Ўзбекистонда "Tashkent Marathon" ва “Save Aral” экомарафони ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони эълон қилинди.

Унда соҳага оид бир қатор янгиликлар жорий этилиши ҳам қайд этиб ўтилган. Жумладан, 2020 йилдан бошлаб спорт соҳасида “Tashkent Marathon” халқаро марафони, “Save Aral” халқаро экомарафони, авторалли ва мотокросс спорт мусобақаларини тизимли ўтказиш орқали спорт туризмини ривожлантириш;

2020 йил 1 февралдан бошлаб босқичма-босқич олимпия спорт турлари бўйича республика спорт мусобақаларида допинг-тест намуналарини олиш тизимини жорий этиш;

қишки Олимпия спорт турлари инфратузилмасини яратиш, ушбу спорт турларини оммавийлаштириш орқали профессионал спортчиларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;

Ўзбекистон спорт делегацияларини нуфузли спорт мусобақаларига тизимли тайёрлаш бўйича Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида Олимпия тайёргарлик марказини ташкил этиш;

хорижлик спортчи ва мухлисларни кенг жалб қилиш ҳамда спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш мақсадида “хоспиталити хизматлари”ни йўлга қўйиш, “Sport Visa” қўшимча (электрон бўлмаган) кириш визасини жорий этиш;

спорт соҳасида хусусий сектор иштирокини ошириш, шу жумладан, спорт ташкилотларида давлат улушини камайтириш бўйича зарур чоралар белгилаш;

спорт лотереяларини ташкил этиш орқали спортни қўшимча молиялаштириш тизимини кенгайтириш каби қўшимча чора-тадбирлар ижроси бўйича тегишли кўрсатмалар бериб ўтилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!