Равшан Ирматов: "Иккита олимпиячимиз жамоаси билан келишувга эришдик. Яна учтаси билан музокаралар давом этмоқда"
Бугун ЎФА раҳбарияти ҳамда Олимпия терма жамоамиз бош мураббийи иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов ва термамиз бош мураббийи Тимур Кападзе сўзга чиқиб, журналистларнинг саволларига жавоб бериб ўтишди.
Равшан Ирматов:
- Ассалому алайкум, ҳаммага. Сўзимни бошлашдан олдин йигитларнинг мақсадга етишишларида омад ва муваффақиятлар тилаб қоламиз. Ҳозирда олдинда кутиб турган Осиё кубогига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Шу пайтгача биз бу узоқ кутилган турнирга босқичма-босқич тайёрландик. "Олимпик" лойиҳаси ишлаб чиқилди. Олимпиячилар учун махсус шароитлар яратиб берилди.
Шунингдек, ёшларга ишонч билдирилса, улардан яхши натижалар кутиш мумкин эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Уларнинг муваффақиятлари бизни фақат ва фақат хурсанд қилади.
Умид қиламизки, олдиндаги муҳим турнирда биргаликда ҳаракат қилиб, юртдошларимизни ва футбол ихлосмандларининг ишончини оқлаймиз.
Ҳозирда ёш футболчиларимизнинг алоҳида мавқега эга экани бизни қувонтиради, албатта. ЦСКА, "Ланс" каби жамоаларнинг йигитларимизни қўйиб юборишни истамаётганини улар учун таҳсинга сазовор.
Аммо бу каби мусобақа футболчиларимиз учун доим ҳам бўлавермаслиги мумкин. Тўғри, клублар ФИФА кунлари бўлмагани боис уларни қўйиб юбормасликка ҳаққи бор. Буни биз ҳам тўғри тушунамиз. Шунга қарамай, жамоа раҳбариятига ҳам бу борада ўз фойдамиз учун тушунтириш олиб боришда давом этяпмиз.
Ҳозирча, очиқ ошкор этмайман - иккита олимпиячимиз жамоаси билан келишувга эришдик. Яна учтаси билан музокаралар давом этмоқда. Умид қиламизки, барчаси биз ўйлаган даражада бўлади.
Футбол менежерларининг етишмовчилиги бор. Буни ҳамма жуда яхши билади. Спорт психологияси, спорт менежменти ва шу каби муҳим масалаларда ҳамон етарли кадрларимиз йўқ. Очиғини айтиш керак, юқори даражадаги мутахассислар бизда мавжуд эмас.
Россия, Беларусдан мутахассислар чақирдик. Ҳозирда футбол соҳасида психологларимиз бўлиши мумкин. Аммо уларнинг асосий вазифасига спорт психологияси билан ишлаш кирмайди. Шунга қарамай, бу соҳаларни ривожлантириш бўйича иш олиб боряпмиз.
Фикрлар