Ўзбекистон кубоги. Саралашдан 2 та жамоа гуруҳ босқичига ўтади

Кеча Қаршининг “Насаф” клуби Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига йўлланмани қўлга киритди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Coca-Cola кубоги гуруҳ босқичи ўйинлари давом этаётган вақтда мамлакатимизнинг икки клуби — “Пахтакор” ва “Насаф” халқаро майдонда кураш олиб борадиган бўлди. 

Ўз-ўзидан гуруҳ босқичида уларнинг ўрнида 2 та жамоа иштирок этади. Мазкур жамоалар саралаш ўйинлари орқали аниқлаб олинади. 

Аввалроқ хабар берилганидек, саралашда 15 та жамоа кураш олиб боради. Беллашувлар марказлашган тизимда пойтахт Тошкентда ташкил этилади. 19 март куни саралаш учрашувларига “Спорт” телеканалидаги жонли эфирда қуръа ташланади.

Саралашнинг I босқичи 23 март куни бўлиб ўтади. II босқич 25 март ҳамда III босқич учрашувлари 27 март кунига тайин қилинган. 

Қуръа давомида 15 та клуб 8 та жуфтликка ажратиб олинади ва фақатгина 1 та омадли жамоа тўғридан-тўғри II босқич чиптасини қўлга киритади. Саралашнинг II ва III босқичига иштирокчилар кўз ўнгида алоҳида қуръа ташланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!