"Пахтакор" Икром Алибоев билан шартнома имзолаш учун жиддий курашяпти. Легионеримиз Суперлигага қайтармикин?

“Пахтакор” клуби янги бош мураббий қўли остида мавсумга киришганидан яхши хабардорсиз. Амалдаги чемпион бу йил ҳам чемпионлик камарини ўзида сақлаб қолмоқчи.

Ҳали олдинда Осиё Чемпионлар лигаси мусобақаси кутяпти. “Пахтакор” эса янги мураббий қўл остида қандай жамоага айланиши жуда қизиқ. Бунинг учун таркибда иқтидорли ёшлар билан бирга тажрибали ўйинчилар ҳам зарур.

Шу мақсадда “Пахтакор” клуби Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Икром Алибоевни ўз сафида кўришни жуда хоҳламоқда. Футболчи ўтган мавсумни Жанубий Кореянинг “Тэджон Ситизен” клубида ўтказди ва яқинда жамоасини тарк этди.

алибоев1_2

Ҳозирда эркин агентга айланган ярим ҳимоячи учун қатор таклифлар бор. “Пахтакор” эса Алибоевни кўндириш учун барча чораларни ишга солмоқда. Бу борада клуб спорт директори Жаъфар Ирисметов Икром билан музокаралар олиб борилаётганини Sports.uz мухбирига тасдиқлади. Яқинда Алибоев билан боғланганимизда яқин вақт ичида фаолиятини қайси клубда давом эттириши ойдинлашишини айтганди.

Демак, “Локомотив”, “Сеул” ва “Тэджон Ситизен” клубларида тўп сурган Алибоевнинг янги мавсумни қайси клубда бошлаши тез орада ҳал қилинади. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!