Пшемислав Банашак Польша ва Ўзбекистон футболидаги фарқли томонлар, ўтган мавсумдаги ўйинидан қониқмагани ва "Пахтакор"га қандай келиб қолгани тўғрисида гапирди (ИНТЕРВЬЮ)
Ўтган мавсумни чемпион сифатида якунлаган "Пахтакор" айни дамда Туркияда ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда. Ўтган мавсум иккинчи давра бошланиши арафасида клуб сафига қўшилган польшалик ҳужумчи Пшемислав Банашак мазкур йиғинда ўзини яхши кўрсатмоқда ва бир қатор голларда муносиб ҳисса қўшмоқда. Банашак билан ўзимиз қизиқтирган бир қанча саволлар юзасидан мулоқот қилишни лозим топдик. Ҳужумчи билан батафсил интервьюни қуйида томоша қилишингиз мумкин.
- Хайрли кун, Пшемислав! Илк саволимиз жорий клубингиз ҳақида. Нимага айнан Ўзбекистон вариантида тўхтадингиз?
- Мен айнан "Пахтакор"ни танладим. Сабаби, жамоа юртингиздаги энг кўп совринларга эга чиққан клуб ҳисобланади. "Шерлар" тўғрисида яхши гаплар эшитдим ва бу ерга ҳаммаси ўз тасдиғини топди. Бунга шак-шубҳа йўқ.
- Нима учун Европада фаолиятингизни давом эттирмадингиз ёки сизга таклифлар бўлмадими?
- Албатта, таклифлар йўқ эмасди. Ҳатто Польшада қолиш варианти ҳам мавжуд эди. Ички чемпионатда ғолиблик учун курашиш иштиёқи ва Осиё чемпионлар лигасидаги иштироки сабаб "Пахтакор"ни афзал кўрдим. Ҳозирча адашмаганимга гувоҳ бўляпман.
- Сизни жамоага айнан ким таклиф қилганди?
- Агентларим менга Ўзбекистондан таклиф борлигини айтишди. Мен яхшилаб ўйлаб кўрдим ва ижобий жавоб бердим. Шу тарзда фаолиятим юртингиз билан бевосита боғланди.
- Ўтган мавсум "шерлар" билан Суперлига чемпиони бўлдингиз. Таассуротлар қандай бўлди?
- Жуда хурсанд бўлдим. Клуб билан лигада ғолиб бўлдик ва бу қувонишга арзийди, албатта. Бизнинг мақсадимиз шундай эди ва унга етишдик.
- 8 ўйинда иштирок этдингиз ва ўз ҳисобингизга 3 гол ёздириб қўйдингиз. Натижадан қониқдингизми?
- Албатта, ҳар бир гол ва ассист хурсанд бўлардим. Сабаби, бу самарали ҳаракатларим эвазига клубнинг ғалаба қозонишига ўз ҳиссамни қўшдим. Очиғи, мен қониқиш ҳис қилмадим. Чунки мавсум охирида жароҳат сабаб майдонга туша олмадим. Энг муҳим паллада "шерлар"га ёрдам беришни истагандим.
- Айнан шу жароҳат сабаб кўп ўйинларни ўтказиб юбордингиз. Бу янги мавсумда ҳам сизга ҳалақит бермайдими? Жароҳатингиз қанчалик жиддий?
- Машғулотлар пайтида оёғимни шикастлаб олдим. Кейин яна тикландим ва ҳозир яхши ҳолатдаман. Янги мавсумга муносиб тайёр бўлиш учун етарлича вақт бор. Шундай экан, жароҳатлар мени яна безовта қилмаслигига умид қиламан.
- Польша билан солиштирганда Ўзбекистонда қандай фарқлар сездингиз?
- Солиштиришларни ёқтирмайман, одатда. Катта фарқни кўрмадим, очиғи. Яшаш тарзи ва шаҳар қиёфасида ўзгаришларни ҳис қилиш қийин эмас. Аммо бу табиий жараён, деб ҳисоблайман.
- Қайси лига кучли, деб ўйлайсиз: Польша ёки Ўзбекистон?
- Бу саволга жавоб беришим учун "Пахтакор" Польша чемпионатида ўйнаши керак. Ўйлашимча, жорий клубим у ерда ҳам етакчилик қилса керак. Аммо ўйин услуби Польшадагига қараганда озгина фарқ қилади.
- Ўзбекистонда қайси жамоалар сизни лол қолдира олди ва нима учун?
- Тўғриси, бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман. Бор эътиборим "Пахтакор" ва унинг ғалабасига қаратилган. Чемпионат давомида бир қанча клублар яхшигина қаршилик кўрсатди. Чемпионлик учун кураш энг охирги турга қадар давом этди. Мусобақа жуда қизиқарли бўлди.
- Сизга бир футболчининг ўйини ёқади ва унинг исми...
- Албатта, Роберт Левандовски. У ўйнаган жамоалар ўйинини кузатишни ёқтираман. Фикримча, у дунёдаги энг кучли ҳужумчилардан бири.
Шоҳрух Зоиров суҳбатлашди.
Фикрлар