Ўзбекистон миллий ҳамда олимпия терма жамоалари ҳисобот топширишди
Ads

Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси Ўзбекистон миллий ҳамда олимпия терма жамоаларининг май ойида ўтказган ўқув-машғулот йиғини ва ўртоқлик ўйинлари бўйича ҳисоботини тинглади. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда. 

Асосан ёш футболчилардан таркиб топган миллий терма жамоа 16 май куни Тошкентда йиғинга кирди. Пойтахтдаги машғулотлардан сўнг, миллий терма жамоа ўртоқлик учрашувини ўтказиш учун Эронга жўнаб кетди.

Ўзбекистон ва Эронда бўлиб ўтган йиғин давомида 21 футболчи жисмоний ва назарий машғулотларда иштирок этиб, 2018 йилги жаҳон чемпионатининг иштирокчиси бўлган Эрон терма жамоаси билан халқаро ўртоқлик учрашувида иштирок этди.

Ўйин 19 май куни Эрон пойтаҳти – Теҳрон шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси 0-1 ҳисобида мағлубиятга учради.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг мураббийлар кенгаши аъзолари бўлиб ўтган машғулотлар ва ўртоқлик учрашувида жамоа олдига асосий вазифаларнинг ижроси бўйича ҳам ҳисобот берди.

“Эронга қарши ўйинда терма жамоага жалб қилинган ёш футболчилар қўйилган вазифаларни максимум даражада бажаришга ҳаракат қилишди. Тан олиш керак, кўпчилик футболчиларимиз миллий терма жамоа таркибида биринчи марта майдонга тушаётганликлари қарамай, кучли терма жамоага қарши юқори даражада ўйин кўрсатиб, муносиб қаршилик кўрсатишди. Энг муҳими, Миллий терма жамоага номзод ёш футболчилар халқаро ўйин амалиётига эга бўлишди”, - деб хулоса қилади Мураббийлар кенгаши.

Йиғин тугагач терма жамоалар бошқармаси ва мураббийлар кенгаши ўйинни тўлиқлигича таҳлил қилиб чиқди ва амалга оширилиши керак бўлган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди. 

Ҳар бир футболчига ўзи ўйнайдиган клубда шуғулланишида риоя қилиниши керак бўлган индивидуал тайёргарлик дастури берилди. Улар эса май ойидаги янги йиғингача мониторинг қилиб борилади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, ЎФА Терма жамоалар бошқармасининг иш режасида 7 июнь куни сафарда Уругвай терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ва ўқув-машғулот йиғинлари бор.

Шунингдек, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров олимпия терма жамоасининг 17 майдан 20 майга қадар Тошкент шаҳрида ўтказилган йиғин бўйича ҳисоботини тақдим қилди.

Йиғинга Суперлига ва Про-лига клубларининг 24 нафар футболчиси жалб қилинди. Йиғин давомида 6 та ўқув машғулоти ва 4 та назарий дарс ҳамда дарслар сўнгида тест синови ўтказилди.

Машғулотлар давомида терма жамоалари иккига бўлинган ҳорлда ўйинлар ўтказди. Йиғиннинг сўнгикуни, яъни 20 майда “Пахтакор” футбол клубининг аралаш таркибига қарши назорат ўйини ташкил қилинди. Ўйинда олимпия терма жамоаси 3-2 ҳисобида ғалаба қозонди.