Қайта “жонланаётган” Андижон футболи!

Ўзбекистонда футболни ривожлантириш муҳим вазифалардан бирига айлангани сабабли жойларда ҳам ушбу спорт турининг янада оммалашиши ва ривож топиши долзарб масалалардан бирига айланган. Ўзбекистон футбол ассоциацияси бутун мамлакатимизда футболга бўлган эътибор ва қизиқишни ошириш ва уни тараққий эттириш бўйича ишлаётган бўлса, унинг жойлардаги филиали – бу вилоят футбол ассоциациялари ҳисобланади. Бу борада гап кетганда охирги пайтларда Андижон вилоятида футболга бўлган эътибор, маҳаллий ёшларни ушбу спорт турига бўлган қизиқишларини ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилаётганини эътироф этиш ўринли бўларди. Бунинг учун вилоят футбол ассоциацияси бир қатор лойиҳаларни амалга татбиқ этаётгани сўзимизга исбот бўла олади. Ассоциация биринчи вице-президенти Бекзод Каримов вилоятда футболни янада оммалаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. Шу боис Андижонда бир қатор футбол мусобақалари ўтказиб келинмоқда. Илк бор вилоят бўйича барча маҳаллалар жамоалари ўртасида “Ҳоким Кубоги” турнири бошланди. Унда ғолиб чиққан жамоанинг маҳалласига вилоят ҳокими сунъий қопламали майдон қуриб беради. Бундай лойиҳани эса ҳали бошқа вилоятларда кўрмагандик. Шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ҳам Андижон вилоятига бўлган эътибор катта. Шу мақсадда яқинда ЎФА хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда Андижонга иккита замонавий сунъий майдонни қуриб берди. Айни пайтда Андижонда футбол “жонланаётгани” билиниб турибди. Вилоятнинг бош жамоаси ҳисобланган “Андижон” эса про-лигада якка пешқадамликни ўрнатган ҳолда Суперлига учун дадил қадам босмоқда. Куни кеча вилоят футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Бекзод Каримов билан учрашдик. Ўзаро суҳбат давомида амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил гапириб берди.
Маҳалла жамоалари ўртасидаги “Ҳоким Кубоги” ҳақида

