Профи боксчимиз оғир жангда чемпионлик камарини ҳимоя қилди!

  • 27 октябрь, 2021, 08:25
  • 0
  • Бокс

Жанубий Кореянинг Ансан шаҳридаги “Wadong Gymnasium” спорт мажмуасида ташкил этилган профессионал бокс кечасида уч нафар ҳамюртимиз рингга чиқиб, навбатдаги ғалабаларини нишонлади.

Бокс кечасининг марказий учрашуви ўзбекистонлик Олимжон Назаров ва филиппинлик Майкл Мендоза ўртасида World Boxing Organisation Oriental чемпионлик камари учун бўлди.

Ушбу камар профессионал боксчилар ўртасида 2008 йилдан буён ўйналади. Олимжон Назаров уни 2019 йили 25 августда филиппинлик Иван Сорианога қарши ўтказилган тўқнашувда қўлда киритган.

Ўзбек боксчиси биринчи ҳимоя жангини 2020 йили Камбожада ташкил этилган профессионал бокс турнирида филиппинлик Орлие Силвестрдан муваффақиятли ҳимоя қилиб, очколар ҳисобида зафар қучганди.

Screenshot_20210720_171638

Бу гал мазкур чемпионлик камарини Филиппинга қайтаришга уриниб кўрган Майкл Мендоза ёш бўлишига қарамай, 11 та ғалаба, иккита дуранг ва битта мағлубият қайд этгани билан эътиборни тортди.

Яна бир қойил қоладиган жиҳати, 36 ёшли ўзбек боксчиси 12 раунд давом этган беллашувда 23 ёшли рақибини барча жиҳатдан ортда қолдирди. Бу гал тажриба ёшлик шижоатидан устун келди.  Олимжон Назаров учала ҳакам қарорига кўра, очколар ҳисобида зафар қучди ва камарини ўзида сақлаб қолди.

Олимжон Назаров профессионал боксчилик фаолиятини 2008 йили 31 октябрда бошлаган. Шу кунгача 31 марта рингга кўтарилиб, 26 та ғалаба ва бешта мағлубият қайд этган. Кучли техникага эга боксчимиз 14 та учрашувда рақибларини муддатидан олдин таслим қилган.

Жанубий Кореядаги профессионал бокс кечасида мағлубиятсиз одимлаётган Абдулазиз Нажмиддинов саккиз раундлик рейтинг жангида саккизинчи ғалабасига сазовор бўлди. Истеъдодли боксчимиз мезбонлар вакили Сун Хун Кимга қарши ўтказилган учрашувни биринчи бўлим тугамасидан якунлаб қўя қолди. Рақиб спортчиси ҳамюртимизнинг кучли зарбаларини ўтказиб юборди ва танаффусгача ҳам етиб бормади.

Таъкидлаш жоизки, уч йилдан бери профессионал жангларда қатнашиб келаётган Нажмиддинов  ғалабали сериясини саккизтага етказган бўлса, шулардан еттитасини нокаут билан ўз фойдасига ҳал қилган.

187809_original

Учинчи вакилимиз – Абдурасул Исмоилов ўзига муносиб рақиб – жанубий кореялик Мо Хюн Еим билан тўқнаш келди. Бу жангга қадар ҳар икки боксчи тўққизтадан жанг ўтказиб, саккизтадан ғалаба ва биттадан мағлубият қайд этганди. Қизиғи, нокаутлар сони ҳам бир хил – тўрттани ташкил қилди.

Ўн раундга мўлжалланган рейтинг жанги кескин ва муросасиз курашлар остида ўтди. Еттинчи раунднинг 46-сониясида мезбонлар вакили ўзбек боксчисининг зарбаларига дош беролмай мағлубиятини тан олди.

Абдурасул Исмоилов фаолиятидаги ягона мағлубиятини World Boxing Association йўналиши бўйича Осиё чемпионлик камари учун кореялик Хванг Кил Кимга қарши ўтказилган жангда қабул қилиб олган.

Бироқ, хоразмлик чарм қўлқоп устаси фаолияти давомида профрингда 100дан зиёд жанг ўтказган филиппинлик Жейм Барселона, мағлубиятсиз одимлаётган хитойлик Нуо Мин, 33 та жангда ғолиб чиққан филиппинлик Адонес Агуэлонинг бошини эгиб қўйган.

108224_original

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!