Қирғизистонда октагонга кўтарилган икки нафар ҳамюртимиз учун бир раунд етарли бўлди
Бироз аввал, Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ММА кечаси ўз якунига етди. “Batyr Bashi” промоушени томонидан ташкил этилган ушбу турнирда уч нафар Ўзбекистон вакили иштирок этаётганлиги ҳақида маълум қилган эдик. Улардан икки нафари 66 кг вазн тоифасида Баҳодир Тиллабоев рақиби Акил Бексултоновни биринчи раунднинг ўзида бўғиш услуби эвазига мағлуб этган бўлса, 84 кг вазнда октагонга кўтарилган Ҳусниддин Ғаниев учун биринчи раунднинг дастлабки дақиқасининг ўзи рақибини мағлуб этиш учун кифоя қилди.
Унинг кучли “хай-кик” зарбаси натижасида қирғизистонлик дебютант Ибрагим Анзоров мувозанатини йўқотди. Бундан унумли фойдаланган юртдошимизнинг кетма-кет зарбалари ва мезбонлар вакилининг пассив ҳимояси туфайли, рефери жангни тўхтатишга мажбур бўлди. Шундай қилиб, Ғаниев ҳам навбатдаги ғалабасини тантана қилди. Афсуски, 66 кг вазндаги яна бир ҳамюртимиз Азизилло Акбаралиев Айбек Качкиновга очколар ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Шундай қилиб, Бишкекда бўлиб ўтган мазкур турнирда юртдошларимиз икки ғалаба ва бир мағлубият билан қайтадиган бўлди.
Фикрлар