Қатардаги легионеримиз мундиал ўтказилаётган маҳалда Кубок ютиб олди. Қандай қилиб?
Ҳар 4 йилда бир ўтказиладиган футбол бўйича жаҳон чемпионати айни пайтда бутун дунё нигоҳида бўлиб турибди. Мундиални соғинганлар Қатар яшил майдонларида ўтказилаётган ўйинларни катта ҳаяжон остида кузатаётган бўлсалар ажаб эмас.
Бундай катта футбол форумини ўз кўзингиз билан кўришга нима етсин-а? Майли, асосий мавзудан узоқлашмайликда, мақсадга кўча қолайлик. Лекин биз сўз юритадиган воқеа ҳам Қатар билан боғлиқ. У ерда легионерларимиз фаолият олиб боришидан хабардорсиз. Бироқ жаҳон чемпионати ўтказилаётгани сабабли ўз-ўзидан маҳаллий чемпионат тўхтатилган. Шундай бўлса-да, Қатар клублари учун барибир ўйинлар ўтказилишини йўли топилган. Ўтган сафар хабар бериб ўтганимиздек, Қатардаги мундиал арафасида “Referee Cup” мусобақаси бошланганди ва куни кеча якунига етди. Мусобақа ўз номи билан жаҳон чемпионатидаги ҳакамлар учун ҳам мўлжалланган бўлиб, бу ўз ўрнида Қатар клублари учун ҳам жуда фойдали.
Sports.uz сайти орқали у ерда фаолият олиб бораётган легионеримиз Бахтиёр Қосимов клуби – “Ал-Хор” билан бирга “Referee Cup”да иштирок этаётгани тўғрисида хабар бериб ўтгандик. Мундиалнинг 2-тури давом эттирилаётган пайтда турнир якунланди. Унда ҳамюртимиз ўз жамоаси билан “Referee Cup” ғолиблигини қўлга киритди. Ҳал қилувчи беллашувда Қосимов ва унинг жамоадошлари “Ал-Дуҳайл”ни мағлубиятга учратдилар. Қолганини легионеримизнинг ўзидан эшитамиз.
"Турнир гуруҳ босқичи форматида ўтди. Биз ўз гуруҳимизда 2-ўрин билан чиқдик. Бизнинг гуруҳимизда “Ал-Гарафа”, “Ал-Духайл” ва “Умм Салал” жамоалари бор эди. Кейинги босқичда “Ал-Вакра”ни 3:1 ҳисобида енгдик. Ярим финалда “Ал-Шамал”ни 3:0 натижаси билан ютдик. Ўша ўйинда биринчи голни урдим. Финалда “Ал-Дуҳайл” билан беллашдик. Асосий вақтда 1:1 бўлди, пенальтилар сериясида енгдик. Худога шукр, барча учрашувларда тўлиқ иштирок этдим.
Барча иштирокчилар Қатар Юлдузлар лигаси жамоалари эди. Қуйи дивизиондан фақат биз – “Ал-Хор” қатнашди. “Ал-Садд”нинг ўрнига қўшилганмиз. Чунки ушбу жамоа сафидаги барча футболчилар терма жамоа сафида бўлгани учун ўрнига бизни қўшишган.
“Referee Cup” турнири жуда яхши ўтди. Ҳар бир учрашувда майдонга фақат ғалабани кўзлаб майдонга тушдик. Худога шукр, мусобақа чемпиони бўлдик. Жамоамиздаги асосий вазифа Қатар Юлдузлар лигасига чиқиш. Биз мана шу мақсад йўлида меҳнат қиляпмиз. Худо хоҳласа, бир оила бўлиб, олдимизга қўйилган вазифани бажарамиз, деб умид қиламан", - деди Қосимов.
Андижонлик ушбу футболчи Қатардаги фаолияти мобайнида табиийки, жаҳон чемпионати баҳсларини ҳам ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиляпти. Фурсатдан фойдаланган ҳолда Бахтиёр Қосимов у ердаги мундиал нафаси ҳақида ҳам таассуротлари билан ўртоқлашди.
"Англия – АҚШ ўйинини стадионда кузатдим. Қолган чипталарим гуруҳдан кейинги ўйинлар учун. Насиб қилса, яна мунидал учрашувларини стадионда томоша қиламан. Билаётган бўлсангиз, Қатарда ўтаётган бу сафарги жаҳон чемпионати “бомба” бўляпти. Одам жуда кўп. Биринчи ўйинга 68 минг мухлис кирган. Муҳит аъло даражада. Кўчаларда мухлислар учун фан-зоналар ташкил қилинган. Қатар шароитларни жуда юқори даражада ташкиллаштирган. Шунинг учун мунидал зўр ўтяпти.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар