Қуруқ серияга барҳам берган гол Шомуродов учун тарихий бўлди
Ўзбекистоннинг бугунги кундаги энг зўр ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг гол уришни “унутиб қўйгани” бир томондан “Ростов”дан тортиб, Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийларигача, иккинчи тарафдан ўзбекистонлик ва ростовлик футбол мухлисларининг ҳам хавотирига сабаб бўлди.
Ўтган мавсумда ҳам Россия премьер-лигасида, ҳам миллий терма жамоа сафида халқаро учрашувларда сермаҳсул ўйин намойиш этган истеъдодли ҳужумчимиз коронавирус карантинидан кейин спорт формасини йўқотгани аён бўлди ва бу ҳол узоқ вақт давомида унга панд бериб келди.
Кўпчилик мухлису мутахассисларни бир савол қизиқтирарди – Элдор қачон гол ура бошлайди?
Тан олиб айтиш керакки, “Ростов” бош мураббийи Валерий Карпин асосий вазифаси – рақиб дарвозасини ишғол қила олмаётган ҳужумчимизни маломат қилмай, унга ишонишда давом этгани, Шомуродов гол ура олмаётган бўлса-да, асосий таркибнинг муқим ўйинчиси экани ва майдоннинг бошқа нуқталарида самарали ўйнаётганини бот-бот таъкидлаб, ҳамюртимизни қўллаб-қувватлашда давом этди.
Яқинда Карпин журналистларнинг юқоридаги мазмунда берган одатий саволига ўзбек ҳужумчиси аввалгидай юқори спорт формасига яқинлашиб қолгани ва тез орада гол ура бошлашига алоҳида урғу берган эди. Мураббийнинг умиди бежиз эмас экан.
Шомуродов охирги голини 29 февраль куни “Ахмат” жамоаси дарвозасига киритган эди. Шундан кейин бошланган қуруқ серия 15 та учрашув ва 208 кунга чўзилди. Ниҳоят, Европа Лигаси саралаш турнирининг учинчи раундида Исроилнинг “Маккаби Хайфа” жамоасига қарши ўтказилган ўйинида Элдор Шомуродов жамоадоши Матиас Норманнинг супер узатмасини голга айлантириб, янги мавсумдаги голлари ҳисобини очди.
Таъкидлаш лозимки, бу гол Элдор учун тарихий аҳамиятга эга. Чунки “кўҳна қитъа” миқёсидаги илк учрашувини ўтказган Элдор Шомуродов Европа доирасидаги турнирдаги биринчи голини ҳам уришга муваффақ бўлди. Шу тариқа, Элдор Европа майдонларидаги мусобақаларда тўп киритган Максим Шацких, Миржалол Қосимов, Владимир Маминов сингари машҳур футболчилар қаторига қўшилди. Шу ўринда, бир вақтлар “Ростов” таркибида ўйнаган ўзбекистонлик чарм тўп усталаридан Андрей Акопянц, Николай Ширшов ва Сергей Лушчан 2000 йилда УЕФА шафелигида ўтказилган “Интертото” халқаро турнири доирасидаги учрашувларда иштирок этганини ёдга олиш зарур.
Мана орадан 20 йил ўтиб, яна бир ҳамюртимиз ҳам қитъа миқёсидаги учрашувда ростовликлар шарафини ҳимоя қилиб, гол ҳам урди. Энди кўпчилик мутахассислар таъкидлаганидек, ўзбек ҳужумчисининг психологик барьери барбод бўлиб, голларига йўл очилиши кутилмоқда. Гарчи, “Ростов” халқаро мусобақадаги иштирокини эрта тугатган бўлса-да, биз учун Элдор Шомуродов фаолиятида янги босқич бошлангани муҳим бўлиб қолаверади.
“Ростов” навбатдаги учрашувини 27 сентябрь куни Россия премьер-лигасининг саккизинчи турида “Арсенал”га қарши ўтказади. Тула шаҳри мезбонлик қиладиган ушбу баҳс Тошкент вақти билан 16:00да бошланади.
Фикрлар