Ўзбекистоннинг Олимпиададаги ўйинига турли мамлакатлардан қандай муносабат бўлди?
Ўзбекистон терма жамоаси ўзбек футболи тарихида ўзи учун яна бир йирик мусобақани очди. 23 ёшгача бўлган футболчилардан таркиб топган ва Элдор Шомуродов, Остон Ўрунов ҳамда Ҳусниддин Алиқулов билан кучайтирилган терма жамоамиз Олимпия ўйинларида биринчи учрашувини ўтказди.
Гарчи ҳамюртларимиз Европанинг амалдаги вице-чемпиони ва ўтган Олимпия ўйинларида кумуш медални қўлга киритган Испания терма жамоасига 1:2 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса-да, футболчиларимиз рақиб билан тенгма-тенг курашгани, шиддатли ўйин кўрсатгани кўплаб мухлису мутахассисларга манзур бўлди.
Олимпия ўйинлари футбол мусобақаси гуруҳ баҳсларининг биринчи тури натижаларини таҳлил қилиш давом этмоқда.
Sports.uz портали ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига хориж нашрларида Ўзбекистон терма жамоаси ўйини бўйича билдирилган фикрларни ҳавола қилади.
Италия
- Испания терма жамоаси Ўзбекистон олимпиячиларини мағлуб этиши осон бўлгани йўқ. Марко Пубилнинг голига “Рома” ҳужумчиси Элдор Шомуродов пенальтини аниқ бажариб, жавоб қайтарди ва ҳисобни тенглаштири.
Бироқ 11 метрлик белгидан гол уролмаган Серхио Гомес орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан хатосини тўғрилаб, ғалаба тўпини киритди. Бу голги “Болонья”нинг янги ўйинчиси Хуан Миранда ажойиб пас узатиб берди.
Италия чемпионати вакилларидан яқиндагина А Серияга чиққан “Парма” футболчиси Бернабе Испания терма жамоаси мураббийлари томонидан 76-дақиқада майдонга туширилди, - деб ёзмоқда tuttomercatoweb.com сайти.
Франция
- Бу Абдуқодир Ҳусанов ва Ўзбекистон Олимпия ўйинларидаги дебют беллашув бўлди. Осиё саралаш турниридан муваффақиятли ўтган терма жамоа Париж Олимпиадасидаги футбол турнири очилишида Испания билан тўқнашди.
“Ланс” ҳимоячиси илк дақиқалардан ўйнаган учрашувда ўзбекистонликлар 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйди. Дастлаб, пенальтидан ҳисобни тенглаштиришни уддалаган ўзбеклар иккинчи бўлимда яна гол ўтказиб юборди. Бу мағлубиятдан далолат эди.
Энди бошни баланд кўтарадиган пайт келди. Ўзбекистон 27 июль куни Миср терма жамоаси билан иккинчи тур учрашувини ўтказади. Квартетдаги сўнгги беллашув 30 июлда Доминикан Республикаси футболчилари билан бўлади.
Эслатиб ўтамиз, ҳар бир гуруҳдан дастлабки икки ўринни эгаллаган терма жамоалар плей-оффга йўлланма олади, - деб ёзди lensois.com сайти.
Россия
- Ўзбекистон ва Испания Франциянинг энг катта стадионларидан “Парк де Пренс”да Олимпиаданинг олтин медали учун юришни бошлаб бериш шарафига муяссар бўлди. Испания сафида амалдаги Европа чемпиони Фермин Лопес, “Барселона” аъзолари Пау Кубарси ва Эрик Гарсия асосий юлдузлар саналади.
Испания биринчи хавфли вазиятданоқ гол урди. Руиснинг узатмасини Пубиль дарвозага жойлаб қўйди. Ўзбекларда ҳисобни тенглаштириш учун вазиятлар бўлди. Бироқ жавоб голи пенальтидан киритилди. Пау Кубарси ўз жарима майдончасида Ҳамралиевни йиқитди. 11 метрлик белгидан Элдор Шомуродов адашмади. Ўзбекистон Олимпиадалардаги илк голини урди.
57-дақиқада энди ўзбеклар дарвозасига пенальти белгиланди. Дарвозабон Абдувоҳид Неъматов Гомеснинг зарбасини оёғи билан қайтариб қолди. Лекин икик дақиқадан кейин “Манчестер Сити”да ўйнаган тажрибали футболчи ҳисобни 2:1 кўринишига олиб келди.
Ўзбекистон Элдор Шомуродов, Ҳусниддин Алиқулов ва Аббосбек Файзуллаев ҳаракатлари эвазига мағлубиятдан қутилишга ҳаракат қилиб кўрди. Испанлар иккинчи голдан кейин бирорта хавфли вазият ярата олмади. Ўзбеклар уни ҳимояга қамаб қўйди.
Ўзбек футболчилари рақибга қараганда яхшироқ ўйнади, голга яқин келди, машҳур футболчиларни вақт чўзишга мажбур қилиб қўйди. Лекин уларга ҳисобни тенглаштириш насиб қилмади. Гарчи Ўзбекистон мағлубиятга учраган бўлса-да, плей-оффга чиқиш учун яхши имкониятга эга эканини кўрсатди, - деб ёзмоқда sport-express.ru сайтди.
Қозоғистон
- Олимпия ўйинлари. “Париж-2024”. Футбол. Ўзбекистон — Испания — 1:2.
Биродарларимиз – ўзбеклар ўз шаънларини муносиб ҳимоя қила олди. Улар катта жасорат ва ўзларига бўлган ишончни кўрсата олди. Ўзбекистонликларнинг ўйини испанияликларникига қараганда мазмунлироқ чиқди.
Табриклайман. Ўзбек биродарларимиз Олимпия ўйинларида тарих яратди. Улар мусобақадаги биринчи голини урди, катта муваффақият қозонди, - деб ёзди қозоғистонлик спорти журналист Нурғози Сасаев.
Фикрлар