
Рашидов терма жамоада тўп суришга хоҳиши йўқ, деган гап 100 фоиз нотўғри - футболчи атрофида юз бераётган вазият ҳақида очиқ гапирди
Қатар чемпионатида тўп сурган Сардор Рашидов уйга қайтгани тўғрисида яқинда sports.uz орқали хабар бергандик. Аммо шунда ҳам уни миллий терма жамоага чақиришмади. Бу эса одамлар орасида турли саволларни келтириб чиқарди.
Рашидов аслида Абрамов учун керакми? Мана шу савол бир неча бор янгради. Бундан ташқари, футболчининг ўзида терма жамоада тўп суришга бўлган иштиёқ унчалик эмас, деган турли гап-сўзлар ҳам бўлди. Аслида ҳам ҳолат шундайми? Айниқса, Ўзбекистоннинг Сурия ҳамда Ироққа ютқазгани ишқибозларни қаттиқ ранжитди. Сардор Рашидов эса терма жамоа ва клубидаги кейинги тақдири хусусида сайтимизга интервью берди.
- Сардор яхшимисиз? Охирги пайтларда сизни терма жамоага таклиф қилишмаётгани борасида тушунмовчиликлар келиб чиқяпти. Лекин Рашидовни бош жамоамизда кўришни истаётган ишқибозлар ҳам кўп. Сиз билан терма жамоа ўртасида қандай вазият юз беряпти?
- Миллий терма жамоада кимнинг ўйнагиси келмайди? Масалан, менинг Ўзбекистон термасида тўп суришга бўлган хоҳишим жуда баланд ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Сизга ростини айтаман, бу ҳақида Вадим Абрамов билан гаплашганим йўқ. Терма жамоадан футболчиларга хат жўнатадиган Рома деган инсон билан гаплашдим. Керак бўлса, ўзим унга алоқага чиқиб, терма жамоа қачон йиғилади, деб сўрардим. Шунинг ўзи аслида менинг хоҳишим кучли эканини кўрсатиб турибди-ку! Терма жамоаникидан кўра, менинг у ерда тўп суришга бўлган иштиёқим юқори даражада. Исталган футболчи, ҳатто у “Реал”да тўп сурмайдими, барибир ҳар қандай ўйинчига терма жамоа либосида майдонга тушиш катта шараф. Миллий термамизнинг иккита мағлубияти рейтинга қаттиқ таъсир қилади, деб ўйлайман. Ўша Саудия Арабистони билан учрашувда нима учун ютқазганимизни билмадим. Вадим Карленовичнинг тактик ғояларидан бехабарман. Лекин Сардор Рашидовнинг терма жамоада тўп суришга хоҳиши йўқ, деган гап 100 фоиз нотўғри. Ҳеч қачон менда бундай бўлмаган. Яна қайтаришим мумкин, Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиш мен учун катта масъулият ва катта шараф.
- Абрамов билан охирги марта қачон гаплашгансиз?
- Вадим Карленович билан гаплашмаганман.
- Терма жамоа устози бўлиб ишлаб келаётганидан бери-я?!
- Ҳа, гаплашмаганман.
- Миллий термадан четда қолиб кетаётганингиз ўзингизга қандай таъсир қиляпти?
- Албатта, таъсир қиляпти. Мана, Саудия билан ўта муҳим ўйинда ютқаздик. Охирги иккита назорат беллашувида ҳам яна мағлубият. Бу албатта футболчиларга алам қилади. Агар мен ҳам майдонда бўлганимда, албатта ёрдам берардим, деган туйғу ҳар қандай ўйинчининг қалбидан ўтади.
- Ҳозирги вазиятдан келиб чиқсак, терма жамоамизга етишмаётганингизни қанчалик ҳис қиляпсиз?
- Ҳар бир футболчида бу ҳолат кучли бўлади. Юқорида айтдим-ку, футболчи борки, терма жамоага фойдаси тегишини истайди. Ахир бу ватан жамоаси-ку!
