Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси “Мастерс” турнирини битта бронза медали билан кифояланди

Йилнинг дастлабки IJF турнири Ўзбекистон терма жамоаси учун якунланди. Бироз аввал -90 кг вазн тоифасидаги дзюдочимиз Давлат Бобонов бронза медали йўлидаги ўтиш баҳсида германиялик Эдуард Триппелга қарши татамига чиқди ва афсуски, мағлубиятга учради. Бу билан Бобонов «Мастерс»да 7-ўринни эгаллади ва ўз ҳисобига 468 рейтинг очкосини қўшиб қўйди.

Аввалроқ, -100 кг вазндаги юртдошимиз Муҳаммадкарим Хуррамов ҳам бронза медали йўлидаги ўтиш беллашувида россиялик Арман Адамянга ютқазиб, мусобақада 7-ўрин билан кифояланган эди. Бу билан Хуррамов ҳам 468 рейтинг очкосига эга бўлди. Бугунги беллашувлар орасида энг оғир вазн тоифасида Бекмурод Олтибоев илк беллашувда грузиялик Левани Матиашвили тўсиғидан ўта олмаган эди. Дзюдочиларимиз ўз ҳисобига қуйидаги очколарни қўшиб қўйишади:

-90 кг: Давлат Бобонов – 468
-100 кг: Муҳаммадкарим Хуррамов – 468
+100 кг: Бекмурод Олтибоев – 200

Шу тариқа, Илиас Илиадис мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси Қатар «Мастерс» турниридаги иштирокини тугатди. Кеча мусобақанинг иккинчи куни Ҳикматиллоҳ Тўраев (-73 кг) томонидан қўлга киритилган бронза медали делегациямиз учун ягоналигини сақлаб қолди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!