ПФЛ легионерлар бўйича талабларни кўриб чиқмоқда
Ads

Олдинроқ хабар берганимиздек, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 2019 йилги мавсум ички чемпионатда рақобатни янада кучайтириш учун регламентнинг бир қатор бандларига ўзгартириш киритди.

Унга кўра, 2019 йилги мавсумда Суперлига ва Про-лига “А” учун легионер футболчилар лимити 4+1 бўлади. Про-лига “Б” жамоалари эса 2+1 кўринишида легионер футболчилар билан шартнома имзолашлари мумкин.

Шуни қайд этиш жоизки, шу пайтга қадар миллий чемпионатимизга клублар кўп ҳолларда савияси у қадар юқори бўлмаган хорижлик футболчиларни олиб келишган. Агар четдан келадиган футболчи маҳаллий ўйинчилардан ҳеч бўлмаганда “бир калла” устун бўлмаса, маҳаллий футболчилар ўша легионердан нимадир ўрганмаса, легионерлар учун лимитни шунчаки кўзбўямачилик учун тўлдиришдан нима наф.

Миллий чемпионатимизда рақобатни кучайтиришга интилаётган Профессионал футбол лигаси келаётган мавсумдан бошлаб легионерлар савияси масаласига жиддий эътибор қаратади. Клублар раҳбарлари билан бўлган йиғилиш давомида ҳам уларнинг бу борадаги фикрлари ва таклифлари сўралган эди. Бироқ ҳеч бир клуб бу борада аниқ таклиф билан чиқмади.

Профессионал футбол лигаси ишчи-гуруҳи янги мавсумдан бошлаб легионерлар учун қўйиладиган талабларни ишлаб чиқди. Мазкур талаблар амалга оширилишидан олдин футболимиз жамоатчилиги ва мухлисларнинг фикрини билишни лозим, дея ҳисоблаймиз. 

Хўш, сизнингча қуйидаги талаблар амалга тадбиқ этилса, клублар бундан буён хориждан савиялироқ легионерлар билан шартнома имзолайдими?

2019 йилги мавсумдан бошлаб клублар шартнома имзоламоқчи бўлган легионер қуйидаги талабларга мос бўлиши лозим: 

УЕФА

УЕФА ассоциациялари клуб рейтингида дастлабки саккиз поғонада бораётган мамлакатлар юқори дивизионида иштирок этувчи клуб рўйхатидан ўтган ва шу лиганинг сўнгги мавсуми доирасидаги камида 2 та учрашувда майдонга тушган футболчи;

УЕФА ассоциациялари клуб рейтингида дастлабки саккиз поғонада бораётган мамлакатларнинг иккинчи рақамли дивизионида иштирок этувчи клуб рўйхатидан ўтган ва шу лиганинг сўнгги мавсуми доирасидаги камида 5 та учрашувда майдонга тушган футболчи;

УЕФА ассоциациялари клуб рейтингида дастлабки ўн беш поғонада бораётган мамлакатлар юқори дивизионида иштирок этувчи клуб рўйхатидан ўтган ва шу лиганинг сўнгги мавсуми доирасидаги камида 5 та учрашувда майдонга тушган футболчи;

УЕФА ассоциациялари клуб рейтингида дастлабки ўн икки поғонада бораётган мамлакатларнинг иккинчи рақамли дивизионида иштирок этувчи клуб рўйхатидан ўтган ва шу лиганинг сўнгги мавсуми доирасидаги камида 15 та учрашувда майдонга тушган 30 ёшдан ошмаган футболчи;

УЕФА ассоциациялари клуб рейтингида дастлабки йигирма поғонада бораётган мамлакатлар юқори дивизионида иштирок этувчи клуб рўйхатидан ўтган ва шу лиганинг сўнгги мавсуми доирасидаги камида 10 та учрашувда майдонга тушиб, уларнинг ҳеч бўлмаганда 60 дақиқасида тўп сурган  30 ёшдан ошмаган футболчи;

