Ўзбекистон кикбоксинг ассоциациясини ким бошқариши маълум бўлди

Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон кикбоксинг ассоциациясининг навбатдаги конференцияси ўтказилди. Унда ассоциация раҳбарлари, Ижрои қўмитаси аъзолари, спортчилар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Конференцияда кикбоксинг спорт тури шу йилнинг июль ойида Олимпия ўйинлари дастурига киритилгани — Ўзбекистон кикбоксинг ассоциацияси фаолиятини янада кучайтириш, мамлакатимизда ушбу спорт турига бўлган қизиқиш ва эътиборнинг яна ошишига туртки бўлиши эътироф этилди.

Тадбирда ташкилий масалалар ҳам кўрилди. Ассоциация раҳбар органлари тизимига ўзгартириш киритилиб, раис лавозими жорий этилди, ташкилотнинг янги Устави қабул қилинди.

Шу пайтга қадар ассоциация президенти вазифасини бажариб келган Ойбек Норметов ассоциация раислигига сайланди. Ассоциация президентлигига эса Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев сайланди.

photo_2021-08-16_16-02-49

«Мамлакатимиз раҳбарининг спортга қаратаётган эътибори — Токиода ўтказилган Олимпия ўйинларида қўлга киритилган натижаларда ҳам ўз аксини топди. Ушбу ғалабаларга яратилган шароит ҳамда мураббийлар ва спортчиларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига эришилди.

Энг биринчи навбатда, ёшларни ушбу спорт турига кенгроқ қизиқтириш ва жалб этишимиз лозим. Бунинг учун спорт иншоотларини қайта қуриш, реконструкция қилиш, ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиш жуда муҳим.

Шунингдек, Кикбоксинг ассоциациясининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, спортчиларимизнинг тайёргарлик жараёнлари, ўқув-йиғинлари, мусобақалар учун махсус заллар ва майдонлар ташкил этиш, кикбоксинг бўйича мураббийларни кўпайтириш, уларнинг малакасини ошириш бўйича иш олиб борамиз.

Ишончим комилки, олдимизда турган муҳим вазифаларни амалга оширсак, кикбоксингчиларимиз ҳам бошқа спортчилари сингари нуфузли мусобақаларда юртимиз байроғини баланд кўтаради», — дея таъкидлади ассоциациянинг янги президенти Асаджон Ходжаев.

photo_2021-08-16_16-02-48

Конференция якунида ассоциация олдида турган муҳим вазифалар белгиланди. Спортчиларнинг тайёргарлиги, мусобақаларда муносиб иштирок этиш масалалари муҳокама қилинди.

Манба: aoka.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!