигини ажойиб ўйинлари билан исботлаб қўя олган Уэсли трансферини кўплаб нашрлар ўзини оқлаган трансфер сифатида баҳоламоқда. Сабаби, бундан кўзланган мақсад амалга ошди, ҳаммаси унинг фойдасига кетмоқда.
#12: Натан Аке. "Борнмут"дан "Манчестер Сити"га (40 миллион фунт)
Ўтган мавсум “Манчестер Сити” ҳимоя чизиғида жуда кўплаб муаммолар кўзга ташланди. Чап қанот позициясида бу яққол сезилиб турарди. Чемпион “Ливерпуль”нинг мудофаа чизиғига қиёслаганда бу ҳимоя анчагина камтарона кўринарди. Шу сабабли, Пеп Гвардиола янги мавсумда ўзининг бор эътиборини, асосан, орқа чизиққа қаратди ва 2 ажойиб ҳимоячини сотиб олди: “Борнмут”дан Натан Аке ва “Бенфика”дан Рубен Диаш. Аке трансфери мантиқан олиб қараганда, жуда тўғри қарор эди. Сабаби, айнан унинг позициясида муаммоли вазият юзага келганди ва айнан у бунга чек қўйиш учун асосий номзод эди. Мавсум стартида бу трансфер ҳам ўзини оқлади, футболчи кетма-кет қуруқ ўйинли серияларда жамоасининг натижасига катта ҳисса қўшди ва бир қанча голлар уришга ҳам муваффақ бўлди. “Лестер” билан ўйиндаги Варди билан боғлиқ хатосини айтмаганда, Аке деярли биронта хато қилмади. Шундай бўлса-да, у ҳалигача асосий таркиб учун курашишда давом этмоқда. Боиси, “Бенфика”дан катта сумма эвазига ташриф буюрган Диаш ва фавқулодда ўйини очилиб кетган Стоунз билан асосий таркиб учун кураш осон кечмаяпти. Бундан буёғига, у ўзига берилган минимум имкониятдан максимум фойдалана олсагина, натижага эриша олиши мумкин. Акс ҳолда, уни яна бошқа клубда кўришимиз эҳтимоли йўқ эмас. Ҳозирча, бу трансфер ўзини қисман оқлади, дея оламиз.
#11: Диого Жота. "Вулверхэмптон"дан "Ливерпуль"га (41 миллион фунт)
Юрген Клопп ўзининг трансфер режалари орасида 3 йилдан бери Диого Жотанинг бўлганлиги ҳақида журналистларга интервью бергани ёдимизда. Бироқ, мураббийнинг ҳатто ўзи ҳам унинг бу даражада сермаҳсул ўйин намойиш этишини кутмаган бўлиши аниқ. Асосий таркиб учун курашда, кимсан Фирминони ортда қолдириб, уни захирага ўтқизиб қўя олган Жота клуб таркибида барча мусобақаларда жами 9 та гол уришга эришди: буларнинг орасида ЕЧЛ доирасида “Аталанта” дарвозасига урилган хет-трик ҳам бор.
Умуман олиб қараганда, муваффақиятли трансфер, барчаси иккала томоннинг ҳам фойдасига ишламоқда. Агар жароҳат ҳалал бермаганида унинг голлари сони 2 хонали сон кўринишида ҳам бўлиши мумкин эди. У мана шу формасини ушлаб қола оладими ёки йўқ, буни 2-давра давомида кузатамиз.
#10: Лерой Сане. "Манчестер Сити"дан "Бавария"га (44,7 миллион фунт)
“Бавария” ваниҳоят, узоқ муддатдан бери сотиб олишга ҳаракат қилаётган футболчини қўлга киритди! Лерой Сане “Сити” билан шартномасини узайтирмади ва ўз ватанига қайтишни маъқул, деб топди. Мюнхенликлар таркибида дебют ўйинидаёқ 1 та гол ва 1 та пас беришга муваффақ бўлган Санеда барибир жисмоний ҳолат борасида бироз муаммолар кузатилгани рост. Илк мавсумида айрим кичик жароҳатларни бошидан ўтказганига қарамай, Англиядагига қараганда кўп вақт лазаретда ётиб қолмаяпти ва тезда тикланиб, жамоага ёрдам беряпти. Умумий ҳисобда, “Бавария” сафида 6 та гол ва 3 та ассист амалга оширишга эришган. Санеда ҳозир ҳам суперюлдуз бўлиш имконияти йўқ эмас. Бироқ клуб “катталари”дан бўлган Карл-Хайнз Рюменигге Ханси Фликка унинг даражасини бундан-да, юқорига кўтариш вазифасини юклаган. Германия терма жамоаси ва “Бавария”нинг доимий ҳамкорлик анъаналарининг давом этишини биргина шу мисол билан ҳам кўришимиз мумкин. Хуллас, узоқ кутилган Сане бизнинг талқин бўйича - омадли трансфер!
