Ўзбек ва япон бокси ўртасидаги тафовут. Япония бокс терма жамоаси мураббийи бўлган ҳамюртимиз билан суҳбат
Ўзбекистон боксида Владимир Николаевич Шинни ўз ўрни бор. Нафақат мураббий сифатида, балки спортчилик фаолиятида ҳам улкан натижалар қайд этган.
Жумладан, жаҳон кубоги ғолиби, жаҳон чемпионати совриндори, Собиқ иттифоқ чемпиони, Собиқ Иттифоқ халқалари Спартакиадаси ғолиби, кўп карра Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган. Шунингдек, Собиқ Иттифоқда хизмат кўрсатган спорт устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий унвонларига сазовор бўлган.
Хуллас, ажойиб мутахассис, ҳозирда Япония бокс терма жамоасини бошқармоқда. Аслида, ҳамюртимиз ва Япония бокс федерацияси ўртасидаги шартнома Токио Олимпиадасидан кейин якунланиши керак эди. Бироқ, ўзбекистонлик мутахассис ҳамон кунчиқар юрт вакиллари билан ҳамкорликни давом эттирмоқда.
Биз ушбу мутахассисимиз билан боғланиб, бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.
- Владимир Николаевич сизни Япония бокс федерацияси билан шартномангиз Токио Олимпиадаси якунига қадар эди. Бироқ, ҳамон Япониядасиз?
- Шартномани навбатдаги Олимпиадага қадар узайтирдик.
- Демак, Япония бокс федерацияси Олимпиададаги натижадан қониқиш ҳосил қилибди-да?
- Бу натижалар Япония бокси тарихидаги энг юқори кўрсаткичлар, лекин тренер сифатида мен учун унчалик юқори натижа эмас, эркаклар ўртасида -63, -69 кг вазн тоифаларида имкониятларимизни бой бериб қўйдик. Ваҳоланки, уларнинг салоҳияти ва имконияти юқори эди.
- Токио Олимпиадасида нечта медаль қўлга киритилди?
- Олтита иштирокчи билан 1 та олтин ва иккита бронза олдик.
- Демак, Сербиядаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик бошланибдида?
- Албатта.
- Жаҳон чемпионатидаги иштирокинглардан нима кутяпсиз?
- Мен натижаларни тахмин қилишни ёқтирмайман. Натижага таъсир қилувчи омиллар кўп.
- Япон шогирдларингиз орасида энг хавфлиси ва салоҳияти юқори, дея кимни эътироф этган бўлардингиз?
- 57-60 кг вазн тоифасида ака-ука Цуцуми ҳамда -67 кгда Оказава.
- Япониялик шогирдларингиз сизни қандай аташади?
- Шин-Сан.
- Мабодо япониялик шогирдингиз ўзбек боксчисини мағлуб этиб қўйса, сиз учун жуда оғриқли бўлса керак?
- Жуда ҳам.
- Умуман олганда, Япония ҳамда Ўзбекистон бокси орасида қандай тафовут мавжуд?
- Менталитетда, рақобатга ёндашувда, боксга муносабатда ваҳо казо…
- Эҳтимол, ёрдамчи сифатида яна бир ўзбекистонлик мутахассисни таклиф этиш ниятингиз бордир?
- Бу менга боғлиқ эмас.
- Ўзбекистон бокс терма жамоасини Токиода битта олтин медаль билан чекланишига сабаб нима бўлди, деб ўйлайсиз?
- Аслида, бу муваффақиятсизлик эмас, ҳамма яхши натижаларга ўрганиб қолган, шунинг учун ҳам кўп нарса кутишган.
- Владимир Николаевич балки Ўзбекистон боксига керакдирсиз?
- Ўзбек бокси жуда юқори савияда, мураббийлар штаби жуда кучли ва бугун мен ўзим улардан ўрганаяпман.
Фикрлар