Ўзбекистондан нокаут, Куба тўхтамаяпти, Қозоғистонда сенсация, Россия эса шокда!

Тошкентда дунёнинг юздан зиёд мамлакатидан 600 дан ортиқ боксчи иштирокида бошланган жаҳон чемпионатида совринли ўринлар учун курашаётган кучли чарм қўлқоп усталар тобора сараланиб бормоқда.

Кўпчилик мухлису мутахассисларни Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва Куба терма жамоаларининг натижалари қизиқтираётганини инобатга олиб, sports.uz сайти жаҳон чемпионатининг еттинчи кунида ушбу мамлакатлар боксчилари қайд этган натижалар билан таништириб ўтамиз.

Қозоғистон терма жамоаси еттинчи кунги баҳсларда кутилмаган йўқотишга дуч келди. Қўшни мамлакат терма жамоасининг асосий юлдузи – 51 килограмм вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони Сакен Бибосинов мусобақадан  чиқиб кетди. Кескин ва муросасиз баҳсда ҳиндистонлик Дипак Кумар қозоқ боксчисидан устунлик қилди. Натижадан норози бўлган қозоғистонликларнинг апелляцияси қабул қилинмади.

2305071632471940g

Қолган уч боксчи мухлисларни хурсанд қилди. Серик Темиржанов венгриялик Роланд Верешни қийинчиликсиз енгди. Нурканат Райис доминиканлик Виргилио де лос Сантос Дельгадога қарши баҳсда нокдаунга тушиб қолиб, ишқибозларни бир қўрқитди. Бироқ, жангнинг қолган қисмида очколар ҳисобида ғалаба қозонишни уддалади.

Ўта оғир вазн тоифасидаги жангларда Қамшибек Кункабаев суриялик рақиби Муҳаммад Млайесани мағлубиятга учратди.

Россия терма жамоаси ҳам бир қатор йўқотишларга учради. Эдуард Саввин жаҳон чемпионатини чиройли нокаут билан бошлаган бўлса-да, кейинги жангда кутилмаганда ҳиндистонлик Муҳаммад Ҳисомиддинга ютқазиб қўйди. Василик Егоров япониялик Томое Цубоига қарши баҳсда рақибига ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмади.

Рус боксчиларидан фақатгина Павел Сосулин ҳиндистонлик Сумитни очколар ҳисобида енгиб, мусобақадаги юришини давом эттирадиган бўлди.

Куба терма жамоаси вакилларидан тўрт нафари рингга чиқиб, уларнинг барчаси ғалабага эришди. Эрислан Ромеро Баҳрайн терма жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган асли қозоқ боксчи Азат Махметовни мағлуб этди. Сайдель Орта доминиканлик Хосе де Лос Сантосни мусобақадан чиқариб юборди.

Йоэнлик Эрнандес иорданиядан келган Аҳмад Ал-Мхаратга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Ўта оғир вазнли боксчилар жангида Адехандро Арсола ҳиндистонлик Нарендер устидан муваффақият қозонди.

Ўзбекистон терма жамоасидан тўртта боксчи рингга чиқиб, мухлисларни жумбушга келтирди. Олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўсматов марокашлик Сади Мортажини қийинчиликсиз енгди.

IMG_4954

Абдумалик Халаков янги вазнга мослашиб олганини кўрсатди. Ёш боксчи австралиялик Сеньор Чарлидан устун келди.

Аълохон Абдуллаев кучли рақиб – хитойлик Меньян Чжоа тўсиғидан муваффақиятли ўтиб, мухлису мутахассислар ишончини оқлади.

Ниҳоят, Баҳодир Жалолов жаҳон чемпионлига сари яна бир дадил қадамни ташлади. Жаҳон ва Олимпиада чемпиони бўлган боксчимиз австралиялик Теремоан Жуниорга қарши жангда рақибини техник нокаутга учратиб, кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди.

Бокс: Ўзбекистон, Қозоғистон, Куба плюс, Россия минус!

Яна Баҳодир Жалолов ҳақида...

Баҳодир Жалолов жаҳон чемпионлиги йўлида асосий рақибларини айтди!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!