Ўзбекистон Coca-Cola кубоги. Саралашда 15 та жамоа иштирок этади
Шу йилнинг 23-29 март кунлари Тошкентда Ўзбекистон кубогининг саралаш учрашувлари бўлиб ўтади ва унда 15 та жамоа 1,5 та йўлланма учун курашга киришади.
Йўлланмалар сонининг аниқ кўриниши 15 март куни бўлиб ўтадиган “Банияс” — “Насаф” учрашуви натижасига боғлиқ. Беллашувда қаршиликлар зафар қучса, саралаш ўйинлари якунига кўра 2 та жамоа Ўзбекистон кубогининг гуруҳ босқичига йўл олади. Акс ҳолда, фақатгина 1 та жамоада бундай имконият бўлади. Бу ҳақда ЎзПФЛ расмий сайти хабар тарқатди.
Регламентдан келиб чиқиб, саралашда Биринчи лига жамоалари (4 та фарм-клуб бундан мустасно) ҳамда Иккинчи лигаларнинг ғолиб жамоалари ҳудудий ассоциацияларнинг кафолати остида иштирок этади. Иккинчи лигаларнинг ҳудудий ғолиблари сифатида Бухоронинг “Бинокор” ва Тошкент вилоятининг “Келес” жамоалари мусобақага қўшилди. Шунингдек, пулка ўйинларига кўра Биринчи лига йўлланмасини қўлга киритган, аммо талаб этилган ҳужжатларни вақтида топшира олмаган “Денов” жамоаси ҳам кубок саралашига таклиф этилган.
Қуръа ёрдамида жамоалар 1/8 финалдаги рақибларини аниқлаб олади. Фақатгина битта омадли жамоа автоматик равишда ¼ финал йўлланмасига эга чиқади. Битта учрашувдан иборат ўйинлар якунига кўра мағлуб жамоалар мусобақани тарк этади. Регламентнинг 20.1-бандидан келиб чиқиб, саралаш учрашувларининг асосий вақтида ғолибни аниқлашнинг имкони бўлмаса, қўшимча таймларсиз навбат пенальтилар сериясига берилади.
Аввалроқ хабар берилганидек, саралаш учрашувларига қуръа 19 март куни "Спорт" телеканали орқали жонли эфирда ташлаб берилади.
Фикрлар