Расман! Футбол клубларига машғулот ўтказишга рухсат берилди, Суперлига рестарти яқин
Хабарингиз бор, коронавирус пандемияси сабабли дунёнинг кўплаб мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам футбол учрашувлари ва мамлакат ички чемпионати тўхтатилган эди.
ЎзПФЛ юзага келган вазиятни инобатга олган ҳолда миллий чемпионат баҳсларини давом эттириш бўйича ўз режаларини ишлаб чиққани ва буни Суперлига клублари бош мураббийлари билан муҳокама қилгани ҳақида олдинроқ хабар берган эдик.
Бугун Республика Махсус Комиссияси ахбороти эълон қилинди ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АОКА, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил қилинган Телеграм каналида профессионал футбол клубларига ўз ўқув машғулотларини санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда бошлашга рухсат этилгани маълум қилинди.
Ахборотда, шунингдек, футбол учрашувларини 5 июндан бошлаб давом эттириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
ЎзПФЛ бунга қадар Суперлига ўйинларини 5 июндан бошлаб тиклаш режаларини ишлаб чиққанди. Бироқ бу режага расман рухсат этилиши учун бир неча кун керак бўлди. Шундан ва клубларнинг машғулотларни тўлақонли бошлаб улгурмагани, қолаверса чемпионат рестарти олдидан футболчилар ўз формаларини тиклаши учун бироз вақт керак эканлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон чемпионати айнан қайси санадан старт олиши бўйича алоҳида маълумот берилади.
Республика Махсус Комиссиясининг мазкур қарори футболимиз жамоатчилиги учун жуда қувончли хабар бўлди. Айни вақтда биз учун энг муҳими – эндиликда машғулотларни расман давом эттириш мумкин. Узоқ вақт амалиётсиз қолган футболчилар ўз формасини тиклаб олмасдан туриб ўйинларга киришса, табиийки, жароҳатлар ҳам авж олади. Шу сабабдан расмий учрашувларнинг айнан қачондан давом эттирилиши борасида ЎзПФЛ алоҳида маълумот беради.
Манба: ЎзПФЛ расмий сайти
Фикрлар