Ўзбекистоннинг кучли тўртликка кира олмаслиги, пичоққа илинадиган футболчининг йўқлиги, олимпиячиларимизнинг “фантастик” ўйини. (Мулоҳаза)
Хабарингиз бор, ФИФА яқиндагина 2022 йил Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати 32 та терма жамоа қатнашишини расман эълон қилди. Бунга қадар жамоалар сонини 48 тага етказилиш борасида ишлар олиб борилганди. Бироқ якунда жамоалар сони оширилмади.
Ушбу хабардан сўнг биз футбол шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаевга юзландик ва уларнинг ушбу маълумот биз учун қандай салбий томонлари борлигига қизиқдик.
- Биз сиз билан биргаликда хоҳлаймизми йўқми, ҳар қандай шароитда терма жамоамизни яхши кўрамиз. Футболчилар, мураббийлар нотўғри қарор қилганда, натижалар кўнгилни ранжитганда ўша куни асабимиз бузилади. Лекин эртаси куни янги умид билан уйғонамиз. Кейинги учрашувларни кута бошлаймиз. Чунки бу қон қонимизга сингиб кетган футболга бўлган меҳрнинг таъсири бўлса керак. Яқин яқингача ҳар сафар жаҳон чемпионатига чиқишга бир баҳия етмай қолди деб ўзимизни овутардик ва кейингисида ҳудо хоҳласа, жаҳон чемпионати финал босқичида 32 та эмас, балки 48 та жамоа иштирок этаркан, ўшанда, албатта, Ўзбекистон футболчилари мундиалга боришади, Ҳожибой Тожибоев айтганидек, ҳеч бўлмаса музқаймоқ еб келишади деб, ўзимизни ўзимиз юпатардик.
Хабарингиз бўлса керак, ФИФА 2022 йили Қатарда ўтказиладиган жаҳон чемпионатида 32 та миллий терма жамоа иштирок этишини расман тасдиқлади. Мабодо 48 та бўлиб қолармикан деган умидлар саробга айланди. Қатарнинг ўзи мундиални 48 та жамоа иштирок этишига тайёрлигини билдиргани эътиборга лойиқ. Қатарликлар ҳозир қурилаётган, биттаси фойдаланишга топширилган стадионнинг ёнига яна 4 та арена қўшиб қўйиш мумкинликларини билдиришди. Фақат мезбон давлат ана шу стадионлар сиғимини 20 000дан ошмаслигини таклиф қилди. ФИФА бу таклифга кўнмади. Қўни-қўшнилар ўтказа қолсин деган вариант ҳам ўзини оқламади. Қатар атрофидагилар жаҳон чемпионати савиясидаги ўйинларни ўтказишга тайёр эмасликларини билдиришди. Баъзи мамлакатлар сиёсий нуқтаъи назардан бунга розилик бермади. Нима бўлганда ҳам 2022 йилги жаҳон чемпионати саралашига Осиёга тўрт яримта ўрин ажратилмоқда холос. Ўша яримтасини олиб ташлайлик. Тўртта дейлик. Биз ўша тўрттанинг ичига кира оламизми? Келинг, ўзимизни алдамайлик. Агар бугунги футбол бўлса, 4 та етакчи жамоа орасида бизга жой тегмайди. Бу ёқмайдиган ҳақиқат. Лекин ўзимизни алдаганимиздан нима фойда? Тўғриси, бир тасаввур қилиб кўринг. Бугун қитъа миқёсидаги футболни мунтазам равишда кузатиб бораётган бўлсангиз, биз Япония, Жанубий Корея, Австралия, Эрон, Қатар каби терма жамоалардан бир бош устунмиз деб айта оласизми? Агар футболни кузатиб бораётган бўлсангиз, бу саволга ижобий жавоб бермайсиз. Ваҳоланки, буёқда ҳали Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Ироқ, Сурия, Шимолий Корея ва бир қатор мамлакат терма жамоалари ҳам бор. Шу терма жамоаларнинг ўйинларининг кўпини январь ойида ўтказилган Осиё Кубогида кўрдик. Бизникиларнинг ўйинини томоша қилдик. Австралия кучсизланган ҳолда биздан устун чиқа билди. Бизчи? Қайси таркиб билан Эрон, Жанубий Корея, Японияни бемалол юта оламиз? Бугун майдонга тушаётган футболчиларимиздан қайси бири ўша рақибларнинг футболчиларини қўрқита олади, доғда қолдиришни уддалайди?
Бугунги кунда Осиё чемпионлар лигасида иштирок этаётган клублар орасида фақатгина Одил Аҳмедов қолди холос. Португалияга кўчиб ўтиши билан фахрланганимиз Сардор Рашидов битта учрашувда ажойиб натижани қайд этди, тарихга ўз номини муҳрлади ва уйга қайтиб келди. Яна ким бор?
