"Ўзбекча Атлетико", ўз кучига ишонган "Насаф" ва "қора тулпор" "Қизилқум!" Суперлига ғолиблиги учун қайси жамоада имконият кўпроқ?
Ортда қолган 6 турдан сўнг дўппини қўлга олиб, ўйлаб кўриш имкони пайдо бўлди. Хўш, чемпионат старти, жамоавий ўйин, захирадагилар даражаси ва мухлислар армиясидан келиб чиқиб фикрласак, Суперлига олтин медалларини қайси клуб қўлга киритиши мумкин? Ўринли савол-а? Бугун, шу мавзуга атрофлича тўхталамиз. Фикри ожизимча, жорий мавсумда чемпионлик учун 6 жамоа кураш олиб бориши мумкин. Ҳозир, уларнинг 3 таси билан танишамиз! Мақола жуда катта бўлиб кетмаслиги учун икки қисмга бўлган ҳолда эътиборингизга ҳавола қилинди.
Иккинчи қисм
"Сўғдиёна" - "мушт бўлиб тугилган бармоқлар"
Чемпионлик учун имконияти: 20 фоиз;
Асосий қуроли: Совуққонлик;
Ўзимизнинг Диего Симеонега айланиб бораётган Улуғбек Бақоев мураббий сифатида ўсишга эришгани рост. Жиззахликлар нафақат натижалар, балки ўзлари танлаган ўйин услубини ҳам яхшилаб бормоқда. Жорий мавсумда чемпионлик учун асосий даъвогар саналган "Навбаҳор" билан тўқнашувда "Сўғдиёна" стандарт вазият ва кичик эпизодлардаги ғалабалар сабабли 3 очкони илиб кетганига гувоҳ бўлдик. Эътиборлиси шундаки, жорий мавсум стартини "бўрилар" жуда яхши ўтказди. Бундан аввалги мавсумда Бақоев жамоаси ҳимояда яхши ўйнаганига қарамай, ҳужумларда оқсаганига гувоҳ бўлдик. Ҳозир эса, бу камчилик ҳам ёпилгани кўриниб турибди. Нафақат иккинчи қаватдан узатма, балки майда пас ва тезкор қарши ҳужум "Сўғдиёна"нинг асосий "қурол"ига айланди. Пастроқ темп, тартибли ҳимоя ва кучли дарвозабон - бу устунликларга реализациядаги совуққонлик ва ўз кучига бўлган ишончни қўшсак, бугунги "Сўғдиёна" чинакам "чақилмас ёнғоқ"қа айланганини сезиш мумкин.
Қувонарлиси шундаки, "бўрилар" ўзи ўйнамай, рақибга ҳам ўйин бермайдиган жамоалар сирасига кирмайди. Ўрни келганда, схемаларни ўзгартириб, катта куч билан олдинга ўтиши, 3 марказий ҳимоячи билан ҳам тўп тепиши мумкин. Ўзидан кучсизроқ жамоалар билан очиқ футболдан қочмайди. Муҳим баҳсларда эса, жамоа яна "Атлетико режими"ни ёқади. Бу грандлар билан ўйинда максимум очко жамғариш имконини яратади. Ўтган мавсумда чемпионликни қўлга киритган "Пахтакор" билан ўйинларда "Сўғдиёна" қолганларда кўпроқ очко жамғаргани бежиз эмас. Улуғбек Бақоев мураббий сифатида йилдан йилга ўсиб бормоқда. Грандлар билан ўзаро баҳслардаги устунлик ва аутсайдерларга қарши беллашувдаги совуққонлик якунда Жиззахликлар учун олтин медалларни тақдим этиши ҳеч гап эмас.
