Ўзимизнинг чемпионатда тўп суриши кутилган Филипосян нега Индонезияга кетди?

Бир ой олдин 32 ёшли ҳимоячи Артём Филипосян Индонезиянинг “Тира Персикабо” жамоаси билан шартнома имзолагани ҳақида хабар берилганди. Ўтган йили Таиланд чемпионатида фаолият олиб борган футболчи жорий йилда ҳам яна ўзи хоҳлаганидек легионер мақомида фаолият олиб боришни лозим топди.

Мана, бир ойдирки у янги клуби билан старт оладиган бўлажак мавсум учун астойдил тайёргарлик кўриб келмоқда. Ўтган вақт давомида эса Филипосянда Индонезия футболи ҳақида оз-моз тушунчалар пайдо бўлган бўлса ажаб эмас. Лекин, аслида Артём янги мавсумни Индонезияда эмас, балки ўзимизнинг чемпионатда бошлашга жуда яқин турганди. Бу борада унга бир қатор клублар қизиқиш билдиришган ва футболчи ҳаттоки, оғзаки келишувга ҳам эришганди. Аммо кўриб турганингиздек, тақдир тақозоси билан у яна бир бор легионер мақомига айланди.

- Тўғри, мен ушбу мавсумни Ўзбекистон чемпионатида бошлашим мумкин эди. Икки-учта клублардан аниқ таклифлар бўлди. Ҳаттоки, бу масалада гаплашиб қўйган жамоам ҳам аниқ эди. Аммо уларга четдан таклиф кутаётганимни айтиб қўйгандим. Мабодо, 15 январгача хориждан аниқ таклиф келиб тушмаса эртасига янги клубим сафига қўшилишим борасида келишиб қўйгандик. 10 январь куни эса менга четдан чақурув келди ва икки кундан сўнг Индонезияга йўл олдим, - дея фикр билдирди, футболчи.

филипосянэ

Артём ўзимизнинг клуб билан келишиб қўйгандим деганда “Қўқон-1912” жамоасини назарда тутмоқда. Боиси, клуб бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов ҳимоя чизиғини мустаҳкам қилиш мақсадида Филипосянни жамоасига таклиф қилганди. Лекин футболчининг қўқонликлар сафида тўп суриши насиб этмаган экан.

- Биринчи навбатда “Қўқон-1912” жамоасига ва Бахтиёр Ашурматовга раҳмат айтмоқчиман. Тан оламан, бош мураббий мени ўз жамоасида кўришни жуда хоҳлаганди. Аммо у менга четдан таклиф тушганини тўғри тушунди ва омад тилади. Боя айтганимдек, мураббий билан келишиб қўйгандик. Аммо барчаси менга четдан таклиф бўлиши ёки бўлмаслигига боғлиқ бўлиб қолганди. Айнан шуни улар тўғри тушунишгани учун миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. 2020 йилги мавсумда қўқонликларга омад тилаб қоламан ва юқори ўринлар учун курашиш насиб этсин.

Нима бўлганда ҳам Филипосян биринчи навбатда яна бир бор хорижда ўйнаш истаги кучли эканлигини кўрсатиб қўйди. Агар Ўзбекистон чемпионатига қайтмоқчи бўлганида балки хорижликларнинг таклифларига қарамасдан аллақачон бир тўхтамга келган бўларди. Артём эса Таиланддаги фаолиятидан кейин яна легионер сифатида тўп суришга бўлган иштиёқи юқори бўлди ва бу борада уни тўғри тушунамиз.

- Ўзимни яна бир бор четда синаб кўришни маъқул кўрдим, - дея мавзуни давом эттирди, футболчи. – Сабаби хорижда ўзимни ҳар томонлама кўрсатиб, яхши из қолдиришни истайман. Мисол учун ўтган йили Таиланд чемпионатида ўйнаб Кубок соҳиби бўлдик. Бу борада эса менда ва уларда илиқ хотиралар қолган. Ҳалигача таиландликлар билан алоқамиз бор. Футболчилар ҳамда мухлислар ҳалигача мени эслаб туришларини айтишади ва бу ёқимли ҳолат. Афсуски, айрим жабҳаларда келиша олмаганимиз сабабли у ердан кетишимга тўғри келган. Энди эса мен Индонезия чемпионатидаман ва бу ерда ҳам ўзимдан ёрқин таассурот қолдириш истагидаман. Умуман айтганда, Таиланд футболини кўрдим. Энди эса Индонезия футболини кўриш ва у ерда ўйнаш насиб қиляпти. Таиланд билан Индонезия футболи ўртасида эса фарқ катта эмас. Деярли бир хил дейишим ҳам мумкин. Асосий фарқи шундаки, Индонезия мусулмонлар мамлакати. Шу боис уларнинг урф-одатлари бизникига ўхшаш. У ерда ҳам кўплаб футболчилар ва оддий аҳоли намоз ўқишади.

филипосян3

Шунингдек, Филипосяндан ташқари Индонезия чемпионатида яна бир ҳамюртимиз Жавлон Гусейнов ҳам тўп суриб келмоқда. У ўтган йилдан бери “Борнео” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Эндиликда эса ушбу чемпионатда тўп сураётган ўзбекистонликлар яна биттага кўпайди. Бироқ Филипосян ҳали Гусейнов билан гаплашмагани ҳақида айтди.

- Биласизми, менга таклиф тушгач, икки кун ичидаёқ Индонезияга жўнаб кетдим. Шунинг учун ҳали Жавлон билан алоқага чиқишга улгурганим йўқ. Лекин албатта чемпионат олдидан у билан гаплашиб оламан. Ҳозирча биз икки маҳалдан шуғулланяпмиз. Шунинг учун гаплашишга ҳозирча вақт бўлгани йўқ. Насиб қилса, 2 март куни янги чемпионат бошланади. Биз эса дастлабки ўйинни ўз уйимизда бошлаймиз. 4 йилдан бери “Тира Персикабо” 12 ва 15-ўринларни эгаллаб келган. Бу йил эса клуб олдига 5-ўринни қўлга киритиш вазифаси қўйилган. Мен эса янги жамоамнинг ғалабаларига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!