Премьер Лига грандларининг энг катта омадсизлари
Ads

Премьер Лигада ёзги трансфер бозори бу сафар анча эрта якунланди ва клубларнинг ҳар бири 20 кишилик таркибни шакллантириб бўлишди.

«Тоттенхем»дан ташқари барча клублар ўз сафини кетганлар ҳисобига тўлдиришди. Баъзилар эса бу келган ва кетганлар ҳисобига омадсизга айланиб қолишди. Squawka нашри «туманли Альбион» грандларининг бош омадсизларини аниқлашга ҳаракат қилиб кўрди.

«Арсенал» – Муҳаммад Элнени

Муҳаммад Элнени янги бош мураббий Унай Эмери қўл остида кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлмайдиган кўринади. У «тўпчилар»нинг дастлабки турида умуман кўриниш бергани йўқ. Очиғини айтганда жамоага Маттео Гендузи ва Лукас Торрейра каби моҳир истеъдод вакиллари келгач унинг имкониятлари кескин тушиб кетди. Унинг хатто «Марсель» ёки «Мидлсбро»га ўтиши ҳақидаги миш-мишлар ҳам пайдо бўлди.

«Челси» – Рубен Лофтус-Чик

Лофтус-Чик 2018-йилги Мундиалда Англия ярим ҳимоясида кўрсатган ўйинлари ва ўтган мавсумда «Кристал Пелес»да ажойиб мавсумни ўтказганидан кейин уни порлоқ келажак кутаётганини айтганлар пайдо бўла бошлаган эди. Ростини айтганда Сеск Фабрегас, Жоржиньо, Канте, Росс Баркли ва Матео Ковачич каби футболчилар турганда унга ўйнаш имконияти шунчаки берилишига ишониш жуда қийин. Афсуски унга клубни тарк этишига имкон беришмади. У ҳеч бўлмаганда ижарага кетишни истаганди.

«Лестер» – Уэс Морган

Рости, Уэс Морган 2016-йилда мўжиза кўрсатган «Лестер»дагидек ўйин намойиш қила олмаяпти. Ўтган мавсумда 34 ёшли ҳимоячига ёш фактори таъсир қила бошлагани кўриниб қолди.

Унинг «Манчестер Юнайтед»га ва ўртамиёна клубларга қарши нурсиз ўйин кўрсатганидан кейин захирага тўлиқ “михланди”. Боз устига ёш иқтидорли турк ҳимоячиси Чағлар Союнджу 19 миллион евро эвазига жамоага олиб келингач собиқ сардорнинг асосий таркибдаги ўрнини қайтариб олиши қийинлашиб кетди.

«Ливерпуль» – Лорис Кариус

Лорис Кариус учун 67 миллион еврога унга рақобатчи Алиссоннинг келиши ҳамма нарсани тушунтириб қўйди. Чемпионлар Лигаси финалидаги қўпол хатолар ва мавсумолди йиғинларда бу ҳолатнинг қайта такрорланиши сабабли немис посбони «қизиллар» сафидаги асосий ўрнини йўқотди. Натижада у ўзини тиклаб олиши учун икки йилга «Бешиктош»га бериб юборилди.

«Манчестер Сити» – Лерой Сане

Лерой Сане ўз юлдузи пастга қараб шўнғиётганини кўриб турибди. Ўтган мавсумда «Йилнинг энг яхши ёш футболчиси» соврини эгаси дастлаб Ёахим Лёв сафида Жаҳон Чемпионатига бориш баҳтидан мосуво бўлди. Шу сабабли «шаҳарликлар» сафида Мундиалга бормагани сабабли ўртоқлик ўйинларида чақнаши кутилганди. Аммо клубга «Лестер»дан Риёд Маҳрез олиб келинди ва Пеп Гвардиоланинг тактикасида «жой топилмагани туфайли» Премьер Лиганинг дастлабки икки турини захирадан бошлади.

«Манчестер Юнайтед» – Маттео Дармиан

Дармиан ҳамон МЮ футболчиси ҳисобланади. Бироқ у «қизил иблислар»нинг бош омадсиз футболчисига айланиб улгурди, дейишимиз мумкин. Моуриньо асосий таркиб вакили Валенсияга ўринбосар сифатида Диего Далони олиб келди. Бу дегани ўнг қанот ҳимояси учун рақобатда у учинчи ўринга тушиб қолганини англатади.

Факт шуки, «Брайтон»га қарши учрашувда Дало ва Валенсияларнинг иккалови жароҳат олган бир пайтда ҳам майдонга туширилмади. Бу амалда кўп нарсани англатади. Футболчининг ўзи трансфер бозори якунлангунча клубдан кетишга умид қилди, бироқ клуб уни қўйиб юбормади.

«Тоттенхем» – Тоби Алдервейрелд

Агарда миш-мишларга ишонадиган бўлсак, Алдервейрелд ушбу ёзда «Уайт Харт Лейн»дан кетишни жуда-жуда истаган экан. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси тугашига бир йил қолганида бу яна бир йилга узайтирилиши мумкин. Шунда у 25 миллион евро эвазига жамоани тарк этиши мумкин экан.

Почеттино эса шогирдининг келажаги борасида берилган саволларга «тақачилар» бошқарувчиларига берилиши керак бўлган савол эканлигини эслатиб қўйди.

«Баъзилар бахтсиз ёки қолганлари кетишни исташи ҳақида гапиришдан чарчадим» – деган Почеттино берилган саволга.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади