Профессионал боксчимиз кучли рақиб танлади (фото ва видео)
Ads

2017 йилнинг илк кунларида профессионал боксчиларимиз ўзларининг навбатдаги жангларини ўтказишади. Келаси ойнинг 7-санасида Малайзиянинг Жоҳор штатида бўлиб ўтадиган бокс кечасида икки нафар енгилмас боксчимиз рингга кўтарилади.

Мазкур бокс кечасида учта жанг ўтказилиши режалаштирилган. Шулардан иккитасида ҳамюртларимиз ўз омадларини синаб кўришади. 23 ёшли боксчимиз Қудратилло Абдуқаҳҳоров (8-0-0, КО 5) фаолиятидаги 9-жангини филиппинлик Ромео Жакосалемга (18-13-1, КО 10) қарши ўтказиши ҳақида хабар берган эдик.

Azizbek Abdugafurov

Вакилларимиз иштирокидаги иккинчи қарама-қаршиликда эса жорий йилнинг май ойида профессионал фаолиятини бошлаб, ўтказилган учта жангда ҳам рақибларини нокаутга учратиб келаётган 24 ёшли Азизбек Абдуғофуров (3-0-0, КО 3) анчайин тажрибали бўлган индонезиялик Александер Вахавага қарши рингга кўтарилади. Бу боксчи профессионал рингда жами 47 та жанг ўтказиб, шулардан 41тасида (14 нокаут) зафар қучган бўлса, 2 мағлубият ва 4 дуранг қайд этган.

Боксчимиз сўнгги жангини 23 июль куни Сингапурда таиландлик Чалаэмпорн Саватсукка қарши ўтказган эди.

Шунингдек, бокс кечасидаги жангларнинг бирида филиппинлик боксчилар Жесон Умбал (11-5-0, КО 8) ва Гадбин Тубигон (14-12-2, КО 9) ўзаро баҳс олиб боришади.

Ушбу хабардан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда SPORTS.uz ахборот порталининг номи аниқ кўрсатилиши ҳамда ҳавола (линк) берилиши шарт!