Ўзбекистонлик ёшлар ўртасида WBC чемпионининг навбатдаги жанги 3 раунд давом этди

  • 4 апрель, 2021, 11:33
  • 0
  • Бокс

Кеча, Россиянинг Қозон шаҳрида машҳур собиқ боксчимиз Руслан Чагаевнинг М-13 промоутерлик компанияси томонидан ўзига хос профессионал бокс оқшоми ташкил этилди. Мазкур жанг кечасида ҳамюртимиз, Зуфар Сулаймонов шогирди, ёшлар ўртасида WBC жаҳон чемпионлик камари соҳиби Равшанбек Маҳаммаджонов ҳам 8 раундлик рейтинг жангида рингга кўтарилди. 

У асли ўзбекистонлик бир неча йиллардан буён Россияда фаолият юритиб, ўша ерда машғулотлар олиб бораётган Ғиёсбек Мамажонов билан баҳс юритди. Аслида, Равшанбек Россия вакили Роман Клемашовга қарши жанг қилиши керак эди. Бироқ, жароҳат туфайли у қисқа вақт қолганда жангда иштирок эта олмаслигини билдирди. Шунинг учун унинг ўрни Ғиёсбек Мамажонов билан тўлдирилди. 

Мазкур тўқнашув 3 раунд давом этди. Ўтган раундларда катта устунликка эришган Маҳаммаджонов рақибини қийин ҳолатга тушириб қўйди. Натижада, Мамажонов жамоаси тўртинчи раундга чиқишни истамади. Шундай қилиб, Равшанбек Маҳаммаджонов навбатдаги жангида техник нокаут билан ғалабага эришди. 

Ушбу ғалаба билан боксчимиз ва унинг мураббийини муборакбод этамиз!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!