Ads

 

"Қўқон-1912" жамоаси 2017 йилги Ўзбекистон чемпионати давомида қайд этилган натижалар, қизиқарли фактлар хусусида маълумот берди.

Энг кўп қайд этилган ҳисоб

2017 йилги чемпионат давомида қўқонликлар иштирокидаги ўйинларда 12 хил ҳисоб қайд этилган. Жамоа еттита ўйинни 2:1 ҳисобида якунланган. Учта баҳсда шу ҳисобда ғалаба қозонилган бўлса, тўртта беллашувда рақибларга имконият бой берилган.

Бешта учрашув 1:1 ҳисобида интиҳо топган. Тўртта учрашувда 3:0 ҳисоби қайд этилган. Қолган натижалар қуйидагича: 1:0, 3:2, 0:0, 3:1, 2:0 икки мартадан, 4:2, 4:1, 5:2, 2:2 ҳисоблари бир мартдан қайд этилган.

Голсиз ўйин

Мавсум давомида қўқонликлар олтита ўйинда рақиблар дарвозасига йўл топа олишмади, Бу баҳсларнинг иккитасида ҳисоб очилмади. Қолган 24 та учрашувларда футболчилар гол уришни уддалашди. Ўз навбатида олтита ўйинда "Қўқон-1912" дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолилган.

Хет-трик ва дубллар

Суҳроб Бердиев битта ўйинда учта гол урган жамоанинг ягона футболчиси бўлиб турибди. Бердиев 7-тур доирасидаги “Металлург”га қарши кечган ўйинда бекободликлар дарвозасини уч марта аниқ нишонга олди.

Бундан ташқари, жамоа тўпурари “Шўртан” билан Қўқонда бўлиб ўтган учрашувда рақиб дарвозасига иккита тўп киритган. Носир Отақўзиев ҳам ушбу мавсумда бир марта дублга эришди. Жамоа сардори “Нефтчи” дарвозасини бир ўйинда икки бор аниқ нишонга олган.

Пенальтилар

Якунига етган мавсумда "Қўқон-1912" футболчилари рақиблар дарвозасига беш марта пенальтидан тўп киритишди. Барча пенальтиларни Мурод Холмуҳаммедов амалга оширган. Холмуҳаммедов “Сўғдиёна”га қарши ўтказилган ҳар икки учрашувда ҳам пенальтидан гол урган. 

Сериялар

Жамоа биринчи даврада қаторасига 11 та учрашувда мағлубиятга учрамади. Бундан ташқари, қаторасига 14 та учрашувда рақиб дарвозасига тўп киритилди. Биринчи даврада футболчилар сафардаги ўйинларнинг бештасида (кетма-кет бешта ўйин) мағлубиятга учрашмаган.