#9: Мауро Икарди. "Интер"дан ПСЖга (45 миллион фунт)
Ўтган мавсум ПСЖ таркибида ижара асосида тўп сурган аргентиналик юлдуз 30 учрашувда майдонга тушиб, 24 та гол уришга муваффақ бўлгач, парижликлар раҳбарияти уни тўлиқ сотиб олишга қарор қилди. Буни қарангки, расман сотиб олиниши билан Икардида кетма-кет жароҳатлар кузатила бошлади ва унинг ўтган мавсумдаги сермаҳсуллиги кузатилмади. Ҳозирда у жароҳатдан тикланиш жараёнини бошдан кечирмоқда. Тиклангач, унинг олдида жиддий бир вазифа турибди: янги бош мураббий Маурисио Почеттинонинг ишончига кириш. Бунинг учун у ўтган мавсумдаги ўйинини яна бир бор кўрсата олиши зарур. Ҳозирча, трансфер ҳақида бирон нима дейишимиз қийин. Кузатамиз.
#8: Томас Парти. "Атлетико"дан "Арсенал"га (45 миллион фунт)
Ёзги трансферлар ойнасининг сўнгги кунларида “Арсенал” “Атлетико” ярим ҳимоячиси Томас Партини ўз сафига қўшиб олганлиги билан кўплаб мухлисларни ажаблантирди. Бу трансфер юзасидан икки клуб расмийлари келишмовчиликка учраганлиги ҳақида ҳам хабарлар чиқди. Буларнинг барчаси ортда қолгач эса, Парти лондонликлар сафида ажойиб ўйинларини бошлади. У ўйинларга мослашиб кетиши учун унчалик кўп вақт кетмади ва жамоанинг асосий ўйинчиларидан бирига айланди. Бироқ тиғиз тақвим ва кўп ўйинларда майдонга тушиш оқибатида унда зўриқиш ва жароҳатлар кузатила бошлади. Жароҳатлар сабабли ўйинларни ўтказиб юборишга мажбур бўлаётган Томасни тезроқ қайтишини ва жамоасига ёрдам беришини тилаб қоламиз. Жамоа ярим ҳимоясида ҳақиқий тартиб ўрната олган футболчи трансфери эса ўзини “деярли” оқлади, дея оламиз; қолганига мавсум давомида баҳо берамиз.
#7: Виктор Осимхен. "Лилль"дан "Наполи"га (45 миллион фунт)
Ўтган мавсум “Лилль” таркибида ажойиб ўйинлари билан барчанинг эътиборини ўзига қарата олган Виктор Осимхенни Неаполь клуби сезиларли суммага харид қилди ва унга ишонч билдирди. Бироқ, ноябрь ойидаги терма жамоа йиғинида елкасидан жиддий жароҳат олганидан буён қаҳрамонимиз ўйинларда иштирок эта олмаяпти ва тикланиш ишлари билан банд. Январь ойида соғайиши тахмин қилинган Виктор Осимхен “Наполи” сафида жами 8 баҳсда майдонга тушиб, 2 та гол уришгагина муваффақ бўлди. Шундай бўлса-да, ажойиб техникага эга бўлган иқтидорли футболчини раҳбарият сотиб юбормоқчи эмас. Гаттузонинг режаларига у киритилган, шу сабабли унинг қайтишини кутамиз. Трансфер эса ҳозирча ўзини оқлагани йўқ.
#6: Тимо Вернер. "Лейпциг"дан "Челси"га (47,5 миллион фунт)
Бутун ёз давомида “Ливерпуль”га ўтиши айтилган, бироқ карантиндаги молиявий инқироз туфайли Мерсисайдга эмас, Лондонга йўл олган Тимо Вернер ўтган мавсум “Лейпциг”да кўрсатгани сингари сермаҳсул ўйин намойиш эта олгани йўқ. Бунга сабаб сифатида АПЛ даражаси, тиғиз тақвим ва яна бир қанча сабабларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Ёки Лэмпарднинг ундан нотўғри позицияда фойдаланаётгани ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам, у ўтган мавсумдаги сермаҳсуллигини такрорлай олмади, янги клубга мослашиш жараёни тугади, энди у ўзини кўрсатиши лозим. Ҳозирча, у “Челси” сафида барча мусобақаларда 41 баҳсда майдонда тушиб, 14 та гол уришга муваффақ бўлди, холос. Трансфер эса ўтган мавсумдагига қиёслаганда ўзини оқламади, умуман олиб қараганда эса, қисман оқлади. Кузатамиз!
