Ўзининг севимли услуби ва зарбалари орқали аянчли мағлубиятга учраган UFC жангчилари билан танишинг
UFC турнирлари ҳозирги кунда тобора машҳурлик чўққисига чиқмоқда. Мазкур промоушен жангларини бутун дунёда қизиқиб томоша қилишмоқда десак янглишмаган бўламиз. Сабаби, аралаш жанг санъати усталарининг энг машҳурлари айнан UFC билан ҳамкорлик қилмоқда. Улар орасида шундай жангчилар борки, ҳар бирининг услуби ёки зарбаси ўзига хос “ташриф қоғози”га айланган. Мисол учун, Мирко Крокоп ва Холли Холмнинг “хай -кик” зарбалари, Лиото Мачида ҳамда Андерсон Сильванинг “фронт-кик”и, Жон Жонснинг тизза зарбаси, Ронда Роузининг “армбар” услуби, Бен Аскреннинг “сабмишн”ларини айтиб ўтишимиз мумкин. Мазкур зарбалар ва услубларни санъат даражасига олиб чиқа олганликлари ҳам уларни янада машҳур қилиш баробарида муваффақиятларининг асосий омили бўлиб хизмат қилган ва қилмоқда.
Албатта, бу мавзуга бекорга тўхталганимиз йўқ. Чунки, бугун ўзларининг энг севимли услублари орқали аянчли мағлубиятга учраган UFC нинг тўрт нафар машҳур жангчиси ҳамда ўша тўқнашувлар ҳақида тўхталамиз.
1. Холли Холм &Аманда Нуньес
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек америкалик жангчи қизнинг кучли жиҳати ажойиб “хай-кик” зарба соҳибаси эканлигидир. У фаолияти мобайнида 18 та жанг ўтказиб, уларнинг 13 тасида ғалаба қозонган ва 5 бора мағлуб бўлганди. У ғалабаларининг аксариятини яъни 4 маротаба рақибаларини мазкур зарбаси орқали нокаутга учратган бўлса, қолган ғалабаларида ҳам бетакрор “хай-кик”нинг фойдаси катта бўлганди. Айниқса, аёллар ўртасида енгилмас чемпион деб ҳисобланиб келинган, Ронда Роузини ушбу оёқ зарбаси билан аянчли нокаутга учратиб, унинг ғалабали одимига чек қўйганди.
Лекин Холлининг ўзи ҳам фаолиятида айнан “хай-кик” зарбаси туфайли мағлуб бўлганди... Мазкур воқеа, 2019 йил 6 июль куни UFC 239 турнири доирасида содир бўлган. Сабабчиси эса, ўта енгил вазн тоифасининг амалдаги чемпиони бразилиялик Аманда Нуньес эди.
2. Бен Аскрен & Демиан Мая
Ярим ўрта вазн тоифасида ўз жангларини ўтказган америкалик Бен Аскрен ўз “сабмишн”лари яъни бўғиш услублари билан машҳурлигини билсангиз керак. У фаолияти мобайнида “Bellator” билан ҳамкорлик қилган. Айниқса, “ONE Championship” промоушенининг “қироли”га айланаган эди. UFC да учта жанг ўтказди ва бир ғалаба, икки мағлубиятни қайд этди. Дана Уайт қўл остидаги промоушенга ўтгунга қадар у 16 та жангда ғалаба қозониб, мағлубиятсиз одимини давом эттираётган эди. Фаолиятидаги 17 та ғалабанинг 6 тасини ўзининг севимли услуби эвазига қўлга киритган. Бу 32 % дегани... Аскренни Хорхе Масвидаль 5 сонияда нокаутга учратганлигини ҳам яхши эсласангиз керак. Мазкур шов-шувли муваффақиятсизликдан сўнг, у яна UFCда октагонга кўтарилди ва “сабмишн”лар устаси ўзи хуш кўрган услубида Демиан Маядан мағлубиятни қабул қилиб олди ва бу жанг унинг фаолиятига том маънода якун ясади. Бу тўқнашув 2019 йил 26 октябрь куни UFC Fight Night 162 турнирида юз берганди.
3. Дональд “Ковбой” Серроне &Конор МакГрегор
Ярим ўрта вазннинг фахрий жангчиларидан бири саналадиган Серроне ҳам “хай-кик” зарбаси устаси саналади. У фаолияти мобайнида 36 та ғалаба ва 14 мағлубиятни қайд этган. Ғалабаларининг 6 тасини ушбу муваффақиятли зарбаси орқали қўлга киритган. Яъни ушбу баҳсларда рақибларини нокаут ҳамда техник нокаутга учратади. Қолган жангларидаги ғалабаларида ҳам ажойиб “хай-кик”лари зафарлар омили бўлиб хизмат қилганди. “Ковбой” ҳам юқоридагилар каби ўзининг суюкли зарбаси туфайли мағлуб бўлишдан қоча олмади. Бунга ирланд Конор МакГрегор йўл қўймади. Улар ўртасидаги жанг 2020 йил 18 январда бўлиб ўтди ва баҳснинг 40-сониясида Конорнинг кучли кўриниш олган “хай-кик”и Серроненинг мағлубиятига сабабчи бўлди.
4. Мирко Крокоп & Габриэль Гонзага
Оғир вазн тоифасида ўз жангларини ўтказган афсонавий жангчи, “Pride” юлдузи, хорватиялик полициячи Мирко Крокопни бутун жаҳон бўйлаб, миллионлаб мухлислари бор десак, муболаға бўлмайди. У фаолияти мобайнида нуфузли “Pride”, “Bellator”, UFC промоушенларида октагонга кўтарилиб, 49 та жанг ўтказган. Уларнинг 38 тасида ғалаба қозонади. 11 бор мағлубиятга учраган. Юқоридагилардан фарқли равишда Мирко ҳақиқий “хай-кик” устаси саналади. Унинг жангларини томоша қилганлар буни яхши билишади. Гарчи, у бир неча бор муваффақиятсизликка учраган бўлса-да, ҳали-ҳануз ММА ихлосмандларининг диққат-эътиборида бўлиб келмоқда. Хорват жангчисининг барча ғалабаларида “хай-кик” зарбасининг ўрни беқиёсдир. У муваффақиятларининг 5 тасида ушбу оёқ зарбаси билан рақибларини чуқур нокаутга учратади. Қизиғи, бу борадаги “қирол”нинг ҳам “ташриф қоғози”ига айланган зарбаси билан чуқур нокаутга туширишади. Бу жанг 2007 йил 21 апрелда UFC 70 турнирида бўлиб ўтади ва бразилиялик Габриэль Гонзага ушбу ишни амалга оширади. Кейинчалик, Мирко 2015 йил 7 апрелда UFC Fight Night 64 турниридаги реванш жангида уни мағлуб этишни уддасидан чиқади.
Фикрлар