УЕФА ассоциациялари клуб рейтингида дастлабки ўттиз поғонада бораётган мамлакатлар юқори дивизионида иштирок этувчи ҳамда сўнгги мавсумни кучли тўртликда якунлаган клуб рўйхатидан ўтган ва шу лига доирасидаги камида 20 та учрашувда майдонга тушган 30 ёшдан ошмаган футболчи;

УЕФА ассоциациялари клуб рейтингида кўрсатилган мамлакатлар миллий терма жамоасининг 2018 йилги мавсумдаги камида 5 та учрашувида 60 дақиқадан кўпроқ ўйнаган ҳамда 30 ёшдан ошмаган футболчи;

УЕФА ассоциациялари клуб рейтингида кўрсатилган дастлабки саккиз мамлакат миллий терма жамоаси сафида камида 40 та учрашувда иштирок этган ва 35 ёшдан катта бўлмаган футболчи;

УЕФА таснифидаги U19 ва ундан юқори бўлган терма жамоалар иштирокидаги мусобақаларда дастлабки тўрт ўринни қўлга киритган мамлакат термаси сафида бўлган ҳамда ўша мусобақадаги ўйинларнинг тенг ярмида майдонга тушган 23 ёшдан ошмаган футболчи;

ОФК

ОФК ассоциациялари клуб рейтингида дастлабки етти поғонада бораётган мамлакатлар юқори дивизионида иштирок этувчи клуб сафида сўнгги чемпионат ўйинларининг ярмидан кўпида майдонга тушган ва 30 ёшдан ошмаган футболчи;

ОФК рейтингида дастлабки етти поғонада бораётган мамлакатлар миллий терма жамоаси сафида камида 15 та учрашувни асосий таркибда ўтказган ва шу ўйинларда 60 дақиқадан кўпроқ ўйнаган футболчи;   

ОФК рейтингида қайд этилган мамлакатлар миллий терма жамоаси сафида камида 20 та учрашувни асосий таркибда ўтказган ва шу ўйинларда 60 дақиқадан кўпроқ ўйнаган, 2018 йил давомида эса терма шарафини камида 3 та ўйинда ҳимоя қилган 30 ёшдан ошмаган футболчи;

АМЕРИКА

Бразилия, Аргентина, Уругвай, Парагвай, Чили, Колумбия, Мексика ва АҚШ каби мамлакатлар юқори дивизионида иштирок этувчи клуб рўйхатидан ўтган ва шу лиганинг сўнгги мавсуми доирасидаги камида 5 та учрашувда майдонга тушган футболчи;

Бразилия, Аргентина, Уругвай, Парагвай, Чили, Колумбия ва Мексика каби мамлакатларнинг иккинчи рақамли дивизионида иштирок этувчи клуб рўйхатидан ўтган ва шу лиганинг сўнгги мавсуми доирасидаги камида 10 та учрашувни 60 дақиқадан кўпроқ ўтказган 30 ёшдан ошмаган футболчи;

Мексика ҳамда CONMEBOL’га тегишли бўлган 10 та мамлакат миллий ва олимпия терма жамоалари сафида ўйнаган 35 ёшдан ошмаган футболчи;

Мексика ҳамда CONMEBOL’га тегишли бўлган 10 та мамлакат ёшлар ёки ўсмирлар терма жамоаси сафида қитъа ёки Жаҳон чемпионатида иштирок этган 32 ёшдан ошмаган футболчи;

CONMEBOL ва CONCACAF миллий терма жамоалари сафида 2018 йилги мавсум давомида камида 3 та расмий учрашувни 60 дақиқадан кўпроқ ўтказган 30 ёшдан ошмаган футболчи;

АФРИКА

Африка қитъаси миллий терма жамоаси сафида 2018 йилги мавсум давомида камида 3 та учрашувни 60 дақиқадан кўпроқ вақтида ўйнаган футболчи.