Клубларимиз ОЧЛда қандай иштирок этганидан хабарингиз бор. Ваҳоланки, клублар орасидаги мусобақаларда бир қатор рақибларга ҳали дуч келмадик. Фақатгина ғарбдаги клублари билан ўйнадик. Шарқда кучаяётган Таиланд бор, Вьетнам ўз сўзини айтмоқчи. Ҳа энди умид йўқ экан деб ўтирсак, ўтираверамиз.
23 ёшликлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги жамоамиз ғалаба қозонганида, ҳаммамиз роса хурсанд бўлдик. Бу ҳам бор гап. Чинакамига ўша жамоа кўрсатган ўйинидан завқ олдик. Равшан Ҳайдаровнинг мураббий сифатида нималарга қодир эканлигини кўрдик. Чунки тенг ўйин кетаётган бир пайтда, қўшимча вақтда ҳимоячи ўрнига ярим ҳимоячи, ҳужумчини майдонга тушира олиш Ўзбекистондаги унча-мунча мураббийнинг қўлидан келмасди, аввал. Бир амаллаб пенальтилар сериясига етиб келишни ўйлашарди ҳамюртларимиз. Равшан Ҳайдаров бошқача йўл тутди. Унинг шогирдлари, ҳимоячилари қўшимча вақтда ҳужумда югуриб юрганини кўрдик. Акрамжон Комилов ярим финалда урган голни ҳали эсдан чиқарганимиз йўқ. Ёки финалда учрашув якунланиши арафасида ҳамюртимиз дарвозани ишғол қилиб, чемпионликни келтиргани эсингизда, албатта. Ана ўша жамоанинг ғалабасига бизникиларнинг кучи, шижоати, ғайрати, омади келиши билан бирга айрим рақиблар била туриб, онгли равишда ёшроқ футболчилардан иборат таркибни олиб боргани ҳам сабаб бўлганди. Ёдингизда бўлса, Япония Осиё чемпионатига 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган олимпия ўйинларида иштирок эта оладиган таркиб билан ташриф буюрган. Қолган мамлакатларда ёшлар анча-мунча эди. Шу боисдан ҳам Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги жамоамиз биз кутган натижани – шуҳсупага кўтарилиш вазифасини уддалай билмади.
Футболимиз мутасаддилари чет элдан мураббий олиб келишди. Любинко Друлович келганида Европа футболи юртимизга ўз ҳавоси билан киради деб кутдик. Бироқ саралаш босқичидаги ўйинларни таҳлил қиладиган бўлсак, ҳали қувонишимизга эрта экан. Ўйин майли. Ёдингизда бўлса, Токио олимпиадасига йўлланма берадиган Осиё чемпионати финал босқичига юртдошларимиз Тожикистон билан 0:0 ҳисобидаги дуранг қайд этган ҳолда чиқишди. Тожикистон терма жамоасига Тошкентда бирорта гол ура олмаганимиздан кейин мураббийдан ана шу воқеа, ҳодисанинг таҳлилини кутгандик. Друлович шогирдларим жуда зўр ўйнашди, фантастик футбол намойиш этишди деганидан сўнг, ҳайрон-у, лол бўлиб қолдик. Наҳотки, ўша куни сиз билан биз томоша қилганимиз фантастик ўйин бўлса? Агар бу фантастик ўйин десак, унда қаерга боришимизни билмадим.
Келгуси йил январда Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Совриндорлар Токиога йўлланмани қўлга киритишади. Биз барчамиз ҳеч бўлмаса мана шу авлод олимпиада ўйинларида қатнашсин, тажриба орттирсин. Кейин Қатарга жаҳон чемпионатига бориш учун йигитлар жон жаҳти билан курашади ва сиз-у бизни хурсанд қилади деб ишонгимиз келади. Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлсин. Лекин ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимизнинг ўйинлари ва натижалари пасайиб бораётгани кишини ташвишлантиради. 16, 19 ёшгача бўлганлар яқин ўтмишда жаҳон чемпионатига чиқибгина қолмасдан, мундиалда чорак финалга бораётганди ва биз бинга ўрганишни бошлагандик. Энди эса жаҳон чемпионати уёқда турсин, Осиё чемпионати финал босқичига йўлланмани қўлга кирита олмаяпмиз.
Футболмизда ислоҳотлар амалга оширилаяпти, терма жамоалар таркибига чинакам истеъдодларни вилоятлардан топиб келамиз. Уларни, албатта, кўрасиз, кашф этамиз дейишганди.
ДАВОМИ БОР...
Фикрлар