Ўзбекистонлик футболчи Россиядан сўнг Европага бормоқчи
Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни кунларда Дубайда хориж йиғини ўтказмоқда. Вакилларимиз машғулотлар давомида ўртоқлик ўйинлари ҳам ўтказишди.
ЎФА матбуот хизмати терма жамоа ҳимоячиси, Россиянинг "Нижний Новгород" клуби аъзоси Иброҳимхалил Йўлдошев билан интервью ташкил қилганди ва ўша интервьюнинг биринчи қисмини сизларга тақдим этгандик. Энди эса Иброҳимхалил "Женоа"нинг таклифи, Сречко Катанецнинг қандай мураббий эканлиги ва бошқалар ҳақидаги фикрларини ҳавола қиламиз.
Қуйида интервьюнинг иккинчи қисми билан танишинг (Биринчи қисм >>>>>Ўзбекистон МТЖ ҳимоячиси аслида ҳужумчи бўлганини билармидингиз?):
- Маълум вақт мобайнида Сречко Катанец бошчилигида машғулотлар ўтказиб келяпсиз. Унинг қандай ўзига хос хусусиятларини қайд эта оласиз?
- Менга ёққан ва ажралиб турган хусусиятлари - у тартиб-интизомга жиддий қарайди. Биринчи учрашувда у тартибга қаттиқ эътибор қаратишини айтганди. Овқатланиш жараёни, телефондан фойдаланиш каби нарсаларни доим назорат қилиб боради.
Шунингдек, у ҳозирда ҳимоядан ҳужумга паслар орқали чиқиб кетиш бўйича ишламоқда. Кучли жамоаларга қарши паслар орқали ўйнаш ва ҳимоявий ҳаракатларда рақибни кутиб олиш янада такомиллаштирилмоқда.
Рақиб ҳужум қилаётганда тартиб билан ҳимояланиш талаб этилмоқда. Ҳозир биз 5 ҳимоячи билан ҳам ўйнаб кўрмоқдамиз...
- Ростан ҳам "Ал-Ваҳда"га қарши баҳсда 5 та ҳимоячи билан ўйнадик. Бунақаси бизнинг футболда кузатилмаган эди. Шу схемада қанот ҳимоячисининг вазифаси 4 ҳимоячи билан ўйнаганга нисбатан ўзгарадами?
- Ўзгариш бўлади. Чунки рақиб жамоа тўпга эгалик қилаётганда, қанот ҳимоячисининг вазифаси уларни олдинроқда кутиб олиш.
- "Нижний Новгород" клуби билан шартнома имзоладингиз. Анча ёш пайтингизда легионерга айландингиз. Барибир бошқа давлат, у ерга кўникиш ҳолати бор. "Нижний Новгород"даги мослашув жараёни қандай кечди?
- Биринчи марта легионерга айландим ва табиийки, жамоа билан чиқишиб кетиш бошида қийин бўлди. Менда бу жараён шундай ўтади, деб ўйлайман.
У ерга бордим, жамоа билан машғулот ўтказдим, футболчилар билан мулоқот қилиш қийин бўлди. Бироқ кейинчалик машғулотларда йигитлар билан гаплашиб, мураббий билан яхшилаб суҳбатлашганимдан сўнг, у ерга ҳам кўникиб кетдим.
- Александр Кержаков "Нижний Новгород" бош мураббийи. Биз уни зўр футболчи сифатида биламиз. Кучли клубларда ўйнаган. "Севилья"да голлар уриб, анча ёрқин ўйин намойиш этган. Россия терма жамоасининг энг яхши тўпурарларидан бири саналади. Лекин мураббий сифатида уни ўрганиб чиқишга улгурмадик. Сиз ҳар куни кўришасиз, кузатасиз. Мураббий сифатида Кержаков қандай таассурот уйғотяпти?
- Александр Кержаковнинг менга ёққан томони - мураббийлик бўйича жиддий инсон. Масалан, машғулотда, ўйинчиларга бўлган талаблари юқори. Ҳар бир позицияда унинг кўрсатмалари бўйича ҳаракатланиш керак. Шу билан бир қаторда, жамоа ютқазиб турган ҳолатда у яхши мотивация бера олади. Шу жиҳатлари менга манзур келди.
- Футболчи учун мураббийнинг ишончи жуда катта роль ўйнайди. Кержаковнинг сизга бўлган ишончи қай даражада? Ўзаро суҳбатларда сизга нималар ҳақида гапиради?
- Мен борганимдан кейин 2 та машғулотдан сўнг у мени асосий таркибда туширди. "Ҳамма мураббий шундай бўлади", - деб ўйламайман. У пайтда мен ҳаракат қиладиган чизиқда яхшироқ футболчилар бор эди. Шунга қарамай, у мени асосийда туширди. Бунинг учун ундан миннатдорман. Ундан кейин ҳам у менинг машғулот ёки ўйин пайти йўл қўяётган ҳар бир хатони оператор орқали кўрсатиб, ишонч билдиряпти.
- Миллий терма жамоамизнинг бир қанча ёрқин юлдузлари ўз вақтида айнан Россияда фаолият юритган. Яқин ўтмишни эсласак, Одил Аҳмедов мисол бўла олади. Элдор Шомуродовнинг ҳам Европага юриши айнан Россиядан бошланган. Россияни танлашингизда сизга ким маслаҳат берди? Ўйлайманки, сизда "Нижний Новгород"дан бошқа яна таклифлар бўлган. Бу клубга ўтиш ёки ўтмаслик, Ўзбекистонда қолиш масаласи кўтарилганда кимлардан маслаҳат олгансиз? Новгородликлар сафига ўтишингиз қандай рўй берган?
- "Нижний Новгород"дан олдин "Женоа"дан ҳам таклиф тушган. Ушбу клуб мени сотиб олиб, кейин Европанинг бошқа жамоасига ижарага бермоқчи бўлган. Кейин ҳозирги клубимдан таклиф келди. Ўша пайти Тошкентда эдим. Агентим орқали улар билан онлайн тарзда гаплашдик. Александр Кержаков билан ҳам. У мени асосий таркибда ўйнатмоқчи эканлигини айтди. Биз эса ўйлаб кўришимизни билдирдик. Ўйладимки, Европага борсам тил ўрганишим керак эди, тўғриси. Инглиз тилини деярли билмайман. Тил ўрганиш, яшаш тарзи ва асосий таркибда тушиш ёки тушмаслигимни аниқ билмаганим учун ўзимга-ўзим "Россиядан кейин у ерга бораман", - дедим. Тажриба тўплаб, асосий таркибда кўпроқ ўйинлар ўтказиш мақсадида "Нижний Новгород"ни танладим.
- "Женоа" айнан қайси клубга ижарага бермоқчи бўлганини билмасмидингиз?
- Йўқ, билмайман.
- Демак, кейинчалик бўлса ҳам, барибир Европага кетишни истайсиз. Агентлар билан суҳбатда Европага кетиш имкониятлари ҳақида гаплашиб кўрганмисиз?
- Тўғриси, бу ҳақда гаплашмаганмиз. Ҳозирча, фақат Россиядаги фаолиятим ҳақида ўйлаяпман.
- Шартнома қачонгача амал қилади?
- Ёзгача. Июн ойига қадар.
- Шундай экан, ҳали кейинги режаларни тузиб чиқмагансиз?
- Йўқ, ўйлаб кўрмадим.
Фикрлар