Қачонгача Хави ўз "ёқимтойлар"ини ўйнатишда давом этади ёхуд "Барса"да имкон берилмаётган икки футболчи

"Барселона" Ла Лиганинг 30-турида "Хетафе" билан дуранг ўйнаб, яна очко йўқотди. Мазкур ўйиндан кейин жамоа турнир жадвалида ҳамон биринчи ўринда бормоқда, лекин "Реал" билан орадаги фарқ энди 11 очкога қисқарди. Бундан ташқари, католонияликлар кетма-кет 3 та беллашувдан буён рақиб дарвозасига йўл топа олмаяпти. Клуб Ла Лигада 15-ўринда бораётган "Хетафе" ва "Жирона"га гол ура олмади. Келинг, биз ўйинни таҳлил қилмаймиз, балки, "Барса"нинг захира ўриндиғида "чириётган" икки футболчи, аниқроқ қилиб айтганда, Хави ишлатмаётган "қуроллар" ҳақида гаплашамиз. 

gettyimages-1482613224-2048x2048

Испаниялик мутахассиснинг ўйиндан олдинги бир қарори қизиқ бўлди. Мураббий Алехандро Бальдени чап қанот ҳужумига қўйди. Биз тарихда бундай ўзгаришлар фойда олиб келганини кўрганмиз ( Сака ва Бэйл фаолиятининг бошида чап қанот ҳимоячиси бўлган). Аммо Бальдедан вингер чиқмаслигини ҳозир ҳаммамиз кўриб турибмиз. Чап қанот ҳужумида ҳаракатланган футболчи фақат марказга тўпни ташлаб бериши керак, дегани эмас.

photo_2023-04-17_05-03-35

Хўп, Фати ва Торресдан фойда бўлмаяпти экан. Бироқ 3 очко у қадар ҳам зарур бўлмаган пайтда таваккал қилган ҳолда, уларни асосий таркибда майдонга тушириш тўғри вариант эмасми? Улар ўзининг оптимал формасига қайтса, клуб учун муҳим футболчиларга айлана олади. Бундан ташқари, "Барса" таркибида ушбу позицияни тўлдириб берадиган футболчи бор. Гап Анхель Аларкон ҳақида кетяпти. "Ла Масия"дан чиққан ва ҳали катта клуб билан шартнома имзоламаган, лекин Хави томонидан асосий жамоага чақиралаётган 19 ёшли вингер. У марказий ҳужумда ҳам ўйнай олади, лекин мазкур жойнинг ўз эгаси бор. Левандовскининг ўйини чиқса, чиқмаса майдонда ҳаракатланаверади. Шу сабабли, Хави Аларкондан қанотда фойдаланишни хоҳлаяпти. Тўғри, биз Анхель ҳақида кўп маълумотга эга эмасмиз. У ўйинга тушиб, бир нимани қойиллатиб бермаслиги ҳам мумкин. Шундай бўлса-да, биз бу футболчи ҳақда озгина бўлса ҳам билиб олишимиз учун у учрашувларда қатнашиши керак эмасмикан? Мавсум давомида Аларконга 32 дақиқа берилди. Унда ҳам жамоа ғалаба қозонаётган пайтда вақт чўзиш учун майдонга тушиб берган. Айрим мутахассислар Аларконни Фати ва Торессдан ҳам кучлироқ, дейишмоқда. Хави эса ҳали бери таввақал қилмоқчи эмасдек.

photo_2023-04-17_02-37-41

Кейинги фойдаланилмаётган юлдузни эҳтимол танишингиз мумкин. Пабло Торре мавсум бошида "Реал Расинг"дан 5 миллион евро эвазига сотиб олинган. Иккинчи Педри бўлиши кутилган ярим ҳимоячи ҳозирча буни уддалай олмаяпти ёки унга кам ўйин ўйин амалиёти берилмоқда. Келинг, 20 ёшли испаннинг ўтган мавсумдаги статистикасига назар солиб кўрамиз. 31 та ўйин, 10 та гол ва 11 та ассист. Менимча, ярим ҳимоячи учун 21 та голда иштирок этиш ажойиб кўрсаткич. Солиштириш учун, Гави бир йил олдин 48 та баҳсда қатнашиб, 2 марта рақиб дарвозасини ишғол қилган ва 6 та голли пас берганди. Хўп, гап статистикада ҳам эмас, дейлик. Хави сўнгги ўйинларида Кессье ва Бускетсни биргаликда ўйнатмоқда. "Барса" ўзи гол уришни хоҳлайдими? Чемпионлик масаласи 90 фоизга ҳал бўлган бир пайтда ҳужумкорликни ошириш учун экспиримент қилиб кўриш керак эмасмикан? Хави уларни биргаликда ноиложликдан туширмоқда. Педри ва Де Йонг лазаретда. Ушбу вазият Торрега имкон бериш вақти келганидан дарак бермасмикан? Ахир, Пабло ҳужумда актив, хавфли вазиятлар ярата оладиган ярим ҳимоячи-ку. Йўқ, Хави яна очко олишга ҳаракат қилиб, тажрибали футболчиларни ўйнатди. Айтганча, Торрега нафақат охирги матчлар, балки, мавсум давомида ўйин амалиёти етарлича берилмади. У 9 та учрашувда майдонга тушди. Шулардан иккитаси кубок доирасида бўлиб ўтган ўйинлар. Пабло битта гол уриб, бир марта ассист амалга оширишга ҳам улгурди. Аммо Хави Торрени яна ўз жойига "михлаб" қўйди. У энди Гави ёки Педри ва Де Йонгларни ўйинларини сиз-у биз каби томоша қилиб ўтиришдан нарига ўтмаяпти. Шунга мажбур ҳам. Ўзи Френки ҳам катта ўйинарда ҳали ҳам жамоага кераклигини билдириб қўйди. Бўлмаса, биз ҳалигача ярим ҳимоя чизиғида Педри, Гави, Бускетс учлигини кўрган бўлар эдик. 

gettyimages-1246105454-2048x2048

"Барселона" ёзда катта трансферлар амалга ошира олмаслиги мумкин. Клуб кейинги мавсум ҳам деярли мана шу таркиб билан ҳаракатланиш эҳтимоли бор. Шундай бўлган тақдирда, "Барса" мухлислари асосий таркибдаги ўрни кафолатланган футболчилар жароҳат олиб қолса, жамоанинг мазмунсиз ўйинларини томоша қилишга мажбур бўлади. Сабаби, уларнинг ўрнига ўйин амалиёти бўлмаган, фақат учрашув тугашига 10-15 дақиқа қолганида майдонга тушадиган футболчилар ўйнашига тўғри келади.  


                                                                                                                                             Суҳроб Холбеков мақоласи 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!