ЎзПФЛ: Энди ёзги иссиқда футбол ўйналмайди
ЎзПФЛ Ижроқўми 2022 йилги мавсумни эртароқ якунлаш борасида қарор қабул қилгани ҳақида маълумот бергандик. Йиғилишда, шунингдек, 2023 йилги мавсум юзасидан ҳам қарорлар қабул қилинди.
Сир эмаски, глобал исиш оқибатида ёзги вақтларда футбол учрашувларини ташкил қилишда муаммолар мавжуд. Иссиқ об-ҳаво футболчиларнинг жисмоний ҳолатига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.
Бунинг олдини олиш мақсадида ЎзПФЛ қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. 2021 йилдан бошлаб Суперлига клублари иштирокидаги ўйинлар ёз ойида 20:00 дан эрта бошланмайдиган бўлди. 2023 йилдан бошлаб Про лигада ҳам бу амалиёт қўлланилади ва етарли даражада ёритиш тизими мавжуд бўлмаган стадионларга нисбатан чеклов ўрнатилади.
ЎзПФЛ Ижроқўми асосий масала сифатида ёзнинг чилласида футбол учрашувларини ўтказмаслик масаласини муҳокама қилди. Режага кўра, 2023 йилдан бошлаб мусобақалар 25 июн ҳамда 5 август оралиғида ўтказилмайди.
2023 йилги мавсумни 15 февралдан кейиноқ бошлаш масаласини ЎзПФЛ ўз Ижроқўмига 1 та таклиф ва 2 та сабаб билан тушунтирди. Таклиф сифатида 2022 йилги мавсумни эртароқ — 21 ноябрга қадар якунлаш масаласи берилди. Сабаб сифатида эса “Насаф” футбол клубининг Чемпионлар лигасидаги иштироки ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё кубогидаги иштироки кўрсатилди.
Манба: ЎзПФЛ матбуот хизмати.
Фикрлар