Қайси футболчи “Қўқон-1912” учун жонини беришга тайёр?

 

Ўзининг ажойиб тезлиги ва  дриблинглари  билан мухлислар қалбидан  жой олган Қувондиқ Рўзиев яна бир ярим йилдан сўнг "Қўқон-1912" сафига қайтди. Унинг қайтиши қўқонлик футбол ихлосмандлари учун ажойиб янгилик бўлди. "Қўқон-1912" матбуот хизмати Қувондиқ Рўзиевни суҳбат уюштирди.

– Қувондиқ жамоамизга хуш келибсиз. Сизни яна Қўқонда кўриб турганимиздан хурсандмиз.

– Авваламбор барча Қўқонлик мухлисларга алангали салом. Орадан бир ярим йил ўтиб яна Қўқонга қайтганимдан хурсандман. “Қўқон-1912”га қайтишни ҳаммадан кўра ўзим кўпроқ истадим. Бош мураббий мени жамоага таклиф қилгач, бошқа таклифлар ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмадим. Чунки мени  футболчи сифатида танитган жамоа бу – “Қўқон-1912”  бўлади.  Бу жамоа учун жонимни бериб ўйнашга тайёрман.

– Орадан ўтган бир ярим йил ҳаётингизда қандай ўзгаришлар рўй берди?

– Ўтган фурсат ичида қанчалик қийналганимни фақат ўзим биламан. Футболсиз яшашосон бўлгани йўқ. Эртага ўйнамаслигингни билиб туриб машғулотларда иштирок этишдан мушкул нарса йўқ экан. Очиғини айтсам, шу ўтган вақт мобайнида Қўқондаги ўйинларим хотираси билан яшадим. Тушкунликка тушган вақтларим бўлди. Яхшиям оила аъзоларим бор, улар менга катта руҳий далда бўлишди. Ўзбекистон чемпиони ва кубоги соҳиби бўлган бўлсам-да, бир ярим йил умримни беҳуда йўқотдим. Энди бундай хатони такрорламасликка ҳаракат қиламан.  Ўзимга қолса фаолиятимни сўнггига қадар Қўқонда ўйнаган бўлардим, лекин ихтиёр менда эмас эди. Яна эски даражамга чиқиш, мухлисларнинг  ёқимли футболчиси бўлиш учун боримни беришга тайёрман.

– Жамоада сиз ўйнайдиган чизиқдаги рақобат етарли. Нима деб ўйлайсиз асосий таркибдан жой эгаллай оласизми?

– Рақобатни борлиги яхши. Чунки рақобат бор жойда ўсиш бўлади. Албатта асосий таркибдан ҳеч кимга жой кафолатланмаган. Барча футболчилар қатор мен ҳам бошланғич таркибда майдонга тушиш учун тинимсиз менат қилишга, шу орқали мураббий ва мухлислар ишончини оқлашга ҳаракат  қиламан.

 “Қўқон-1912” жамоаси 2-даврада ҳам етакчилар қаторида бўладими, сизни фикрингиз қандай ?

– Жамоа 1-даврада жуда яхши натижаларни кўрсатди. Энди иккинчи даврада бундан ҳам яхши ўйин кўрсатиб, жадвалдаги мавқеимизни сақлаб қолишимиз талаб этилади. Мана жамоага мендан ташқари Дониёр Ҳасанов ҳам қўшилди. Ҳасанов 1-даврада “Обод” жамоасининг юраги бўлди десам адашмаган бўламан.  Энди  барчамиз биргаликда  “Қўқон-1912” жамоасини совриндорлар қаторидан ўрин олиши учун  бор куч ғайратимизни ишга соламиз.

 Қўқонлик мухлисларга тилакларингиз.

– Барчаларига соғлик-саломатлик, оилаларига хотиржамлик тилайман. Мен уларни соғинганман. Яна стадионимизни тўлдириб жамоамизни қўллаб туришларини хоҳлайман.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!