- Биринчи навбатда хақлимизни Ийд Қурбон Ҳайит байрами билан муборакбод этмоқчиман. Вилоят ҳокими, Андижон вилояти футбол ассоциацияси президенти Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ташаббуси билан вилоятимиздаги маҳаллалар ўртасида “Ҳоким Кубоги” мусобақаси ўтказиляпти. Унда 18 дан 30 ёшгача бўлган маҳалла иштирокчилари қатнашишяпти. Бу мусобақани уюштиришимизнинг бир нечта сабаблари бор. Вилоятимиз ҳокими “Андижон” футбол клубига имкон қадар кўпроқ маҳаллий ўйинчиларни жалб қилиш бўйича кўрсатмалар берган. Шунинг учун вилоятимиз маҳаллалари бўйлаб ўтказилаётган турнирлар орқали айнан иқтидорли ўйинчиларни излаб топиш даркор. Биз бир неча йиллик дастур ишлаб чиққанмиз ва бунга асосан “Андижон” жамоасини маҳаллийлаштириш устивор вазифага айланган. 18 дан 30 ёшгача қатнашаётганлар – булар уюшмаган ёшлар ҳисобланади. Уларга футбол орқали янги ҳаёт, янги имконият бериш мумкин бўлади. Вилоятимизда 878 та маҳаллалар жамоалари мусобақада иштирок этишяпти. Маҳаллий туман ҳокимликлари ҳам ўзлари қизиқиш билдириб, турли совғалар билан мусобақада қатнашишяпти. Чунки бу вилоят ҳокимининг тасдиқланган низоми асосида ўтяпти. 878 та маҳаллани 120 та ҳудудга бўлганмиз. Ҳар бир туман ва шаҳарда секторлар бор. Ички ишлар бошқармаси, солиқ инспекцияси, прокуратура ва маҳаллий ҳокимятнинг сектори бўлади. Ушбу секторларни эса ўз ҳудудлари бор. Ўз ҳудудида чемпион бўлган маҳалла жамоаси туман биринчилигига чиқади. Ундан сўнг вилоят миқёсига йўл олади. Вилоят миқёсидаги мусобақада 1/8 ва 1\4 финаллари ўтказилди. Андижон тумани, Андижон шаҳри, Шаҳрихон ва Балиқчи туманлари ярим финалгача етиб келишди. Финал учрашуви эса мустақиллий байрами арафасида ўтказилиши мўлжалланган. Шунингдек, бу мусобақа орқали вилоятимиз ёшларни соғлом турмуш тарзи асосида тўғри йўналишда тарбиялаш, спортга ва хусусан футболга бўлган қизиқишни янада оширишдан иборат. Қолаверса, юқорида айтганимдек, уларнинг орасида иқтидорлиларини аниқлаб “Андижон” жамоасига етиштириб бериш муҳим ўрин тутади. Яқинда Пахтаободда ушбу мусобақанинг туман босқичининг ёпилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов, Шўрбулоқдаги футболга ихтисослашган мактаб-интернати директори Насибулло Мадраҳимов, “Андижон” футбол клуби вице-президенти Маъруф Абдусаломов, жамоа бош мураббийи Элдор Сакаев, фан-клуб раиси Нодирбек Тўйчиев, шунингдек, жамоанинг олти нафар етакчи футболчилари билан биргаликда Пахтаободдаги финал учрашувини ўтказиб қайтдик. Майдондаги маҳалла жамоалари бундай эътиборни кўриб жон-жахдлари билан ўйнашди. Шу ўринда Пахтаобод ҳокими Маҳмуджон Бозоровга миннатдорчилик билдираман. Бир сўз билан айтганда, Андижон вилоятида футбол олдинга силжияпти. Бинобарин, биз ҳам бундан руҳланиб ишлаяпмиз. Ҳали бу мусобақа тарихда бўлмаганди. Ушбу турнирда жами бўлиб 15 мингга яқин ёшлар иштирок этишяпти. Демак, вилоятимизда футболга қизиқиш борган сари кучайиб боряпти. Биз буни тизимли тарзда кейинчалик ҳам йўлга қўймоқчимиз. Чунки бу лойиҳа бизга кўп томонлама фойда келтирди. Мусобақанинг финал учрашувини гала-концерт сифатида шоу тарзда ўтказмоқчимиз. Биринчи ўринни олган жамоанинг маҳалласига вилоятимиз ҳокими сунъий майдон қуриб беради. Қолаверса, 2- ва 3-ўрин эгаларига ҳам қимматбаҳо совғалар туҳфа этилади. “Соғлом авлод” стадиони сухандони Ғуломқодир Абдураҳимов ҳам Пахтаободдаги финал учрашувини ўтказилишида жонбозлик кўрсатгани учун миннатдорчилик билдираман.

