ПФЛ директори Японияга йўл олди
Ads

 

Шу йилнинг 25 ноябрь, шанба куни Япониянинг Сайтама шаҳридаги “Сайтама 2002” стадионида Осиё Чемпионлар Лигаси финалининг иккинчи учрашуви ўтказилади. Унда Япониянинг “Урава Ред Даймондс” жамоаси Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клубига қарши майдонга тушади.

Мазкур жамоалар ўртасидаги илк беллашувда 1:1 ҳисобидаги жанговар дуранг қайд этилганди. Ушбу ўйинни ФИФА рефериси Равшан Эрматов бошчилигидаги ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради.

Эрматовга қанотларда Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидов ёрдам беришади. Захира ҳаками сифатида Маъмур Саидқосимов қайд этилган. Дарвоза ортидаги ҳакамлар эса Валентин Коваленко ва Ильгиз Танташев.

ЎФФ матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур финал баҳсини бевосита стадиондан кузатиб бориш учун Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси бош директори Омон Ғофуров ОФК таклифига кўра Японияга жўнаб кетди.

ПФЛ бош директори Японияда ОЧЛ финалини кузатиб боришдан ташқари Япониянинг Жей-лигаси (J League) раҳбарияти билан учрашув ҳам ўтказиши кўзда тутилган. Учрашув давомида Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва Япония Футбол Ассоциацияси ўртасидаги келишув асосидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.

Шунингдек, Ўзбекистон Футбол Федерацияси Халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олим Арифов ҳам айни пайтда Японияда бўлиб турибди.