9 ноябрь куни олий лиганинг 28-турида "Пахтакор" "Олмалиқ"ни қабул қилади.
 
Сиз ушбу учрашувга ташриф буюриб, кўплаб совғаларга эга чиқиш ва уларни жаҳон футболи афсонаси, “Барселона” клубининг собиқ ҳимоячиси Карлес Пуйолдан қабул қилишингиз мумкин. У ишқибозларга футбол тўплари ва футболкаларни тақдим этади. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.  

Шунингдек, сиз жамоаларнинг кескин тўқнашувидан ташқари 2та "IPhone 7 32 GB" телефони ва 3 дона "Артел" телевизорларига эга бўлиш имкониятини қўлга киритасиз. Ўйиннинг танаффус пайти ва учрашув якунлангандан сўнг ўтказиладиган акцияда чипта ва абонемент соҳиблари иштирок этишади.
 
Сентябрь ойида ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов, ЎФФ Ижроқўми аъзоси ва "Пахтакор" ФК президенти Бобур Шодиев Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ФИФА президенти Жанни Инфантино билан учрашиб, юртимизда футбол тарғиботини кучайтириш мақсадида ФИФАдан дунё футболининг ёрқин афсоналари ва бугуни кун юлдузларини Ўзбекистонга таклиф қилишда ФИФАдан амалий ёрдам кўрсатишни муҳокама қилишганди. Пуйолнинг мамлакатимизга ташрифи шахсан ФИФА президенти Жанни Инфантино томонидан уюштирилмоқда.
 
Карлес Пуйоль "Пахтакор" ва "Олмалиқ" ўртасидаги учрашувга ташриф буюради. Ўйингача ёш футболчилар учун мастер-класс ташкил этилади.
 
"Пахтакор" футбол клуби барча мухлисларни 9 ноябрь куни "Пахтакор" стадионида ўтказиладиган "Пахтакор" - "Олмалиқ" учрашувига таклиф этади. Ўйин соат 17:00да бошланади.