- Ўзбекистоннинг иккита мағлубиятидан кейин танқидлар авж олмоқда. Сурия билан Ироққа ҳурматни сақлаган ҳолда айтганда, аслида улар ютса бўладиган рақиблар, биздан устун эмас. Гарчи бу ўртоқлик учрашуви бўлса ҳам миллий терма жамоа ўйнаётганда ҳамманинг эътибор унга қаратилади. Ушбу мағлубиятларни қандай огоҳлик қўнғироғи деб қабул қиласиз?
- Буни қаттиқ қўнғироқ, деб қабул қиламан. Нимагаки, олдимизда ҳали Саудия Арабистони терма жамоаси кутиб турибди. Бу рақиб Сурия ҳам, Ироқ ҳам эмас. Худо кўрсатмасин, мабодо уларга ютқазиб қўйсак, катта йўқотишга учраймиз ва гуруҳда қолиб кетишимиз ҳам мумкин. Ҳали саудияликлар билан баҳсга Абрамовнинг 3-4 ой вақти бор. Ўша ўйинга ўта жиддий тайёрланиш керак. Энди фақат жиддий қараш даркор, бу ёғига ютқазишга ҳаққимиз қолмади. Ироқ билан Сурияга мағлубиятга учраганимиз хазил эмас.
- Бундай ўйинлардан сўнг Ўзбекистоннинг мундиалга бўлган имкониятини қандай баҳолаяпсиз?
- Ҳозир ўқув-машғулот йиғини ўтказилди. Саудияга қарши ўйиндан аввал Равшан Эрматов ҳамда Вадим Абрамов вазиятга жиддий қарашади. Мана шундай ўта муҳим учрашувларда мураббий терма жамоага муносиб ва лойиқ бўлган футболчилардан фойдаланади, деган умиддаман.
- Терма жамоамиз либосидаги охирги ўйинингизни эслай оласизми?
- Менимча, Осиё Кубогида эди.
- Сизни кутаётган мухлислар учун нима дея оласиз?
- Тўғриси, ишқибозларга бир нарса дейишга ҳам одам уялади. Улар жамоани қўллаб-қувватлашда давом этишсин. Ҳаммаси яхши бўлади, барчаси олдинда. Вақтимиз бор. Саудия билан учрашувда халқимизни хурсанд қиламиз, деган умиддаман.
- Энди клубингиздаги ҳолат ҳақида гаплашсак. “Қатар СК” билан буткул орани очиқ қилдингизми?
- Клубим – “Қатар СК” билан январгача шартномам бор. Лекин мен уйдаман. Худо хоҳласа, ҳаммасини келишган ҳолда январда янги жамоага ўтаман. Унгача шартномам ўз кучида.
- Қатардан кетишингизни қандай изоҳлайсиз?
- Янада кучлироқ клубга ўтмоқчиман. Чемпионлар лигасида иштирок этадиган жамоа шарафини ҳимоя қилиш ниятим бор. Янги марралар ва янги мақсадлар сари олға интиламан.
- Сизга қизиқаётган клублар кўп, деб эшитдим...
- Ҳа, музокаралар давом этяпти.
- Хавининг сизга таклифи нима бўлди? Ўз кучидами ёки...
- Хави билан телефон орқали ҳам, интернет орқали ҳам гаплашдим. У менга кутиб тур, сени клубимда кўришни хоҳлайман, биз учун керакли футболчисан, деди. Фақат “Ал-Садд”да икки нафар жанубий кореялик легионерлар бор. Улардан бирининг ўрнига сени “Ал-Садд”га олиб келмоқчимиз, деди Хави. Шунинг учун январгача кутишга мажбурмиз.
- Ўзбекистондасиз ва ҳозир нималар билан бандсиз?
- Уйимдагилар билан вақтимни чоғ ўтказяпман. Бир йил бўлганди, уларни кўрмаганимга. Ўтган йили ноябрда уйга келгандим. Шунингдек, ўзим машғулот қилиб турибман.
Фикрлар
Darvozada otkir yusupib
Himoya Farruh rustam golbin Dotson
Yarimhimoya jaloldin otabek Odil C
hujim Sergeyib eldor sardor