ufa

ЎФАнинг эътибори хусусида

- Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раиси, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Андижонга қилган ташрифи чоғида бизга бир қатор керакли кўрсатмалар ва маслаҳатларни берганди. Бугунги кунда ЎФА ҳар томонлама ўз ёрдамини бериб келяпти. Вилоятимизда кўплаб йўналишлар бўйича футбол мусобақаларини ўтказиб келяпмиз. Умид Муҳаммаджонович бизга тўғри тизимни кўрсатиб берди. Тўғри, қаердадир хато ва камчиликка йўл қўяётгандирмиз. Аммо босқичма-босқич уларни бартараф этяпмиз. Умид Аҳмаджонов “Соғлом авлод” стадионини кўздан кечирганида бир қатор камчиликларни айтганди. Вилоятимиз ҳокими эса уларни ўз вақтида бартараф қилди. Эътиборлиси, Аҳмаджоновнинг топшириғига асосан Андижон шаҳрида ажойиб кўринишдаги иккита сунъий қопламали майдон қурилди. Қўқонга ҳам шундай майдон қурилди. Умуман олганда, Умид Муҳаммаджоновичнинг Андижонга бўлган ишончи ва эътибори юқори даражада. Ушбу сунъий майдонни хорижлик мутахассислар қуришди. ЎФА уни барпо этишда фақат ўзи ёрдам кўрсатди. Стадион учун махсус ишлаб чиқилган мини-тракторни бизга совға қилишди. Энди режаларимиздан бири шундайки, “Одил Жуниор” футбол мактабининг филиалини шаҳримизда ташкил этмоқчимиз. Бу масала бўйича Одил Аҳмедов билан ҳам гаплашдик. Бизга мана шундай шароитларни яратиб бераётгани учун Муҳтарам Президентимизга, футболимиз раҳбарларига ва вилоят ҳокимига миннатдорчилик билдирамиз. Барчамизга яхши маълумки, халқимизнинг орзуси – бу миллий терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатида кўриш. Айнан шу мақсадда ҳаммамиз бирлашиб ишлашимиз лозим. Айни пайтда эса Индонезияда ўтаётган Осиё ўйинларида спортчиларимизнинг иштирокини катта қизиқиш билан кузатиб боряпмиз. Футболчиларимиз эса мухлисларимизни хурсанд қилиб, чиройли ўйинлар кўрсатишяпти. Умид қиламанки, бу жамоамиз ўз олдига қўйган вазифани бажара олади.

Янги лойиҳа

- Сентбярь ойида яна бир катта режани амалга оширишга бел боғлаганмиз. Тошкент шаҳар футбол федерациясининг вице-президенти Нодирхўжа Йўлдошев билан келишган ҳолда Андижонда футбол шоусини уюштирамиз. Аниқроғи Бўз туманида футбол шоуси ташкил этилади ва у ерга сунъий майдон қуриб беришни ният қилганмиз. Яъни, Бахтиёр Ҳамидуллаев жамоасига қарши эстрада хонандалари жамоалари хайрия ўйинида қатнашадилар. Кўпчилигимизга яхши маълум бўлган қизиқчилардан иборат “Миллиард” жамоаси етакчиси Отабек Мирзахолов бўзлик бўлгани учун у билан ушбу масалада келишиб олдик. Ушбу шоу учрашувидан тушадиган маблағга сунъий майдон ва футбол анжомларини тақдим этмоқчимиз.

Вилоят иккинчи лигаси тўғрисида

- Андижон вилоятида иккинчи лига баҳсларининг биринчи давра беллашувлари якунига етди. Унда асосан 4-5 та туманимиздан жамоалар иштирок этишяпти. Пахтаобод, Шаҳрихон, Марҳамат, Хўжаобод каби жамоалар бор. Кейинги йилдан яна бошқа туманларимизни ҳам иккинчи лига мусобақаларига жалб қиламиз. Шунингдек, ҳозирда Андижон шаҳрида 8-9 та жамоа мусобақада иштирок этяпти. Футбол академияси, янги ташкил қилинган “Наврўз” жамоаси, “Андижон-2” ва яна бир нечта қўшма корхоналарнинг жамоалари бор. Келаси йилдан барча туманлардаги жамоаларни жалб қиламиз. Шунингдек, туманларда футбол мактаблари фаолият кўрсатяпти ва эндиликда ўша туман жамоасининг ўринбосарларини ҳам ташкил қилишни режалаштирганмиз. Шаҳрихоннинг “Раш-Милк” жамоаси иккинчи лигада анча яхши иштирок этяпти. Бир сўз билан айтганда, Андижон вилоятида футболнинг ривожланиб бораётганини инкор этиб бўлмайди. Бунда албатта вилоятимиз ҳокимининг эътиборини алоҳида айтиб ўтишни истаган бўлардим.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!