Ўзбек ММА оламининг уч авлоди билан танишинг!
Ҳозирги кунда бутун жаҳон бўйлаб аралаш жанг санъатлари, яъни ММА энг оммавий спорт турлари қаторига қўшилди. Айниқса, UFC, “Bellator» ONE Championship промоушенлари ўзига хос брендга ҳам айланиб улгурди. Албатта, Ўзбекистонда ҳам мазкур яккакураш турининг ўз тарихи бор. Гарчи, яқиндагина юртимизда расман ушбу спорт турига рухсат берилиб, Ўзбекистон ММА ассоциацияси ташкил қилинган бўлса-да, спортчиларимиз анча йиллар аввал хорижда ўз жангларини ўтказиб, юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб келишган. Албатта, биз бу мавзу ҳақида бежиз сўз юритмадик. Чунки, навбатдаги мақоламиз ўзбек ММА оламининг уч авлоди ҳақида бўлади.
Биринчи авлод вакиллари жуда ҳам яхши натижалар қайд этган. Жумладан, бу борада байроқдоримиз, айни кунда Ўзбекистон профессионал ММА терма жамоаси мураббийи Суннат Ильясов “Панкратион” да жаҳон чемпионлигини қўлга кирита олган ва қайсидир маънода мамлакатимиз аралаш жанг санъатларига асос солган, деб бемалол айта оламиз. Қолаверса, марҳум Шавкат Ўроқов ҳамда Аюбхон Камаловнинг ҳам ушбу спорт турига кириб келишига сабаб бўлган. Улар асосан тижорий турнирларда ва клублар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этиб, кўплаб ғалабаларни қайд этишган.
Шунингдек, аёллар ўртасида илк жангчимиз Гулбаҳор Амантаева бўлади. У ҳам бу йўналишда улкан ғалабаларни қўлга кирита олганди. Мисол учун, “Панкратион” ва “Pride» турнирларида иштирок этиб, жаҳон чемпионлигига эришган.
Демак, биринчи авлод вакиллари: Суннат Ильясов (Самарқанд), Шавкат Ўрақов (Навоий), Аюбхон Камалов (Наманган), Гулбаҳор Амантаева (Тошкент).
Булардан сўнг, мамлакатимиздан жуда кўп истеъдодлар етишиб чиққан. Уларнинг барчаси машҳурлик чўққисига чиқа олган десак, янглишмаган бўламиз. Айниқса, “Бухоро йўлбарси” номи билан машҳур Музаффар Ражабов турли хил промоушенларда ажойиб натижалар қайд этган. “Осиё айиги” номи билан шуҳрат қозонган, айни кунда Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев бутун МДҲ мамлакатларида ўз номига эга бўлган. “Мангуст” номи билан танилган Мансур Тўғизбоев ҳозирда рефери ҳамда мураббийлик билан шуғулланмоқда. У ҳам ўз вақтида ажойиб жанглар ўтказган. “Бўри” деб аташадиган Амин Эргашев ҳам ярим оғир ва оғир вазн тоифасида бир қатор турнирларда кўплаб ғалабага эришиб, хориж октагонларида ўз сўзини айта олган. “Шарқ баҳодири” Александр Столяров ҳам чиройли жанглари орқали мухлислар қалбидан жой олганди. Шунингдек, Сирожиддин Эшонбоев юртимиз шаънини халқаро ареналарда муваффақиятли ҳимоя қила олган. Булар қаторига Маҳмуд Мурадов, Нурсултон Рўзибоев, ҳамда Азамат Баҳодурзодани ҳам қўшиш лозим. Тўғри, улар ҳали ёш лекин фаолиятларини анча аввал бошлаганлиги сабабли ушбу авлод сафига қўшдик. Маҳмуд ҳамда Нурсултонлар айни кунда ўзбек ММА оламининг ёрқин вакиллари ҳисобланади ва улар ҳақида батафсил маълумотга эгасиз. Оғир вазн тоифасида ўз жангларини ўтказадиган Азамат Баҳодурзода 18 ёшида дебют жангини ўтказади ва кейинчалик бир қатор турнирларда яхши натижаларни қайд эта олганди.
Иккинчи авлод: Музаффар Ражабов (Бухоро), Мурод Хонтўраев (Тошкент), Мансур Тўғизбоев (Самарқанд), Амин Эргашев (Навоий), Сирожиддин Эшонбоев (Тошкент), Александр Столяров (Тошкент), Маҳмуд Мурадов (Бухоро), Нурсултон Рўзибоев (Андижон), Азамат Баҳодурзода (Тошкент)
Сўнгги авлод вакиллари эса, айни кунда ажойиб ғалабалари билан бизни хурсанд қилаётган ҳамюртларимиздир. Улар орасида яхши натижалар қайд этаётганлардан “Bellator” да ўз жангларини ўтказаётган Зарруҳ Адашев (Самарқанд), FFC нинг оғир вазн тоифасида чемпионлик камари соҳиби Азамат Нуфтиллаев (Қашқадарё), GFC чемпиони Лиля Шакирова (Тошкент), Аҳлиддин Мирзадавлатов (Андижон), Авлиёхон Ҳамидов (Андижон), Баҳодир Боқиев (Қашқадарё), Ҳасан Бозоров (Бухоро), Ҳумоюн Ибрагимовни (Тошкент вилояти) таъкидлаб ўтишимиз мумкин. Умуман олганда, бу авлод вакилларининг барчасини санаб ўтиш амримаҳол. Чунки ҳозирги кунга келиб, жуда кўплаб ёшларимиз ушбу йўналишда ўз жангларини ўтказмоқда.
Шу ўринда, мазкур атлетларимизга ушбу спорт турида ўз йўлини топишига сабабчи бўлган инсонлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтишни лозим топдик. Биринчи авлодда юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Суннат Ильясовнинг хизматлари катта бўлган. Қолаверса, ҳозирда ҳам кўплаб ёшлар унинг қўл остида машғулотлар олиб боради. Иккинчи авлоднинг аксариятини, жумладан, Маҳмуд Мурадовдан бошқа барчасини муваффақиятида мураббий, менежер ҳамда промоутер, айни кунда “Ахмат” лигасининг Осиё минтақаси раҳбари Нодир Қодировнинг ўрни беқиёсдир! У мазкур авлод вакилларига устозлик қилиш баробарида октагонга илк бора олиб чиқиб, улар иштирокидаги жангларни ташкил қилган эди. Ҳозирги авлод вакилларини камол топишида ҳам жуда кўплаб мураббийлар, менежерлар фаолият олиб бормоқда. Улар ҳақида кейинги мақоламизда баён этамиз.
Албатта, бу бизнинг шахсий фикримиз эди. Агар, кимларнингдир фаолиятидан бехабар бўлиб, санаб ўтилганлар орасидан жой олмаган бўлса, биз ўз узримизни сўраймиз!
Фикрлар