Рашид Ғофуров: "Янги мавсумда таркибимизни ёшартириш вазифаси қўйилган"

 “Навбаҳор-фарм” жамоаси янги мавсумга тайёргарликни бошлади. Илк машғулоти якунига етгач, фарм жамоаси мураббийи Рашиджон Ғофуровдан клуб матбуот химзати қисқача интервью олди.

- Янги мавсумга тайёргарликни барвақт бошладинглар. Ўқув-машғулот йиғинини бунчалик эрта бошлашингларнинг сабаби нимада?

- Авваламбор,  ассалому алайкум! Тўғри айтдингиз, йиғинни барвақт бошладик. Бунга сабаблар кўп. Биринчидан, Про лиганинг бу йилги мавсуми жуда эрта тугади, яъни, 25 октябрда жамоамиз “Локомотив”га қарши охирги ўйинни ўтказганди. Орадан эса қарийб бир ярим ой вақт ўтди. Шу даврда эса йигитлар ҳордиқ чиқаришди. Ушбу муддат футболчига таътил учун жуда катта муддат хисобланади. Шу боис, йигитлар спорт формаларини йўқотмасликлари учун бугундан янги мавсумга тайёргарликни бошлаб юбордик. Қолаверса, янги мавсумда жамоамиз олдига таркибни ёшартириш вазифаси қўйилган ва биз кўплаб ёш ҳамда иқтидорли футболчиларни кўрикдан ўтказишни режалаштирганмиз. Шунинг учун йиғиннинг асосий қисмига қадар, жамоамизда олиб қолишимиз лозим бўлган ўйинчиларни тезроқ аниқлаб, йиғиннинг кейинги, асосий босқичида ўша футболчилар билан машғулотлар олиб бориш ниятидамиз.

- Янги мавсумга тайёргарлик режаси хусусида ҳам тўхталсангиз...

- Кўриб турганингиздек, янги мавсумга тайёргарликни бугундан  бошладик. Айни пайтда футболчиларни тикланиш жараёнини олиб боряпмиз ва секин-аста юкламалар беришни бошлаймиз.

Йиғиннинг биринчи қисми жорий йил якунига қадар бўлиб ўтади. Янги йил арафасида футболчиларга бир ҳафталик таътил берамиз. 2024 йилнинг 5 январидан яна йиғинга киришамиз ҳамда 10 кун давомида ўз қароргоҳимизда жисмоний холатимизни яхшилашга қаратилган юкламалардан иборат йиғин ташкил этамиз. Кейин эса ўқув-машғулот йиғинини пойтахтда олиб боришни режалаштирганмиз.

- Режангиздан назорат-синов баҳслари ўрин олганми?

- Албатта, ахир, ўртоқлик ўйинларисиз йиғин кемтик бўлиб қоладику!  Тошкентда машғулотлар олиб боришдан асосий мақсадимиз ҳам айнан назорат – синов  ўйинларини ўтказишга қаратилган. Боиси, кўплаб жамоалар ўз ўқув-машғулот йиғинларини пойтахтимизда олиб боради ва у ерда спарринг-рақиб топиш осон кечади ҳамда кўпроқ ўртоқлик беллашувларида майдонга тушиш имконияти туғилади.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!