Рашид Ғофуров: "Йигитларда бироз босим юзага келди"

Про лиганинг 17-туридан ўрин олган “Навбаҳор-фарм” – “Шўртан” (2:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Навбаҳор-фарм” жамоаси мураббийи Рашиджон Ғофуров иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.

Мезбонлар устози одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.

Қуйида унинг фикрларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Учрашувнинг кескин курашлар остида ўтишини олдидан билгандик. Шу боис ўйинни бошқача услубда, жанговар руҳда ўтказдик. Таркибда ҳам ротацияни амалга оширдик. Ушбу ўзгаришлар ўз самарасини бериб, якунда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишга муваффақ бўлдик. 

- Бугунги рақиб - “Шўртан”нинг ўйини борасида нима дея оласиз?

-  Ғузорликлар таркибида бўйдор футболчилар кўплиги сабабли меҳмонларнинг иккинчи қаватда, яккакурашларда яхши ўйнашлари, шунингдек, кўпроқ стандарт вазиятлардан фойдаланишга ҳаракат қилишларини яхши билардик ва ушбу баҳсга шунга яраша тайёргарлик кўргандик.

“Шўртан” кутганимиздек, ўйнади. Биз эса кўпроқ жамоавий ўйинга эътибор қаратдик.

Таъкидлаш жоизки, биз мазкур беллашувдан кўра, Ғузорда эркинроқ ўйин намойиш этгандик ва кўпроқ хавфли вазиятларни юзага келтиргандик. Бугунги баҳсда жамоамиз Про лигада “жон сақлаб қолиш”га ҳаракат қилаётгани, очко бизга сув ва ҳаводек зарур бўлганлиги боис йигитларда бироз босим юзага келди.

Аммо Худога шукр, шогирдларим якунда босимни енгиб, ғалаба қозонишга муваффақ бўлишди.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.   

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!