Ўзбек ММА олами вакиллари Волкановски-Топурия жанги ҳақида қандай фикрда? (Сўровнома)
Хабарингиз бор, 18 февралга ўтар кечаси АҚШнинг Анахайм шаҳри “UFC 298” турнирига мезбонлик қилади. Марказий жанг ярим енгил вазн (65,8 кг) тоифасида амалдаги чемпион Алекс Волкановски ва даъвогар Илия Топурия ўртасида бўлиб ўтади. Биз анъанага мувофиқ ушбу жанг борасида ўзбек ММА олами вакилларининг фикри билан қизиқдик.
Ботир Раҳмонов – мураббий, рефери
- Умумий олиб айтадиган бўлсак, бу жангга кўпроқ Илия Топурия тайёрроқ деб ўйлайман. Унда мотивация кучли, қолаверса ёш, ғалабага чанқоқ. Барибир авлодлар алмашинади. Волкановски барчасига эришиб бўлган. Назаримда Илия Топурия янги чемпион бўлади.
Зарруҳ Адашев – ММА жангчиси
- 60/40 Волкановски ғалаба қозонади. 40 фоиз Топурия дейишимга сабаб, Волкановски Махачевдан учралган нокаутдан кейин қанчалик ўзини тиклай олди, деган савол борда. Агар, унда шу мағлубият бўлмаганда, Топуриянинг ғалаба қозониш имконияти жуда ҳам паст бўларди. Волкановски барибир жуда катта тажрибага эга. У ҳар қандай услубга эга бўлган жангчиларга тўқнаш келган. Тўғри, Топуриянинг зарбалари кучли, бокс мактаби зўр. Лекин ўзи очиқ тарзда ҳужумга ўтади ва кўп зарба қабул қилиб олади. Қолаверса, яхши “страйкер”лар билан жанг ўтказмади. Битта Жош Эмметни айтишимиз мумкин. У ҳам яккалик зарбаларни йўллайди. Хуллас, Волкановскини зарбалари унга оғирлик қилади.
Мирафзал Ахтамов – ММА жангчиси
- Бу жангда барибир Алекс Волкановскини имконияти юқори деб ўйлайман. Агар, Ислом МАхачев ва Яир Родригес билан жангидаги жисмоний ҳолатга эга бўлса, қийинчиликсиз мағлуб этади. Узоғи 3-раундда ТКО ёки КО билан ғалабага эришади. Албатта, бу шаҳсий фикрим.
Фирдавс Ҳасанов – ММА жангчиси
- Бу жанг жуда ҳам қизиқарли кечиши аниқ. Менимча Волкановскига бу сафар ҳам қийин бўлади. Алексни ёши ҳам анча катта бўлиб қолди. Топурия эса ёш ва кучга тўлган вақти. Ўйлайманки, Илия Топуриянинг даври келди. У жангда ғалаба қозонади.
Муҳаммаджон Қурбонов – ММА жангчиси
- Тўғриси, жуда шиддатли жанг кечади. Волкановски бу сафар тўлиқ лагердан ўтди. Бу вазн тоифаси уники ва у бу дивизионда мағлуб бўлмаган. Ўзини жуда қулай хис қилади. Имкониятларни 60/40 дея баҳолаган бўлардим. Албатта, Волкановски фойдасига!
Достон Бозоров – ММА жангчиси
- Бу жанг муддатидан аввал якунланади, деб ўйламайман. Тўлиқ 5 раунд бўлади. Жуда қизиқарли жанг! Илия Топурия ҳам яхши жангчи. Бироқ, барибир Александр Волкановски бошқа даражадаги жангчи ва у очколарга кўра ғалаба қозонади. Имкониятларни Волкановски фойдасига 60/40 деган бўлардим.
Жавоҳир Имомов – ММА жангчиси
- Бу жанг ҳақида тўхталадиган бўлсак, тажриба ва ёшлик тўқнашуви бўлади. Волкановски нокаутдан кейин қанчалик ўзини тиклай олганлигини хеч ким билмайди. Топурияга келсак, у ғалабага чанқоқ, унинг қўллари, кураши, бокси, “футворк”и жуда ҳам яхши. Мен “фаворит” деб Топурияни биламан. Волкановскини тажрибаси бор. Бироқ, Топурия ёш ва иштиёқ кучли. Қолаверса, яқин масофада зўр ишлиди, айниқса қўллари орқали амалга оширадиган “комбинация”лари орқали Топурия ушбу жангни ютиб кетади, деб ўйлайман. Албатта, бу мени шахсий фикрим!
Мавлон Мавлонов – мураббий
- Бу жангни жуда ҳам кутяпман. Ҳар иккисини мунтазам кузатиб бораман. Икки томошабоп жанг кўрсатувчи атлетлар тўқнашуви. Топуриянинг ҳозирча статистикаси ажойиб. Ёшлиги, “тейк-даун”лардан ҳимояси, “сабмишен”лар билан ғалабаси борасида ва мағлубиятсиз одимлаётганлиги ҳам Волкановскини ортда қолдиради. Бироқ у Волкановски каби дивизионнинг кучли жангчилари Брайан Ортега, Макс Холлоуэй кабилар билан тўқнаш келишга улгурмаган. Яна бир томони Топурия яқин масофага киришда “лоу-кик” ва “фронт-кик”ларни жуда кўп ўтказиб юборар экан. Волкановскини жангига эътибор берсангиз, у “жеб”ларни ва олдинги кикларни кўп ишлатади. Шу ҳаракати билан рақибларни олдинги оёғи ҳаракатларини қулфлайди, масофадан ишлашларини секинлатади. Барча статистикалар Топурия тарафида бўлса ҳам, юқоридагиларни инобатга олиб, чемпионлик жангларидаги тажрибаси ҳисобига имкониятларни 60/40 Волкановски фойдасига деган бўлардим.
Фикрлар