Қозоқлар Ҳасанбой Дўстматовни “урмоқчи”!
Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бошланган XIX Осиё ўйинлари дастурига киритилган бокс мусобақасида юртимиз шарафини энг кучли етти нафар чарм қўлқоп устаси ҳимоя қилади.
Мураббийлар штаби мусобақага 51 килограммда Ҳасанбой Дўсматов, 57 килограммда Абдумалик Халаков, 63,5 килограммда Руслан Абдуллаев, 71 килограммда Асадхўжа Мўйдинхўжаев, 80 килограммда Тўрабек Ҳабибуллаев, 92 килограммда Лазизбек Мулложонов, ва ўта оғир вазн тоифасида Баҳодир Жалоловни танлаган.
Боксчиларимиз Осиё ўйинларининг совринлари қаторида ҳар бир вазнда Олимпия ўйинларига бериладиган биттадан йўлланма учун рингга чиқади.
Ханчжоу рингларида ашаддий рақиблар ўртасидаги жанглар ҳам кутилмоқда. Хусусан, енгил вазнда қозоғистонлик Сакен Бибосинов ва Ҳасанбой Дўсматов ўртасидаги тўқнашувни кўпчилик кутмоқда.
Токио олимпиадаси совриндори Сакен Бибосинов Sports.kz сайтига берган интервьюсида Ҳасанбой Дўсматовга тўқнаш келса, бу баҳсга тайёр эканини таъкидлади.
— Мен Осиё ўйинларида илк бор қатнашяпман. Бунгача Токио Олимпиадасида тажриба тўплаган эдим. Ўйинларнинг очилиш маросими бўлди. Байроғимизни юқорига кўтаришга умид қиламиз.
— Тошкентдаги жаҳон чемпионатидан кейин соғлигингда муаммо борлигини таъкидлаган эдинг. Ҳозирги функционал ҳолатинг ҳақида гапириб бер.
— Афсуски, Тошкентдаги жаҳон чемпионатида медаль қўлга кириа олмадим. Жароҳатим бор эди. Ҳозир тикланиб бўлдим. Мухлисларимни ёрқин ғалабалар билан хурсанд қилиб, Олимпия ўйинларига лизенцияни қўлга кирита олишимга умид қиламан.
— Агар Ҳасанбой Дўсматовга тўқнаш келиб қолсанг, қандайдир махсус тайёргарлик режаси ишлаб чиқилганми?
— Биз Дўсматовни жуда яхши ўрганиб чиқдик. Мураббийлар штаби мос тактика танлаб беради. Мен эса, жангга тузилган режани тўлиқ амалга оширишга ҳаракат қиламан.
— Рақиблардан яна кимларни алоҳида кўрсатган бўлардинг?
— 51 килограмм вазн тоифасида рақобат жуда. Ҳиндистондан жуда кучли боксчи бор. Шунингдек, япониялик Томоя Цубои ҳам бўлади, у собиқ жаҳон чемпиони ҳисобланади. Жаҳон чемпионатида совриндор бўлган таиландлик кучли боксчи бор.
Умуман олганда, рақобат жуда кучли эканини таъкидлаш лозим. Рақибларни енгиш учун бор имкониятларни ишга солишимизга тўғри келади.
Таъкидлаш жоизки, Сакен Бибосинов 2020 йилги Олимпия ўйинлари совриндори, жаҳон чемпионатларида олтин ва бронза медалга эга чиққан Осиё чемпионатларида биттадан кумуш ва бронза медални қўлга киритган.
Ҳасанбой Дўсматовнинг унвонлари сони ҳам, салмоғи ҳам кўп. Ўзбек боксчиси Олимпия ўйинлари чемпиони, жаҳон чемпионатлари олтин ва кумуш медаль соҳиби, уч карра Осиё чемпиони ва қитъа ўйинлари финалчиси ҳисобланади.
Фикрлар