Ўзбекистон ҳиндлар таслим қилолмаган ягона жамоа бўлди!
Венгриянинг Будапешт шаҳри мезбонлик қилаётган шахмат оламининг энг нуфузли мусобақаси ҳисобланган 45-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар ва хотин-қизлар терма жамоалари муваффақиятли иштирок этмоқда.
Бутун дунёдан 200 га яқин давлат терма жамоалар эркаклар ва хотин-қизлар ўртасидаги беллашувларда ғолиблик учун куч синашяпти. Олимпиада иштирокчиларининг умумий сони 630 нафар спортчини ташкил қилмоқда. Улардан 246 нафар гроссмейстерлардир.
Эркаклар ўртасидаги мусобақанинг тўққизинчи турида дастлабки икки поғонани эгаллаб турган Ҳиндистон ва Ўзбекистон гроссмейстерлари ўзаро куч синашди.
Олимпиаданинг энг муросасиз баҳсида тўртала партия ҳам дуранг билан якунланди. Нодирбек Абдусатторов – Гукеш, Живоҳир Синдоров – Прагнанандха, Шамсиддин Воҳидов – Аржун Эригаиси, Жаҳонгир Воҳидов – Сантош Гужратхи Видит беллашувида кучлар тенг келди. Умумий ҳисоб – 2:2 кўринишига келди.
Таъкидлаш жоизки, Ҳиндистон терма жамоаси бунгача саккизта учрашувда ғалабали юришини давом эттириб келаётган эди. Биринчи ўринни эгаллаб турган ҳиндлар Марокаш ва Исландияни 4:0, Венгриянинг иккинчи таркиби ва Сербияни 3,5:0,5, Озарбайжон, Эрон ва Венгриянинг биринчи таркибини 3:1, Хитойни 2,5: 1,5 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.
Ўзбекистон терма жамоаси гроссмейстерлари эса, Тринидад ва Тобаго, Миср, Хорватия, Молдова, Исроил, Украина, Сербия шахматчиларини енгиб, биргина Вьетнамга 1:3 ҳисобида ютқазиб қўйганди.
Энди Ўзбекистон терма жамоаси Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси ғолиб чиқиши учун қолган турларда ҳиндларнинг мағлубиятини кутишига тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, мусобақа қоидасига кўра, ҳар бир терма жамоа беш нафар шахматчилан таркиб топади. Ҳар турда улардан тўрт нафари дона суради ва биттаси захира ўйинчиси вазифасини бажаради. Мусобақа швейцарча тизимда 11 раунддан иборат бўлади.
Вақт назорати 40 та юриш учун 90 дақиқа, ўйин тугашигача 30 дақиқа қўшилади, ҳар бир юриш учун биринчисидан бошлаб +30 сония берилади.
Фикрлар