Ўзбекистон ёрдамчи мураббийи Катанецнинг аҳволи, рақибга қарши қандай тайёрланаётгани ва ижобий натижа қўлга киритиш йўллари ҳақида гапирди (матбуот анжумани)

Хабарингиз бор, эртага Ўзбекистон миллий терма жамоаси "ЖЧ-2026" саралаши доирасида Гонконгга қарши баҳс олиб боради. Мазкур ўйин олдидан вакилларимиз ёрдамчи мураббийи Владо Радманович матбуот анжуманида иштирок этиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

"Ҳаммага хайрли кун! Афсуски, эртанги ўйинни бош мураббийимиз Сречко Катанецсиз ўтказишга мажбурмиз. Унинг ҳолати ҳақида маълумот бермоқчиман.

Икки кун олдин у ўзини ноқулай ҳис қилаётганини айтди ва шунингдек, унда шахсий муаммолар борлигини айтди. Унинг ҳаёти борасида батафсил сўраб ўтиришни лозим топмадик. 

Шунга қарамай, биз, жаноб Катанец ва бутун ўзбек ҳалқи жамоамизга ишонади. Эртага ҳам муносиб натижа билан мухлисларни хурсанд қилишни мақсад қилганмиз. 

Гонконгни ва қолган барча жамоаларни бирдек ҳурмат қиламиз. Бизда ҳеч қандай хавотир йўқ, аммо беписандлик билан учрашувга тайёргарлик кўрмаслик лозим. 

Биз доим энг юқори даражада ўйин намойиш этишни мақсад қиламиз. Қисқа вақт ичида бир рақиб билан икки учрашув ўтказиш ростан қийинчилик туғдиради. Натижага етишиш учун тўғри йўл танлай олишимиз керак. 

Ғалаба қозонган ўйинимиздан хулоса чиқариб, Гонконг термасининг заиф нуқталаридан янада унумли фойдаланишимиз керак. Шунингдек, беллашув олдидан мотивация ҳам муҳим аҳамиятга эга. 

Турғунбоев универсал футболчиларимиздан бири ҳисобланади. Унинг қанот ҳимоясидаги ўрни беқиёс. Азиз гоҳида ҳимоячи, гоҳида ярим ҳимоячи ва керак бўлса, ҳужумчи чизиғида ҳам ҳаракат қила олади. 3 ҳимоячилик тактикада унинг жамоага фойдаси жуда катта экани барчага намоён бўлиб турибди. 

Эртага Катанец билан мулоқот орқали қандай тактик схемада ҳаракат қилишимизни ҳал қилиб оламиз. Гонконгнинг кучли ва кучсиз томонлари ҳақида етарлича маълумотга эгамиз", - деди мутахассис.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!