2019 йилги мавсумдаги Ўзбекистон Кубоги соҳибини ҳам билиб олдик. 26 октябрь куни «Локомотив» стадионида бўлиб ўтган «Пахтакор» ҳамда АГМК жамоалари ўртасидаги учрашувда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган «шерлар» ўз тарихида 12-бор Ўзбекистон Кубогини қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Бунга қадар Ўзбекистон чемпионлигини ҳам расмийлаштириб қўйган «Пахтакор» учун Кубокни ютиш янада мароқли бўлди, ҳали олдинда Лига Кубоги финали ҳам кутиб турибди. Чиндан ҳам бу йил «Пахтакор» соврин ютишда хет-трик қайд этадиганга ўхшаяпти. Эътиборлиси, «Пахтакор» Суперлигада чемпионликни ҳам қўлга киритди. Бу борада улар 12-марта Ўзбекистон чемпиони деган номга сазовор бўлишди. Демак, «Шерлар» мос равишда Ўзбекистон чемпионати ва Кубогида 12 тадан муваффақият қозонди. Бугун эса Ўзбекистон Кубоги тарихи ҳақида сўз юритамиз.

«Пахтакор» клуби ўз тарихида 15-марта Ўзбекистон Кубоги финалида ўйнади. Натижада 12-бор мамлакат Кубогини қўлга киритди. Қолган учта финалда эса имкониятни бой берган. Хўш, ўша финалларда «Пахтакор» кимларга ютқазган? Дастлаб 1996 йили «Нефтчи»га қарши учрашувда асосий вақтда ҳисоб очилмаган ва пенальтилар сериясида фарғоналиклар 5:4 ҳисобида ғолиб чиқишган. Иккинчи мағлубияти эса 2008 йилги мавсумга тўғри келади. Ўшанда «Пахтакор» ҳал қилувчи учрашувда «Бунёдкор»га 1:3 ҳисобида ютқазиб қўйган. Финаллардаги охирги мағлубияти эса ўтган йилги мавсумга тўғри келади. Фарғонадаги учрашувда «пахтакор»чилар АГМКга кутилмаганда ютқазиб қўйишганди. Аммо тақдир тақозоси билан бу йил ҳам яна ушбу клублар финалда учрашишди ва бу сафар «Пахтакор» ўтган йилги мағлубият учун муносиб равишда реванш олди.

пахтакор кубок

Эътиборлиси, Кубок тарихида биргина «Пахтакор» қаторасига етти марта ғолиб чиққан ягона клуб ҳисобланади. Қолаверса, Кубокда энг кўп ютган жамоа ҳам «Пахтакор» ва бу клубнинг натижасини ҳали бери бошқа бир жамоамиз такрорлай олмаса ҳам керак. Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, боя айтганимиздек, «Пахтакор» 1996 йили финалда «Нефтчи»га ютқазган. Аммо орадан бир йил ўтиб, ҳал қилувчи баҳсда яна «Пахтакор» билан «Нефтчи» тўқнаш келган ва бу сафар тошкентликлар мағлубият учун реванш олишган. Шунингдек, 2008 йили «Бунёдкор»га 1:3 ҳисобида имкониятни бой берган «Пахтакор» орадан бир йил ўтиб финалда ўша «Бунёдкор»ни 1:0 ҳисобида енгган. «Пахтакор» - АГМК қарама-қаршилиги ҳам юқоридаги финалларга ўхшаш. Ўтган йилги финалда олмалиқликлар ғалаба қозонишганди, бу йил эса «Пахтакор» АГМКни ҳар томонлама таслим эта олди.

Жорий мавсумдаги финал учрашувининг яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, «Пахтакор»нинг ҳар учала голига сербиялик ҳужумчи Драган Черан муаллифлик қилди. Хет-трик қайд этган бу легионер шубҳасиз ўйин қаҳрамонига айланди. Қолаверса, у ўзбек футболида ўзига хос тарзда тарих яратди десак ҳам муболаға қилмаймиз. Боиси, ҳали Ўзбекистон Кубоги финалларида бирор-бир ўйинчи учта гол уриб хет-трикка эришмаганди. Бу борада эса Драган Черан биринчиси бўлди. Қолаверса, легионер футболчи сифатида финал қаҳрамонига айлангани ҳам эътиборга молик. Тўғри, бунгача финалда иккита гол урган ўйинчилар бўлган-у, бироқ ҳеч ким учта гол урмаганди. Шуни инобатга олганда, Черан Ўзбекистон Кубоги тарихидан жой олди.

