Париж Олимпиадасига йўлланма берадиган Осиё Кубоги қаерда ўтказилиши аниқ бўлди
Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Футбол Конфедерацияси Мусобақалар қўмитасининг бешинчи йиғилишида Қатар давлати 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Кубоги-2024 мезбони сифатида маълум қилинди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг ноябрь ойида футбол бўйича 2022 йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қиладиган Қатар бешта номзодлар орасидан (Эрон Ислом Республикаси, Саудия Арабистони, Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари) Қўмита томонидан танлаб олинди.
Бундан ташқари, хабарда таъкидланишича, пандемиянинг бутун Осиё бўйлаб таъсири камайиб бораётганини инобатга олган ҳолда, Қўмита ОФК Ижроия қўмитасига 2023 йилдан бошлаб Covid-19 пандемияси даврида ОФК мусобақаларига қўлланиладиган махсус қоидаларнинг амал қилишини тўхтатишни тавсия қилишга рози бўлди.
Қўмитанинг шу ва бошқа масалалар бўйича қарорларининг тўлиқ матни билан ОФКнинг расмий хабари орқали танишишингиз мумкин.
Фикрлар