Ўзбекистон Суперкубоги водийда ўтказилади
Шу йилнинг 27 февраль санасида Ўзбекистон Суперкубоги учрашуви бўлиб ўтиши аввалроқ хабар берилганди. Унда Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони “Пахтакор” мамлакат кубоги соҳиби “Насаф”га қарши саф тортади.
Бир йил аввал ҳам мазкур жамоалар иштирокидаги учрашув футбол мавсумини бошлаб берган ва ўйинга Самарқанд мезбонлик қилганди. Бунда майдон ҳар икки клуб учун нейтрал бўлиши масаласи кун тартибига қўйилганини қайд этиш керак.
Қарши ва Тошкент учун нейтрал арена сифатида яна Самарқанд шаҳрини танлаб олиш тўғри бўлмасди. Боиси, мазкур шаҳар 2021 йилги мавсумда икки катта футбол учрашувига мезбонлик қилди. Жиззахдаги стадионда эса майса ҳолатини яхшилаш ишлари давом этмоқда. Водийга назар солинса, айни вақтда Наманган ва Яйпандаги стадионлар талабга жавоб беради. Бироқ икки йил аввал Наманган ҳам катта футбол учрашувини қабул қилган.
Ўтган мавсум Яйпаннинг “Турон” футбол клуби ўз аренасини қайта реконструкция қилди. Шунингдек, клуб қисқа фурсат ичида ўз прожекторларини ОФК талаб қилган минимум кўрсаткичларга келтира олди. Шундан келиб чиқилса, мазкур арена ҳам эндиликда катта учрашувларга мезбонлик қилишга тайёр. Натижада ЎФА ҳамда ЎзПФЛ ўзаро фикр алмашиб, Суперкубок учрашувини Яйпанда ташкил қилишга қарор қилди.
“Турон” футбол клуби ва ЎзПФЛ Суперкубок масаласида келишиб олди. Эндиликда ушрашувни юқори савияда ташкил этиш юзасидан ҳамкорликда иш олиб борилади.
27 февраль кунги беллашув 16:00 да старт олади. Ўзбекистон кубогининг финал учрашувига мезбонлик қилувчи арена номига эса кубок беллашувларига қуръа ташлаш маросимида ойдинлик киритилади.
Фикрлар