#5: Бен Чилуэлл. "Лестер"дан "Челси"га (50 миллион фунт)
Шахсан ўзимизга қолса, айнан Чилуэллни ёзнинг энг омадли ва яхши трансфери сифатида эътироф этардик. Бунга етарлича сабабларимиз бор. Футболчи янги мавсумда “Челси”нинг беқарор ўйин кўрсатаётган ҳимоя чизиғида анчайин тартиб ўрнатибгина қолмай, голларда ҳам иштирок этиб, жамоа натижаларига таъсир кўрсатмоқда. Умумий ҳисобда, биринчи даврада 5 та гол ва 2 та ассист амалга оширган англиялик ҳимоячи ўзининг интервьюларида афсонавий Эшли Коулни ҳам ортда қолдиришни мақсад қилганлигини айтган. Ўйлаймизки, у мана шу даражасида ўйнашда давом этса, албатта мақсадига эришади.
#4: Миралем Пьянич. "Ювентус"дан "Барселона"га (55 миллион фунт)
Пьянич бир пайтлар Европанинг ва дунёнинг энг яхши ярим ҳимоячиларидан бири бўлган. Бироқ, унда сўнгги мавсумларда хоҳлайдими йўқми, ўйин даражаси пасайиш ҳолати кузатилди. Сабаби, унинг ёши 30 дан ўтди, жисмоний ҳолат эффекти барибир таъсир этади. Бироқ шундай бўлса-да, унинг тажрибасига ишонган “Барселона” уни ўз футболчиси Артурга молиявий муаммоларини камайтириш мақсадида алмаштирди. Аммо бу трансфер юзасидан ҳалигача “Барселона” мухлислари раҳбариятга норозилик билдирмоқда. Боиси, ҳали биронта голда иштирок этмаган ва камига ёши катта бўлган футболчидан фойда деярли йўқ эди. Шунинг учун ҳам, бу трансферни ўзини оқламаган қарор сифатида баҳолаймиз.
#3: Рубен Диаш. "Бенфика"дан "Манчестер Сити"га (62 миллион фунт)
“Манчестер Сити” ўзининг кўп йиллик ҳимоячиси Венсан Компанини қўйиб юборганидан сўнг, трансфер ойнасининг охирги кунларида унинг ўрнига муносиб ўринбосар топди ва йирик сумма эвазига уни харид қилди. Қисқа муддат ичида Гвардиоланинг ишончига кира олган Диаш ўзининг барқарор ўйинлари ва юқори даражаси билан Компанига муносиб ўринбосар бўла олишини исботлаб қўйди. Ниҳоят, Пепнинг энг нозик нуқтаси бўлган позицияни кучли қила олди. Мухлислар учун у аллақачон севимлига айланиб улгурган, шу сабабли трансферни омадли, дея оламиз.
#2: Артур Мело. "Барселона"дан "Ювентус"га (66 миллион фунт)
Фаолиятининг гуллаган даврида Испанияни тарк этиб, Италияга йўл олган Артур янги клубида ҳам ўзини кўрсатишда давом этмоқда. Тўғри, у гол ҳам, ассист ҳам амалга ошира олмади. Бироқ, Пьяничга солиштирганда ҳамон унинг бу ердаги келажаги борасида яхши умидлар бор. У ҳали 24 ёшда; Пирлонинг режаларига мос равишда аниқ паслар бера оладиган ва кучли футболчи, шунингдек, ҳимояланишда ҳам яхши ўйин кўрсата олади. Барчаси унинг навбатдаги учрашувларда кўрсатадиган ўйинларига боғлиқ. Ҳозирча, бу трансфернинг келажаги борасида фикр билдириш қийин, лекин босиб ўтган йўлига келадиган бўлсак, бунга умид қилса бўлади. Ақлли, узоқни кўзлаб қилинган юриш.
#1: Кай Хаверц. "Байер"дан "Челси"га (70 миллион фунт)
Ваниҳоят, ўтган ёзнинг энг қиммат трансферига ҳам етиб келдик. “Челси” мавсумлар оралиғида янги футболчилар хариди учун бутун Европа миқёсида энг кўп пул сарфлаган клуб бўлди. Азар ва Моратанинг трансферидан тушган пулларга ушбу футболчиларни сотиб олган “Челси” трансфер ойнаси якунида энг катта трансферни амалга оширди. Хаверц ҳақиқий ёш истеъдод, “Байер”да совринларга чанқоқ бўлиб тарбияланган. “Челси”га ҳам айнан шу мақсадда бориб қўшилди. “Туманли альбион”га бўлган сафар жуда омадли чиқмаган бўлса-да, жуда фожиали ҳам чиқмади. Биринчи давра давомида 2 тагина гол ура олган футболчи ўзига тикилган пул ва билдирилган ишончни оқлаши учун 2-давра давомида тўхтамай ҳаракат қилиши лозим. Вернер ва Хаверцнинг тақдири шунга боғлиқ, акс ҳолда шундай иқтидорли ёшларни “АПЛ муҳити синдирди” деган гап-сўз тарқалиши ҳеч гап эмас.
Абдулла Маннонов тайёрлади.
Фикрлар