"Пахтакор" стадионига таъмир керак. У Суперлига ўйинларини қабул қила олмайди
2024 йилги футбол мавсумига тайёргарлик даврида қабул қилинган режалар асосида "Пахтакор" стадиони Суперлига учрашувларини қабул қилишдан тўхтади. Стадион U21 чемпионати ва Пролига учрашувларини ўтказиши мумкин.
Сир эмаски, Лига Суперлига стадионларига бўлган талабни босқичма-босқич ошириб боради. 2023 йилнинг апрель ойида "Пахтакор" стадиони трибуналаридаги ҳолат сабаб ишчи гуруҳ тузилган ва унинг хулосаси асосида стадион трибуналарининг тахминан 70 фоизи хавфсизлик нуқтаи назари билан мухлислар учун ёпиб қўйилганди. Бунинг оқибатида "Пахтакор" Чемпионлар лигасининг сўнгги мавсумини "Бунёдкор" стадионида ўтказишга мажбур бўлди.
Ўтган вақт давомида стадионни капитал таъмирдан чиқариш масаласида ижобий ўзгариш бўлгани йўқ. Шундан келиб чиқиб, "Пахтакор" Элит Чемпионлар лигаси мусобақаси учун яна бир бор "Бунёдкор" стадионини ОФК платформасига жойлашга мажбур бўлди. Лига эса режа асосида "Пахтакор" аренасини Суперлига учрашувларини қабул қиладиган стадионлар рўйхатидан чиқарди.
"Пахтакор" мавсумнинг иккинчи ярмини "Жар" стадионида ўтказади. Клуб уч томонлама тузилган битимни Лигага тақдим этди.
Аввалроқ "Сурхон" Лига талаби билан "Пахтакор" стадионида ўйнай олмаслиги аниқ бўлгач, Самарқанддаги "Динамо" билан келишувга эришган, "Локомотив" эса пойтахтдаги бошқа стадион — "Бунёдкор"га кўчиб ўтиши маълум қилинганди.
Пролига вакиллари бўлган "Бухоро" ва "Олимпик Мобиуз" ЎФАга қарашли "Дўстлик" стадионида рақибларини қабул қилади. "Дўстлик" Тошкент клуби эса "Пахтакор" стадионидан фойдаланади.
ЎзПФЛ матбуот хизмати.
Фикрлар