пахтакор кубок3

Шунингдек, АГМК таркибида тўп сурган Акмал Шораҳмедов ўтган йили «Пахтакор» сафида Кубок финалида ўйнаб айнан олмалиқликларга ютқазганди. Бу сафар эса у Шораҳмедов АГМК либосида майдонга тушиб, «Пахтакор»га енгилди. Шу тариқа, кетма-кет иккита финалда иккала жамоа таркибида майдонга тушиб, Кубоксиз қолган ўйинчига айланди. Умуман олганда, жорий мавсумда «Пахтакор» АГМК билан неча марта тўқнаш келган бўлса, барчасида асосан йирик ҳисобларда ғалаба қозониб келмоқда. Чемпионатда бўлиб ўтган иккала учрашувда ҳам Шота Арвеладзе жамоаси олмалиқликларни тор-мор келтирганди ва кўриб турганингиздек, Кубок финалида ҳам «Пахтакор» рақибини аяб ўтирмади. Олдинда эса Ўзбекистон Лига Кубоги финали ҳам турибди. Кўрамиз, бу сафар ҳам «Пахтакор» ўзи учун ёқимли анаънани давом эттира олармикин?

Ўзбекистон Кубогининг барча финаллари

1992 йил        «Навбаҳор» - «Темирйўлчи» - 0:0 (пен.бўй. 6:5)

1993                «Пахтакор» - «Навбаҳор» - 3:0

1994                «Нефтчи» - «Янгиер» - 2:0

1995                «Навбаҳор» - МҲСК – 1:0

1996                «Нефтчи» - «Пахтакор» - 0:0 (пен.бўй.5:4)

1997                «Пахтакор» - «Нефтчи» - 3:2

1998                «Навбаҳор» - «Нефтчи» - 2:0

1999\2000       «Дўстлик» - «Самарқанд» - 4:1

2000\2001       «Пахтакор» - «Нефтчи» - 2:1

2001\2002       «Пахтакор» - «Нефтчи» - 6:3

2002\2003       «Пахтакор» - «Насаф» - 3:1

2004                «Пахтакор» - «Трактор» - 3:2

2005                «Пахтакор» - «Нефтчи» - 1:0

2006                «Пахтакор» - «Машъал» - 2:0

2007                «Пахтакор» - «Қурувчи» - 0:0 (пен.бўй.7:6)

2008                «Бунёдкор» - «Пахтакор» - 3:1

2009                «Пахтакор» - «Бунёдкор» - 1:0

2010                «Пахтакор» - «Шўртан» - 1:0

2011                «Пахтакор» - «Насаф» - 3:1

2012                «Бунёдкор» - «Насаф» - 3:0

2013                «Бунёдкор» - «Насаф» - 2:1

2014                «Локомотив» - «Бунёдкор» - 1:0

2015                «Насаф» - «Бунёдкор» - 2:1

2016                «Локомотив» - «Насаф» - 1:0

2017                «Локомотив» - «Бунёдкор» - 1:0

2018                АГМК – «Пахтакор» - 3:1

2019                «Пахтакор» - АГМК – 3:0  

Ким нечта Кубок ютган?

  1. «Пахтакор» 12 та Кубок (1993, 1997, 2001, 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2009, 2011, 2019).
  2. «Бунёдкор» 4 та Кубок (2008, 2010, 2012, 2013).
  3. «Навбаҳор» 3 та Кубок (1992, 1995, 1998).
  4. «Локомотив» 3 та Кубок (2014, 2016, 2017).
  5. «Нефтчи» 2 та Кубок (1994, 1996).
  6. «Насаф» 1 та Кубок (2015).
  7. АГМК 1 та Кубок (2018).
  8. «Дўстлик» 1 та Кубок (2000)