Превью. АГМК биринчи даврадаги мағлубият учун реванш оладими?
Ўзбекистон Суперлигасида иккинчи давра учрашувлари старт олди.
Эртага АГМК 14-тур доирасида Олмалиқда Тошкент вилоятининг бошқа вакили - "Металлург"ни меҳмон қилади.
Биринчи даврадаги Бекободда ўтган баҳсда “кончилар” мағлубиятга учраганди. Миржалол Қосимов шогирдлари ўша мағлубият учун реванш олишга ҳаракат қилиб кўришади.
"Металлург" ёзги трансфер ойнасида таркибда қатор ўзгаришларга қўл урди. Хусусан жамоани Мусаев, Қутибаев ва Исоқжонов каби футболчилар тарк этган бўлса, кетганлар ўрни 5 нафар футболчи билан тўлдирилди - Анвар Ғофуров, Бектемир Абдуманнонов, Беҳруз Шодмонов, Бобурбек Фарҳодов ва легионер футболчи Керим Палич.
АГМК асосий жамоа сафини Касьян, Мишенко ва Полвонов тарк этган бўлса, уларнинг ўрнига Филипосян, Ҳасанов, Мираҳмадов, Папава, Суюнов ва Спатару таклиф этилди.
3 август куни соат 19:00да бошланажак ўйинни Аҳрол Рисқуллаев бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Ушбу рефери 6-бор АГМК иштирокидаги учрашувда ишлайди. Рисқуллаев бошқарган ўйинларда АГМК қуйидаги статистикани қайд этган: 1 ғалаба, 1 мағлубият ва 3 дуранг. ВАР ҳаками сифатида эса Азиз Асимов ишлайди.
Бўлажак ўйин Тошкент вилояти дербисининг ички чемпионат доирасидаги 30-учрашувига айланади. Ҳозирча жамоалар ўзаро учрашувларда мувозанатни тенг сақлашмоқда: ҳар икки жамоада 13 ғалабадан мавжуд. Атига 3 учрашувда дуранг қайд этилган.
АГМК матбуот хизмати
Фикрлар