"Насаф" - "улғаяётган аждар"
Чемпионлик учун имконияти: 20 фоиз;
Асосий қуроли: Комбинацион футбол;
Рўзиқул Бердиевнинг бугунги "Насаф"и аввалгиларидан кескин фарқ қилади. Клуб асосий футболчилари эркин агент сифатида кетиб қолмаслиги учун узоқ йиллик шартнома имзолагани катта наф берди. Ўтган мавсумдаги йигитлар тўлиқ сақланиб қолингач, Бердиев янги футболчилар билан жамоани кучайтиришга муваффақ бўлди. Муҳитдинов, Соловьёв ва Смайлагич "Насаф" учун қўшимча имкониятлар эшигини очди. ОЧЛда "аждарлар" ҳақида жуда кўп материал тақдим этганимиз боис, ортиқча ўйин услубига тўхталиб ўтирмаймиз. Келинг, узоқ давом этадиган чемпионлик пойгасида "Насаф"да қандай плюслар бор эканлигини кўриб чиқамиз.
Биринчи навбатда, жамоа бир вақтнинг ўзида икки схемадан унумли фойдаланишни ўзлаштирганини алоҳида эътироф этиш лозим. Керакли паллада жамоа 3 ҳимоячини бир чизиқда майдонга туширса, баъзан 2 та марказий ҳимоячига суянган ҳолда, ҳужумкор футбол таклиф этмоқда. Стратегик ранг-баранглик ва керак пайтда ўйин схемасини ўзгартира олиш "Насаф"га оғир баҳсларда вазиятни ўзгартириш имконини яратади. Авваллари захира ўриндиғи торлиги ва муҳим позициядаги футболчиларни ротация қилишнинг имкони йўқлиги қаршиликларга панд бергани рост. Ўйлашимча, бу мавсумда Бердиев шогирдларида бундай муаммолар кўзга ташланмайди. Қўшимчасига, ОЧЛдаги ажойиб иштирок ҳам йигитларга руҳан далда бўлди. Саудия Арабистонида ўтган 1 ой давомида улар жуда катта тажриба тўплабгина қолмай, ҳар қандай жамоани енгиш мумкинлигини ҳис қилди. Соддароқ қилиб айтсак, "Насаф" аъзолари Даммамдан "катта футболчилар" бўлиб қайтди.
"Қизилқум" - "қадрланмаган куч"
Чемпионлик учун имконият: 10 фоиз;
Асосий қуроли: Тажрибали футболчилар;
Навоийликлар мавсум олдидан яхши трансфер кампаниясини амалга оширди. Нафақат хорижлик, балки маҳаллий футболчилар ҳам жамоага жалб этилди. Ижрочилар даражаси борасида "Қизулқум" Суперлиганинг исталган жамоаси билан куч синашиши мумкин. Нестеров, Тўхтахўжаев, Абдуҳолиқов ва Эркин Бойдуллаев сингари футболчилар катта ўйинларда суяги қотганлар сирасига киради. Жамоа бош мураббийи Никола Лазаревич ишга анча жиддий киришган. У тузган жамоа комбинацион футбол ва тезкор қарши ҳужумни бирдек яхши уддаламоқда. Агар вазиятга объектив ёндашсак, "Қизулқум"да чемпионлик учун имкон бор. Тажрибали футболчилар ва сифатли легионерлар уйғунлиги, ҳимоя чизиғини олдинроққа чиқаришни хуш кўрувчи хорижлик мутахассис. Шунингдек, аввалгиларига нисбатан яхшироқ моддий имконият. Барчаси жамоанинг ўз қўлида. Хўш, нега унда чемпионлик учун имконият бу қадар паст, деб ҳайрон бўлишингиз мумкин. Барчасига, бу жамоани йиққан Ҳамиджон Актамовни эрта истеъфога чиқарилгани сабаб. Клубда менежер сифатида фаолият олиб боришни бошлаган Актамов кутилмаганда постни топширди.
Тўғри, Лазаревич унинг ишини давом эттиради. Лекин бугунги таркиб айнан Актамовнинг ташаббуси билан йиғилгани, деярли барча янгилар унинг сўзларига ишониб Навоийга кўчиб ўтгани факт. Ҳозирча, "олтин қазувчилар" кучли учликда бормоқда. Аммо воқеалар ривожи қандай ривожланишини тахмин қилиш мумкин. "Қизулқум" чемпионликни расмийлаштириши ёки қуйи ўринларга тушиб кетиши ҳам мумкин. Барча-барчаси Актамовсиз жамоа қандай ҳаракатланишига боғлиқ бўлиб турибди.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар