Ўзбекистон терма жамоаси Аргентина ва Испаниядан яхшироқ натижа қайд этиб келмоқда!
"ЖЧ-2026" саралаши доирасидаги Қирғиз Республикаси ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги баҳс бўлиб ўтди ва унда вакилларимиз 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Жоэль Кожо ҳисобни очган бўлса, Шомуродов навбатдаги ҳужумнинг ўзидаёқ мувозанатни тиклади. 35-дақиқада Одилжон Абдураҳмонов қўшниларимизни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, Алиқулов тенглаштирувчи, Ўрунов эса ғалаба голини киритди.
Шу тариқа, "оқ бўрилар" иккинчи турда ҳам 3 очкони қўлга киритди.
Учрашув давомида Ўзбекистон терма жамоаси кўплаб хавфли вазиятлар яратди ва рақибдан устун эканлигини статистикада ҳам намоён этди. Жумладан, ҳамюртларимиз учта яққол голли вазиятга эга бўлди. Шунингдек, рақиб дарвозаси томон жами 17 та зарба йўллади. Бурчак зарбалари, тўп назорати борасида ҳам устунлик бизда эди. Фақатгина қўполлик ва сариқ карточкалар борасида кўрсаткичларимиз бироз салбий.
Таниқли портал "SofaScore" порталига кўра, ушбу беллашувнинг энг яхши футболчиси деб Элдор Шомуродов тан олинди. У 8.4 баллга лойиқ кўрилди. Қуйида бошқа футболчиларга ҳам қўйилган баллар билан танишинг:
Таъкидлаш керак, гуруҳимиздаги қолган учрашувларда КХДР ва Қатар муроса кўчасини танлади (2:2). Эрон эса БААни минимал ҳисобда таслим этди (1:0). Икки учрашувда максимал очко тўплаган форслар ва Ўзбекистон айни дамда гуруҳ пешқадами ҳисобланади.
Қайд этиш лозим, сўнгги бора Ўзбекистон терма жамоаси роппа-роса бир йил аввал, аниқроғи 2023 йилнинг 10 сентябрь куни АҚШ терма жамоасига 0:3 ҳисобида имкониятни бой берганди. Веа, Пепи ҳамда Пулишичнинг голлари шимолий америкаликларга йирик ғалабани тақдим этганди.
Гарчи, терма жамоамиз Қатарга Осиё Кубоги чорак финалида мағлуб бўлиб, турнирни тарк этган бўлса-да, асосий вақтда дуранг натижа қайд этилган ва қатарликлар пенальтилар сериясида зафар қучган. Бундай ҳолатда мағлубият статистикада қайд этилмайди.
"ЖЧ-2026" саралаши иккинчи ва учинчи босқичи доирасида Ўзбекистон терма жамоаси жами 8 та ўйин ўтказди. Уларнинг 6 тасида ғалаба ва 2 тасида дуранг натижа қайд этилган (ҳар иккиси Эрон билан).
Кейинги учрашувни Ўзбекистон терма жамоаси форсларга қарши 10 октябрь куни ўтказади.
Ўзбекистон терма жамоаси айни дамда терма жамоалар ғалабали серия борасида энг яхши кўрсаткичга эга. Термамиз 18 учрашувдан буён мағлуб бўлмаяпти. Маълумот учун, мазкур кўрсаткич бўйича вакилларимиз Сенегал (14 ўйин), Аргентина (12 ўйин), Испания (12 ўйин) ва Словения (12 ўйин) каби номдор терма жамоалардан яхшироқ натижа қайд этяпти.
Карим Худайқулов
Фикрлар