"Қизилқум"га қарши ўйиндан сўнг Шота Арвеладзе тақвим, ҳакамларга эътирозлар ва Сиддиқовнинг трансфери ҳақида гапириб ўтди
Ўзбекистон Кубоги чорак финали "Пахтакор" - "Қизилқум" (1:0) ўртасидаги ўйиндан сўнг, мезбонлар устози Шота Арвеладзе ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
"Кубок баҳслари бир ўйиндан иборат бўлишини ҳисобга олсак, ўйинлар осон бўлмайди. Биринчи таймда уч-тўртта имкониятга эга бўлдик, бироқ улардан фойдалана олмадик. Аммо бугунги ғалаба ҳақли қўлга киритилди.
Тақвим жуда тиғиз, ҳар тўрт кунда майдонга тушишга мажбур бўляпмиз, бироқ йигитларга қойил, улар ўйинни назорат қила олишди ва кўплаб хавфли вазиятлар яратишди. Олдинда ярим финал. Озроқ вақтдан сўнг, рақибимиз ким бўлишини билиб оламиз. Танаффус вақтида йигитларга кўп гапириб ўтирмадим. Чунки иккала таймни ҳам бирдек яхши ўтказа олдик. Фақат уларга ҳиссиётларга берилмасликни ва сўнгги зарбаларни яхшироқ беришлари ҳақида гапирдим.
Сиддиқовнинг кетиши? Трансферларга изоҳ бермайман, чунки миш-мишлар муҳокама қилинмайди.
Ҳакамлар доимо ўйинни тўғри бошқаришга ҳаракат қилади. Ўйиндан сўнг, улардан узр сўрайман, чунки ўйин вақтида ҳиссиётларга берилиб кетаман. Рақиб нима учун эътироз билдираётганини билмайман, ҳамманинг ўз қараши бор. Бизнинг йигитларга ҳам етарлича сариқ карточка кўрсатилди, офсайд йўқ ҳолатда қанот ҳакам байроғини кўтарди.
Вазиятларимиз етарлича бўлди, шунинг учун ҳисобни тезроқ 2 тага ошириб олишни жуда хоҳлагандим, аммо бу футбол ва сенинг ҳамма ҳужуминг ҳам гол билан якунланмайди. Йигитларга яна бир бор раҳмат айтмоқчиман, улар бугун жуда яхши ўйин намойиш этишди, - дейди Арвеладзе.
Фикрлар